1762      14     Машҳурлар, Санъат

Руслан Шариповнинг ҳаёти қандай кечган эди?

🎤 Руслан Шарипов ким?

Қўшиқлари билан кўплаб юракларни забт этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бастакор, таниқли хонанда. Кеча у вафот этди.

🎤 Руслан Шариповнинг ҳаёти қандай кечган?

Руслан Шарипов 1966 йил Самарқанд шаҳрида туғилган. 7 ёшидан мусиқа билан шуғулланган. 16 ёшидан эса катта саҳналарга чиқа бошлаган. Тошкент шаҳридаги Ҳамза номидаги мусиқа билим юртининг «Фортепиано» синфида ўқиган.

Руслан Шарипов ёшлигида

Иқтидорли ижодкор «Болалар», «Байт» каби машҳур гуруҳларни ташкил қилган. «Шаҳзод», «Сетора», «Хўжа» гуруҳларининг кўплаб қўшиқларига мусиқа басталаган. 1989 йилдан қўшиқ куйлашни тўхтатиб, эътиборини фақат бастакорлик ва янги гуруҳлар тузишга қаратган. Ўзи учун атиги йигирмадан ортиқ қўшиқ яратган бўлса, бошқа хонандалар учун 200 га яқин қўшиқ ёзиб берган.

Рашид Холиқов ва бошқалар билан

1980 йиллар охири 1990 йиллар бошида ўзбек эстрадасининг ривожланиши Руслан Шарипов номи билан боғлиқ. У кўп йиллар «Тарона» компаниясида ҳам фаолият юритган. 2002 йилда илк концерт дастури намойиш этилган.

Биринчи турмуш ўртоғи Наргиз Зокирова ва отаси билан Самарқандда

Ҳозир Америка ва Россияда фаолият юритаётган хонанда Наргиз Зокирова унинг биринчи турмуш ўртоғи. Наргиза Зокирова 18 ёшда Сабина исмли фарзандни дунёга келтиради. Бироқ турмушлари узоққа чўзилмайди. Руслан Шарипов хатоларини тан олиб, оиласини тиклашга кўп бор уринади, бироқ Наргиз Зокирова уни кечирмайди. Ҳозир қизи ва набираси 5 ёшли Ноя Наргиза Зокирова билан бирга. Иккинчи турмуш ўртоғи Гўзал Аҳмедова билан Комила ва Ясмина исмли фарзандларини тарбия қилишган.

Фарзандлари билан биргаликда

Фаол ижодий фаолият юритаётган вақтида кутилмаган зарбаларни ола бошлайди. Хорижий телеканалларга нотўғри маълумотлар айтиб, интервью берганликда айбланиб телевидение эфирларидан олиб ташланади. Бу ишни қилмагани аниқ бўлгач, яна туҳматга учрайди. Гиёҳванд моддалар савдоси учун қамалгани ҳақидаги туҳматларга ойдинлик киритилгунга қадар яна экранга чиқмайди. Устига-устак «Хўжа» гуруҳи билан биргаликда бошлаган иши ҳам ортга кета бошлайди. Тадбиркорлик фаолияти касодга учрайди. Мусофирчиликда узоқ муддат қийналган, зах ерларда тунашга мажбур бўлиб, ревматизм касаллигидан азият чекиб яшади.

2016 йил шов-шувга сабаб бўлган суратлар

Жонидан ортиқ суйган иккинчи аёли бошқа инсонни севиб қолгани учун Руслан Шариповни ташлаб кетади. Кетма-кет омадсизликларни кўтара олмай, тушкунликка тушиб, ичкиликка боғланиб қолади. Умрининг сўнгги йилларида пул етишмовчилиги туфайли ўз уйини сотиб, онаси билан яшайди. Лекин кейин ўзини қайта тиклаб олади.

Руслан Шариповнинг онаси ўтган йили вафот этган

Хонанда сўнгги интервьюларидан бирида яна ижодга қайтиши, ҳали ҳаммаси аввалгидек зўр бўлиши, концерт бериш режаси борлиги ҳақида гапирган. «Бу концерт яккахон тарзда бўлмайди. Унда бугуннинг энг ёрқин хонандалари ҳам иштирок этади. Катта шоу узоқ йиллик танаффусга яхши жавоб бўлади», — деган хонанда. Афсуски, ниятлари амалга ошмай, хонанда бу дунёни эрта тарк этди. Кеча унинг вафотига инсульт касаллиги сабаб бўлган.

Кеча Руслан Шариповнинг вафоти ҳақида хабарларни эшитган мухлислар унинг Инстаграмдаги расмий саҳифасига сўнгги хайрлашув сўзларини ёзишмоқда

🎤 Руслан Шариповдан иқтибослар

«Бизни олдинда нималар кутаётганини ҳеч қачон билмаймиз. Бўлиб ўтганларнинг ҳаммаси мен учун синов бўлди, деб қабул қиляпман».

«Режаларим жуда кўп. Соғлиғим тиклангач, ижодимни йўлга қўяман. Кимлардир учун эмас, ўзим учун қўшиқ ёзишни истайман».

Обиджон Асомов билан

Қуйида Руслан Шариповнинг якка ўзи ва бошқа хонандалар билан бирга куйлаган машҳур қўшиқлари кетма-кетлиги эътиборингизга ҳавола қилинмоқда. Бу қўшиқлар нафақат Руслан Шарипов истеъдодига яна бир бор баҳо бериш, балки 10—15 йил аввалги ўзбек эстрадасини ёдга олиш имконини ҳам беради.

Руслан Шарипов — «Йўқчилик йиқитар йигит зўрини»

Руслан Шарипов, «Сетора», «Хўжа» — «Яйра Ўзбекистон!»

Юлдуз Усмонова ва Руслан Шарипов — «Нозанин» («Кабриолет»)

Юлдуз Усмонова ва Руслан Шарипов — «Тегаман»

Руслан Шарипов — «Духтараки Бухоро»

«Болалар», «Шаҳзод», «Хўжа» ва Руслан Шарипов — «Эски шаҳар»

Руслан Шарипов — «Ёқасан»

Бонус

Дилшодабону Ўролова тайёрлади

Facebook
Facebook
Twitter
YouTube
Instagram
Telegram
Vk

14 та фикр билдирилган.

  1. Оллох рахматига олсин афсуски энди у Руслан Шарипов йук уни хакикатдан хам ишлари куп эди

  2. Аллоҳ раҳмат қилсин. Жойлари жаннатда бўлсин. Қолган умрини фарзандларига берсин Яратган.

  3. Охирати обод бўлсин!

    Ажойиб, самимий мақола бўлибди. Раҳмат.

  4. Аллоҳ раҳматига олсин. Ҳақиқий ижодкор ва профессионал ижрочи эди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.