Ўзбек бокс мактабининг буюк ғалабалари қандай қўлга киритилган эди?

Рио-де-Жанейро Олимпиадаси ўзбек спортидаги  улкан тарихий воқелик бўлди. Унинг кўлами йиллар ўтгани сайин янада салобатли кўриниб, миқёси катталашаверади. Айниқса, чарм қўлқоп усталарининг кетма-кет ғалабаси барчамизни бирдек  ҳайратга солгани ҳам бор гап!

Ёдга олинг-а! Сўнгги икки олимпиада боксчиларимиз учун жуда ачинарли кечди. 2016 йилги Олимпиадани кузата туриб, ғалаба учун пойдевор Риогача қўйилганини илғаш қийин эмас эди. 2014 йилга қадар жаҳон чемпионатлари ва бошқа мусобақалардан қуруқ қайтиш церийаси давом этаётган, Ўзбекистон боксига тажрибали менежер, спорт жонкуяри етишмаётган эди. Боксчилар ўзларини йўналтира оладиган мутахассисни сабрсизлик билан кутишарди. Бундай бошқарувчи – кенг дунёқарашга эга креатив менежер, ўша пайтда федерациянинг биринчи вице-президентлигига тайинланган Шерзод Тошматов бўлди.

Шарқ яккакурашлари вакиллари орасида таниқли бўлган спорт мутахассиси ва замонавий тадбиркорнинг аввалги фаолиятига бир қур назар солган мухлислар унга Олимпиянинг нечоғлик ишониб топширилганини яхши билишади. 2011 йил муай-тай бўйича жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этган Тошматов феномени нафақат ишқибозлар, балки ҳукумат раҳбарларини ҳам бефарқ қолдирмаганди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан моҳир ташкилотчи дея эътироф этилган Тошматов бирор ишга киришдими, уни майда деталларигача синчков ўрганиб амалга ошириши билан назарга тушганди. Мусобақа ҳам тўй сингари – келадиган меҳмонлар аҳвол-руҳиясига қарашу, тадбир ўтадиган жойни дид билан безатишгача мезбон зиммасида. Тошматовда ана шу жиҳатлар устувор эди. Шарқ яккакурашлари бўйича ташкил этилган турли фестиваллар дейсизми, муай-тай бўйича профессионаллар ўртасидаги «Буюк ипак йўли» халқаро турнирларими – буларнинг бари эътирофга лойиқ тарзда уюштирилган тадбир эди.

***

Бокс билан эса бундай бўлиши қийин. Чунки шарқ яккакурашларига нисбатан олимпия оиласи вакиллари табиатан бирмунча инжиқроқ, талаби бир бош юқори туради. Аммо янги раҳбар тез орада қатъиятлилиги, талабчанлиги, муаммолар қаршисида довдираб қолмаслиги, спорт менежерига хос ноёб фазилати билан Ўзбекистонга бокс кайфиятини қайтара олди, жамоа билан тез тил топишди.

2014 йил Ўзбекистон бокс федерацияси вице-президентлигига тайинлангач, Шерзод Тошматов бу масъулиятли ишни ўта эҳтиёткорлик билан бошлади. Давлат ва ҳукумат раҳбарияти томонидан спортни ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибордан руҳ ва куч олди. Олдига қатъий мақсадлар қўйди, яхши жамоа тузди, терма жамоа таркиби ва мураббийлар штабини шакллантирди.

…Мутахассис ишни биринчи навбатда селекциядан бошлади. Жамоа  мукаммал ўрганилди. Мураббийлар эътирозига қарамай, Тошматов терма жамоани қайтадан шакллантирди. 2015 йил Қатар мезбонлик қилган жаҳон чемпионатига астойдил ҳозирлик кўрилди, натижада 3 та кумуш ва 3 та бронза медаль қўлга киритилди. Бу ютуқ бир йилдан сўнг Риодаги Олимпиадага борадиган терма жамоа кучга тўлиб бораётганини амалда кўрсатиб берганди. Умумжамоа ҳисобида эришилган медалларга кўра жадвалда 7-ўрин асл салоҳиятимизга мос эмас, деган ишонч пайдо бўла бошлади.

Кўпчиликнинг ёдида бор, АИБА билан халқаро алоқаларни тўғри йўлга қўя олган Тошматов тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси олдидан бокс бўйича  катта турнирлар: Бутунжаҳон бокс церийаси (WSB) ҳамда APB саралаш мусобақаларини ҳам пойтахтимизда ташкил этишга муваффақ бўлди. Бутунжаҳон бокс церийасида юртимиз шарафини “Uzbek Tigers” жамоаси ҳимоя қилди. Тўғри, бу жаҳон чемпионати эмас, лекин бу турнирда ҳам дунёнинг етакчи боксчиларидан таркиб топган жамоалар иштирок этди. Ўзбекистонлик мухлислар қувончини айтмайсизми?! Одамлар бокс билан ухлаб, унинг муҳокамаси билан уйғонадиган бўлишди.

Юртимизга ҳали қадами етмаган Куба, Англия, Россия, Венесуэла, Буюк Британия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг кучли боксчилари иштирокидаги ажойиб бокс кечаларини мухлислар завқ билан томоша қилишарди. Тошматов феномени шу ерда ҳам бор бўй-басти билан намоён бўлди – мусобақаларни ташкил этишда ҳеч бир жиҳат эътибордан четда қолмади. Мухлислар нафақат Тошкентда, ҳатто Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ҳам баҳсларни жонли кўриш имконига эга бўлишди. Бокс бутун шукуҳи билан мамлакатга қайтди, каттаю кичикда забардаст ўғлонларга нисбатан ишонч ҳисси ортди.

***

Яна Риога қайтамиз. Федерация раҳбарияти ўша пайтда иқлим шароитига мослашиш, спортчилар руҳиятига салбий таъсир қиладиган омилларни йўқ қилиш мақсадида бокс гегемони ҳисобланган Куба жамоаси билан илк маротаба ҳамкорликда йиғин ташкил этди. Олимпиададан бир ой аввал Риога борган жамоа якунда “Rio–2016”дан 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаль билан қайтди. Ўзбек бокси олимпия тарихида илк бор манаман деган жамоаларни ҳам ғафлатда қолдирди, умумжамоа ҳисобида Куба, Россия, Қозоғистон каби асосий таъқибчиларини ортда қолдириб, тенгсиз бўла олди. Биз боксда дунёнинг энг кучлиларидан бирига айландик!

Ўша йилнинг декабрь ойида Шерзод Тошматов Осиё бокс федерациясининг вице-президенти этиб тайинланди.  АИБАнинг  ижроия қўмитасидаги энг ёш аъзо сифатида овоз бериш ҳуқуқи билан фаолиятини давом эттирди.

2017 йилнинг 30 апрель–7 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтган Осиё чемпионати Ўзбекистон бокс терма жамоасининг мутлақ ғалабаси билан якунланди. 10 та вазн тоифасида ўтган чемпионатнинг 9 вазнида олтин медаль соҳиби бўлган йигитларимиз Осиёда янги рекорд қайд этди – қитъа бокс тарихида илк маротаба 90 фоизлик натижага эришди.

Ғалабалар серияси давом этди. 2018 йил Индонезиядаги Осиё ўйинларида 7 та медалнинг 5 тасида олтинга эга бўлган асосий таркиб   вакиллари қитъада ҳам биринчи бўлди.

***

Ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён юради. Машҳур мураббийлардан бири Анатолий Тарасовнинг бир гапи бор: «Ҳаётда иккинчи бўлимнинг ўзи йўқ, қиладиган ишинг ва вазифаларингни биринчи бўлимда бажариб ол». Ўз вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган, нафақат Осиё ва жаҳон, балки Олимпия ўйинларида ҳам натижа кўрсата олган Тошматов шахсига нисбатан турлича қарашлар ва босим пайдо бўла бошлади. 2018 йилда мамлакат спортининг янги раҳбарияти Бутунжаҳон бокс церийаси (WSB)да Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб келаётган “Uzbek Tigers” жамоаси фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Федерация вице-президенти иш фаолиятига аралашувлар унинг ишчанлик кайфиятига салбий таъсир кўрсатди. Аммо бу Шерзод Тошматовни руҳан синдира олмади.

Аксарият ҳолларда раҳбарлар айнан иш кўрсатаётган, юқори натижа қайд этаётган мутахассисларнинг ишидан камчилик топишга, уларга халақит беришга, ижобий натижаларни салбий томонга буриб юборишга уринишади. Айниқса, спорт соҳасида бу қимматга тушиши мумкин. Ортида баркамол ва соғлом авлодни тарбиялаш, Ватан шаъни ва обрўси, олимпия ғояларини тарғиб этишдек масъулиятли, залворли вазифа турганда, тирноқ остидан кир излаш ва шу орқали жараёнга аралашиш кимларгадир ёқар, лекин ундан давлат, халқ зарар кўришини била туриб, шахсий адоват туфайли Тошматов амалга оширган ишларни чиппакка чиқаришга уринганлар ҳам кўп бўлди.

Қарийб бир йилдирки, ўз фаолиятидаги учинчи спорт ташкилотига раҳбарлик қилиб келаётган етакчи спорт менежерига Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раислиги ишониб топширилди. Бу ерда ҳам у яхши жамоани шакллантира олди. Мақсад – ўзбек таэквондоси ютуқларини Олимпиадаларда намойиш этиш.

16 ноябрь куни Миллий Олимпия қўмитасининг Бош Ассамблея йиғилиши ўтказилди. Унда ташкилий масалаларга  эътибор қаратилди. Хусусан, кун тартибидан ташкилотга янги раис ўринбосарини  сайлаш масаласи ҳам ўрин олди. МОҚ раҳбари спорт фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида жорий этилган янги раис ўринбосари вазифасига номзод бўйича ҳам таклифини илгари сурди. У пандемия шароитида тезкор штаб ташкил этилгани, спорт федерациялари ва ассоциациялари ишини мувофиқлаштиришга эҳтиёж туғилаётганига алоҳида эътибор қаратди. Делегатлар раис ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимига кўрсатилган номзод – Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Тошматовни бир овоздан маъқуллади.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом авлодни тарбиялаш, юртимизда олимпия ҳаракатини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Ана шу ислоҳотларнинг фаол тарғиботчиси ва изчил амалга оширувчиси сифатида ўзбек спортида ўз ўрнига эга Шерзод Тошматов келгусида ҳам зиммасига юклатилган масъулиятли ишда туб бурилиш ясаб, спорт равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишига ишонамиз.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: