Қосим-Жомарт Тоқаев

Нима учун машҳур?


Қозоғистон Республикаси Президенти. Сиёсий фанлар доктори. Россия биографик жамияти томонидан “Йил одами-2018” совриндорларидан бири. Бугун унинг туғилган куни.

Қандай машҳур бўлган?


Қосим-Жомарт Тоқаев 1953 йил 17 май куни Олма-отада туғилган (67 ёш). Отаси Кемель таниқли қозоқ ёзувчиси, Қозоқ ССР Олий кенгаши Президиуми аъзоси бўлган. Қосим-Жомарт ўрта маълумотни Владимир Жириновский ўқиган мактабда олган. 1970 йил СССР ташқи ишлар вазирлигининг МГИМОга ўқишга киради. 1975 йилдан Ташқи ишлар вазирлигида (Сингапур, Хитой элчихоналарида) ишлай бошлайди. 1994 йил Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири этиб тайинланади. 1999 йил Президент фармони билан Бош вазир бўлади. Аммо 2002 йилда истеъфога чиқиб, давлат котиби — ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритади. 2007 йил Қозоғистон парламенти Сенати раиси этиб сайланади. 2011 йилдан 2013 йилгача БМТнинг Женевадаги ваколатхонаси бош директори бўлади. 2013 йилдан 2019 йил 20 мартгача яна Қозоғистон Парламенти Сенатининг раиси вазифасини бажаради. 2019 йил 20 мартдан Қозоғистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи. 9 июнда Қозоғистон Республикаси президенти этиб сайланади. Президент сифатида қилган илк ишларидан бири Остона шаҳрининг номини Нур-Султонга ўзгартирган. Биринчи давлат ташрифини эса Россияга амалга оширган. Қосим-Жомарт шовқинни хуш кўрмайди, бўш вақтида китоб ўқиш ва сайр қилишни маъқул кўради. Стол тенниси унинг севимли спорт тури. Рус, инглиз, хитой ва француз тилларида бемалол сўзлаша олади. Рафиқаси Надежда Тоқаева билан ажрашган. Ўғли Тимур Тоқаев йирик тадбиркор. Ёшлигидан оиласида туғилган кун нишонланмагани сабаб бугун таваллуд айёмини ўтказмайди. Бир неча дақиқа аввал Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентини таваллуд куни билан самимий табриклади.

Машҳур нима дейди?


“Нурсултон Назарбоев 3,5 йил аввал «Сен кейинги президент бўласан» деб айтганди. Бу вақт масаласи эди, биз керакли онни танлагандик”.
“Тан олишим керак, президентлигимнинг илк кунларида ўзимни ғалати ҳис қилганман, айниқса тадбирларда. Ҳамма «президент, президент» дейишарди, мен эса ортимга қайрилиб, Нурсултон Абишевич келибдими, деб ўйлардим. Аммо яхши нарсага тез ўрганар экансан”.
“Тўғри, ислоҳотлар керак, аммо уларни синчковлик билан ўйлаб кўриш ҳам керак, акс ҳолда улар фақат зарарга ишлайди”.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: