Ўзбек мушкетёри

“Спорт фақат футбол ёки боксдан иборат эмас”.

Бир устозимнинг айтган ушбу гаплари айни ҳақиқат. Аксарият инсонлар спорт деганда футболни тушунишади.  Ваҳолангки, шахмат, каратэ, оғир атлетика, қиличбозлик каби спорт турлари ҳам борки, унда кўплаб спортчиларимиз азалдан юқори ўринларга даъвогар бўлиб келган.  Шубҳа қиляпсизми? Унда сизга бир савол: қиличбозлик спорт турида Олимпиаданинг кумуш медали совриндори, уч карра жаҳон ва Европа чемпиони, икки карра нуфузли Жованини Кубоги соҳиби бўлган ўзбекистонлик спортчини биласизми? Қизиқ-а… қуйида ана шу инсон фаолиятига назар ташлаймиз.

Алкесандр Дюманинг “уч мушкетёр” асари билан танишмисиз? Бизнинг ҳамюртимиз ҳам том маънода улар каби мушкетёр, фақат ягона Мушкетёр. Бу спортчимиз Собир Рўзиев. У 1953 йилда таваллуд топган. Унинг болалик чоғларида барча футболга қизиқар, ёш-у қари бирдек “Пахтакор”га мухлислик қилар эди. Қаҳрамонимиз ҳам ақлини таниганидан бошлаб тенгдошлари cингари футболга ошно тутинган. Собир Рўзиевнинг футболга бўлган меҳри уни “Пахтакор” стадиони томон етаклайди. Ўша вақтларда йилига икки маротаба “Пахтакор” тайёрлов гуруҳига қабул бўларди. Бироқ Рўзиев ҳар доим мураббийлардан рад жавобини олиб қайтарди. Шунга қарамай, унинг кўнгли футболдан совумайди. Бўш вақтларида майдонга бориб, дарвоза ортига чиқиб кетган тўпларни олиб келиб турарди. У футболга қанчалик қизиқмасин, барибир футболчи бўлиш насиб этмади. Тақдир чархпалаги уни қиличбозлик оламидаги энг машҳур шахслардан бирига айлантирди.

     Мактаб йилларида у жисмоний тарбия ўқитувчисининг тавсияси билан қиличбозлик тўгарагига қатнаша бошлайди. Унинг чапақай бўлганлиги баҳсларда унга устунлик берар эди.

Собир Рўзиев қиличбозлик оламидаги дастлабки ютуғига 1966 йилги “Самарқанд юлдузлари” турнирида эришади. Ўшанда у барча рақибларидан устун эканлигини намоён қилган ҳолда, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олади. Шундан сўнг, унинг фаолиятида фақат парвозлар бўлди. У шижоати ва иқтидори сабаб СССР терма жамоаси мураббийлари эътиборига тушади ва терма жамоага жалб қилинади.

Собир Рўзиевнинг ҳаётидаги энг унутилмас мусобақалардан бири 1972 йили Испания пойтахти Мадрид шаҳри мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати эди. Ушбу мусобақада жамоавий баҳсларда олтин медални қўлга киритиб, шахсий баҳсларда кучли тўртталикка киради. Мадриддаги жаҳон чемпионатида Халқаро олимпия қўмитасининг ҳозирги президенти Томас Бах, халқаро қиличбозлик федерацияси президенти Алишер Усмонов, Беларус спорти афсонаси Александр Романков сингари кейинчалик машҳурлик даражасига эришганлар иштирок этган. 1974 йилда Рўзиев собиқ СССР катталар терма жамоасига қабул қилинди ва 1983 йилга қадар унинг тўлақонли аъзоси сифатида фаолият олиб борди.

Спортчимизнинг  халқаро майдондаги ютуқлари ҳавас қилса арзигулик.  У 1980 йили Москвада ўтган ХХ Ёзги олимпия ўйинларининг жамоавий баҳсларида кумуш медални қўлга киритади. 1979 йили Мелбурн, 1981 йили Клермон-Ферран шаҳарларида ўтказилган жаҳон чемпионатининг жамоавий рапира баҳсларида олтин медални қўлга киритди. 1975 йилда Венгриянинг Будапешт шаҳри мезбонлик қилган дунё биринчилигида эса кумуш медалга эга чиққан. 1977 йили Аргентинанинг Буенос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан эса бронза медали билан қайтган.

Собир Рўзиевнинг қиличбозликдаги кўп йиллик меҳнатлари халқаро эътирофга ҳам сазовор бўлган. У Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё олимпия қўмитаси ҳамда Миллий Олимпия қўмиталари Ассоциацияси орденлари билан мукофотланган. У турли йилларда Ўзбекистон спорт вазири, Миллий олимпия қўмитаси президенти лавозимларида ишлаган.

 Кўрдингизми, бизнинг диёрда қандай иқтидор соҳиблари етишиб чиққан. Нима дедингиз, фикрдош?

Сухробжон САДИРОВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: