Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг Президентга мурожаати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларидан

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Биз кейинги йилларда мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлардан, унинг замирида амалга оширилаётган иқтисодий, маънавий, маърифий ислоҳотлардан беҳад мамнунмиз. Айниқса, мамлакатимизнинг ҳар жиҳатдан тараққий этиши учун муносиб ҳисса қўшаётган ёзувчи-шоирлар моддий ва маънавий ҳаётига алоҳида эътибор қаратаётганингиз жуда севинарли ҳодиса бўлди.

Бу йўналишда Сизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги ПК – 2660, 2017 йил 23 октябрдаги ПК-3350 сонли қарорларингиз ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 июндаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 451 сонли қарори 2020 йил 28 январдаги 37-Ф сонли фармойишлари ва Сизнинг 5.04.2018 йилдаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорингиз имзоланган эди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали уй-жой қуриш ишлари бошланган эди.

Мамлакатимизда яшаб фаол ижод қилаётган, уй-жойга муҳтож Уюшма аъзолари учун уй-жойлар ажратила бошлаганида бизнинг бошимиз кўкка етди. Шу миллат тараққиёти ва равнақи йўлида ижод қилаётган ижодкорлар учун бу – шаҳар кўчаларида ижарама-ижара юриш, ижарадорнинг рангу рўйига сарғайиш каби машаққатлардан халос бўлиш, шунинг баробарида бутун кучини миллий адабиётга сафарбар этиш учун бир аванс эди.

Биз банк билан шартнома тузиб ўзимизга ажратилган уйнинг бошланғич пулини тўлаганимизга яқинда икки ой тўлади. 1-2-3-4 уйлардан квартира олганлар уйни тўлиқ ўз номимизга расмийлаштириб ҳам олдик, энди эса банкка ойлик фоиз тўлашни бошладик. Бироқ 3-4 уйларнинг поллари қоқилмаган, газ-плита, йўқ, унитаз, раковина, каби сан-техника ускуналари қўйилмаган, жуда тор-каталакдек уйлар ҳатто сувоқ қилинмаган, деворларига гипсокартон қоқиб ташланган. 5-6-7 уйлар эса фақат коробка ҳолида турибди, холос. Бундай кўзбўямачиликнинг кимга кераги бор?

Уйларда қурилиш ишларини охирига етказиш учун ҳалиям уста ва қурувчилар иш бошламади. Бу боришда уй номимизда туриб эскирмайдими? Биз билан шартномада белгиланган “Харидор” Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси бир неча марта якка шахслардан тушган оғзаки аризаларга ҳеч қандай жавоб қайтаргани йўқ. Сизнинг қарор ва фармонларингизга нисбатан бундай бепарво муносабатни қандай изоҳлаш мумкин?!

Ахир Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 12 июндаги “Тошкент шаҳрида барпо этилаётган уйларни қуриш ва ободонлаштириш ҳамда расмийлаштириш ишларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида эса ушбу уйлардаги қурилиш ишларини тўлиқ якунлаб 15 июлга қадар тантанали топшириш вазифаси белгиланган эди. Бироқ 2016 йилда қуриб бошланган уй қарийиб тўрт йилдирки, чалалигича турибди.

Ушбу уйдан олаётганларнинг кўпчилиги ижарада турадиган ёзувчи-шоирлардир. Улар эртага ҳам ижара пули тўлаб, ҳамда яшамаётган квартираси учун банкка кредит фоизини тўлай олмасликлари аниқ. Шуларни инобатга олган ҳолда бизнинг уй-жой билан боғлиқ муаммоларимиз ижобий ҳал бўлиши учун амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.

Ҳурмат билан
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: