Ўқишга имтиёз бир ёшни қувонтирса, мингини хафа қилади.

Шунда имтиёз кимга керак?

Юртимизда миллионлаб ёш йигит-қизлар кўнглида бир олам орзу билан олий таълим муассасасига ўқишга киришни истайди. Бу йил қандай янгилик бўлар экан, қабул ўринлари кўпаярмикан, деган саволларга жавоб топиш илинжида интизор бўлади. Уларнинг аксарияти ўқишга кира олмаса, келажаги, тақдири қандай давом этишини билмай, чуқур хавотирга тушади.

Кечагина оммавий ахборот воситалари орқали олий ўқув юртларига қабул ҳақида батафсил ахборот берилди. Ҳар тугул қабул ўринлари ўтган йилгига нисбатан ошгани кўплаб ёшларни қувонтирди. Лекин, менимча, ўқишга киришда имтиёзлар берилиши тўғрисидаги янгиликлар чин дилдан ўқиб, тайёргарлик кўриб юрган ёшларимизни ўйлантириб қўйди, ҳатто қалбини оғритди.

Уларнинг ўйлари, оғриқларини тушунишимиз керак.Ўзбекистон Республикаси Конституциясида барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга эканликлари белгиланган. Демак, ота-онаси қаерда хизмат қилиши ёки фуқаронинг айрим ютуқларга эга бўлиши Конституцияда белгиланган меъёрдан устун қўйилиши мумкин эмас.

Нима учундир мактабни аъло баҳоларга битириб, олтин медал соҳиби бўлган абитуриентга ҳеч қандай имтиёз йўқ, лекин республика фан олимпиадалари ғолибларига имтиёз белгиланган. Ёки бўлмасам, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаларига белгиланган имтиёз. Агар шу танловда олий таълимга имтиҳонсиз кириш имтиёзи бекор қилинса, танловда қатнашувчи қизлар таркиби қандай ўзгарар экан?..

Мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимидаги ходимлар фарзандлари учун белгиланган имтиёзни ҳам тушуниш қийин. Шундоғам бу тизимлардаги ходимлар катта имтиёзларга эга. Энди уларнинг ҳисобидан фарзандларига ҳам имтиёз берилиши қанчалик ижтимоий адолат тамойилига тўғри келади?..

Айтайлик, оддий деҳқон ёки боғбоннинг ўқишни дунёдаги ҳамма нарсадан кўпроқ истайдиган қора кўз фарзанди кимларгадир имтиёз берилгани учунгина “йиқилса”, жамият, сиз билан биз унга адолатсизлик қилган бўлмаймизми? Бундай фарзандларнинг қалби синмайдими? Дили оғримайдими?..

Менимча, ҳарбий хизматни намунали ўтаганлик учун тавсия асосидаги имтиёзни ҳам фақат ҳарбий соҳадаги таълимни давом эттиришга татбиқ этиш лозим. Чунки ана шундай имтиёз эгалари ҳисобига ҳақиқий билим ва қобилиятга эга, энг муҳими, ўзи танлаган соҳа бўйича йиллаб тайёргарлик кўрган йигит-қизлар олий таълимда ўқиш бахтидан бенасиб бўлиб қолмоқдалар.

Фикримча, қаерда ўринсиз имтиёз яратилса, ўша жойда коррупция, деган балога кенг эшик очилади. Шунинг учун ҳам узоқ ҳаёт йўлининг бошида турган фарзандларимизни коррупция оғуси билан суғормайлик, бошқаларини эса адолатсизлик билан ҳаётдан норози қилмайлик.

Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: