Мени автомашина нархидан кўра ҳудудларда мактаб ёки уйини иситолмай қолаётган одамлар кўпроқ ўйлантираяпти…

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров Ўзтрансгаз, Ўзбекэнерго, Ўзавтомоторс ҳақида:

Куз-қиш мавсуми бошланди. Газ ва электр етишмовчилиги кун тартибида… Тошкентдан буни ҳис қилиб бўлмайди, Жиззахда Форишга, Самарқандда Иштихонга, Навоийда Конимехга ёки водий вилоятларидаги бир қанча туманларга бориб яшаб кўриш керак.

Нега бу етишмовчилик ҳеч ҳал бўлмайди? Газ ёки электр йўқми? Бор, лекин узоқ жойларга ресурсларни етказиб берадиган тармоқлар яроқсиз. Бу тармоқлардан фойдаланиш – ресурсларни ҳавога сочиб юбориш билан тенг. Ким таъмирлаши керак? Газ ва электр ишлаб чиқарувчи компаниялар. Нега таъмирламайди? Чунки бу компаниялар ишлаб чиқарган маҳсулотини сотишдан фойда кўрмайди. Демак, биз истеъмол қилаётган газ ва электр энергияси учун қисман тўлаймиз? Бизни ўрнимизга ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлар кўпроқ тўлайдилар ва қолган қисми бюджетдан қопланади.

Ўзтрансгаз ҳам, Ўзбекэнерго ҳам Ўзавтомоторсга ўхшаган монополияку?

Зарар келтириб кўраётган фойдамиз ҳақида оғизни юмиб, фойда келтираётган зараримиз ҳақида аюҳаннос соламиз.

Ҳукумат одамлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган маҳсулотларни тўлов қобилиятига мослаштириш учун бир қисмини тадбиркорлардан, бир қисмини бюджетдан қоплайди. Бюджет ҳам бизнинг пулимиз, дейишингиз мумкин, тўғри, лекин инсоф билан ўйлаб кўрайлик, чой қошиқда қўшиб, косада оламизми?

Гап нархда эмас, даромаднинг пастлигида эканлигини тушуниб етишимиз керак.

Шу билан бирга, бир эмас, бир нечта машина сотиб олишга имконияти бўлганлар бор. Ҳалол бўлса қаддини урсин, буюрсин. Улар вақтида “шапка” ҳам бериб сотиб олган, бугун ҳам сотиб олаяпди шекилли, автомашина сотилиши камаймаяпди. Демак, талаб бўлган маҳсулотни қимматроқ сотиш ҳисобига, аҳоли учун муҳим бўлган товарларни арзонроқ сотиш имконияти бор экан. Монополияларни фақат “ўғрилар” деб хақорат қилавермасдан, улардан одамлар юкини енгиллатиш учун тизим сифатида фойдаланилаётган бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўриш керакдир, балки?


Яқинда Президент фармони имзоланди. Бутун мустақиллик даврида илк маротаба хақиқий трансформация бошланади. Ўзавтомоторс ҳам, Ўзтрансгаз ҳам, Ўзбекэнерго ҳам ўзгаради. Балки автомашина арзон бўлар, тор йўлларимиз автомашина хажмини икки баробар ортишини кўтарадими, бу бошқа масала, лекин сув, газ ва электр учун нархлар ўзгарса керак. Компанияни фойда кўриш учун сотиб оладиганлар бюджетнинг субсидияларига қарам бўлиб ўтиришга рози бўлмасликлари аниқ.

Автомобил сотиб олиш имконияти борлар ҳозиргидек яна ҳеч нарсани сезмайдилар, газ ва электр учун 1 эмас, 2 миллионни тўлаб қўяверадилар. Лекин, даромади кам, автомобил сотиб олиш яқин ўн йиллик режасида бўлмаган, газ учун 200 минг сўмни ҳам тўлай олмасдан, қарзга ботиб қолаётган оддий одамларга яна қийин бўлади. Мантиқан ўйланса, “қиммат” деб жар солаётган
“халқпарварлар” оддий ҳалқ ҳақида қайғуришмаяпди.
Ижтимоий тармоқларда “оҳ-воҳ” қилаётганлар икки кун электрсиз ўтириш нималигини биладилар деб ўйламайман. Қолаверса, автомобил сотиб олишга имконияти борлар бундай меҳрибончиликка муҳтож эмасликларини исботлаш учун машина сотиб олишда бардавомлар… Бу хақиқий ҳолат! Мен ўйлаб топаётган нарса эмас.

Муаммоларни осмондан ёки тоғ ортидан кимдир келиб ечиб бермайди. Ўзбекистонни тезроқ оёққа туриши биз ва болаларимиз учун керак.

Мени автомашина нархидан кўра ҳудудларда мактаб ёки уйини иситолмай қолаётган одамлар кўпроқ ўйлантираяпти. Уларга энергоресрусларни етиб бормаётганига арзонлаштирилган электр ва газни истеъмол қилаётган, керак бўлса исроф қилаётган ҳаммамиз сабабчи бўлмаяпмизми? Улар ижтимоий тармоқларда фикрларини ёзмайдилар, бечора Дон Кихотларни шамол билан жангга чорлаётган троллардек шовқин кўтармайдилар.

Ижтимоий тармоқларда халқни ўйлаётгандек кўринаётганлар аслида уларнинг оғирини яна оғирлаштирмоқдалар, холос.

Ҳар бир инсон ўзи, оиласи ва атрофидагиларнинг манфаатларида мувозанатни англай олмагунича интилаётганимиз шаффоф жамият шаклланмайди. Ўзгармасак Ўзбекистон ўзгармайди.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

2 thoughts on “Мени автомашина нархидан кўра ҳудудларда мактаб ёки уйини иситолмай қолаётган одамлар кўпроқ ўйлантираяпти…

  1. Узбекистон манаполияга ютказаверса хэч качон узгармайди газ билан свет колувди нархи ошмаган

  2. Камбаг’ални даласига сув бермасдан, фак,ат у’зини даласини суг’ориб , су’нггида камбаг’алга к,араб- сени далангга сув берсак хавога парланиб кетяпти…- демок,чими бу!?

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: