Қаламини ол! Амалдорнинг “деворига чизиб” қўймасин

Яқинда қорақалпоқ журналистлари ва блогерлари билан содир бўлган воқеадан ҳамма хабардор. Яъни 25-26 июль кунлари бир қатор журналистлар, блогерлар Репост.уз сайтидан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси Муса Эрниёзовнинг коронавирусдан вафот этгани ҳақидаги ёлғон хабарни ўз каналларида тарқатганлиги сабабли тунда прокуратурага чақиртирилган, олиб кетилган. Суриштирув жараёнида уларнинг телефон ва ноутбуклари олиб қўйилган.

Цензуранинг бир тури

Бу масала юзасидан, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда 27 июль куни Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вазиятга ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ёзма мурожаат йўллади. Мурожаатга ҳали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши жавоб берганича йўқ.

Аммо айни дамда мен бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. Кеча ушбу хабардан сўнг, Венгриядаги цензура ҳолати ҳақида Ольга Просвированинг мақоласига кўзим тушди. Унда Венгриянинг етакчи мустақил ОАВ ходимлари ҳукумат улар фаолият олиб бораётган нашрларни йўқ қилишга уринаётганини айтиб, истеъфога чиқиш хати ёзганликлари, бундан бир ой аввал Индекс порталининг бош муҳаррири давлат томонидан ўтказилаётган тазйиқ ҳақида гапиргани учун лавозимидан четлатилганлиги, порталнинг бошқа журналистлари эса бу эркинликка нисбатан очиқ босим эканлигини таъкидлаб, муҳаррир Сзаболк Дуллни қайтаришларини сўраганлари ва раҳбарият рози бўлмаганлиги учун 70 га яқин журналист истеъфо аризасини ёзганлиги айтиб ўтилган. Бундан ташқари, бу ҳолат Венгрияда илк марта бўлмаётгани, 2010 йилдан бери ҳукумат ОАВ эркинлиги, мустақиллиги ва плюрализмини мунтазам равишда йўқ қилишга урингани ҳам муаллиф томонидан таъкидланган. Бунга мисол қилиб, Индекс нашрида 20 йил ишлаган журналист Андраснинг “Ўз овози билан ҳар қандай мувоффаққиятли журналистга Венгрияда иш топиш қийин бўлади”, деган фикри ҳам келтирилган. Европа Иттифоқи раҳбарияти томонидан огоҳлантиришларга қарамай, Венгрия ҳукумати ОАВга бўлган муносабатини ҳалигача ўзгартиргани йўқ.

Венгрия 89-ўринда

Энг қизиғи шундаки, бугунги кунда “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида Венгрия 89-ўринни эгаллаб турибди. Менимча, бу журналистларнинг ўз фикрига эгалиги ва доимий равишда ўз ҳуқуқларини талаб қилиб бориши туфайли.

Ўзбекистон 156-ўринда. (67 ўрин паст)

Аммо бизда ОАВ ва журналистлар ҳақиқатни ёритиш ҳамда сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланишда ҳали бу натижага эришганича йўқ. Яқиндагина Андижон ҳокимининг журналистлар ва блогерлар билан бўлиб ўтган учрашувидаги ҳолат буни яққол кўрсатиб қўйди. Бундан ташқари, фалончи тумандаги фалончи мактабни таъмирлаш учун ажратилган пулни фалончи амалдор жиғилдонига урганини ҳамма билади, лекин ҳеч ким шу шундай қилди деб айта олмайди. Бундан келиб чиқиб, бизда ҳали ўз-ўзига нисбатан цензура ҳам кучли эканлигини билиш мумкин. Бироқ бунинг ҳам асосий сабаби ҳукумат ва ундаги амалдорлардан қўрқиш. Жуда кўпчилик журналистлар “тўғри гапнинг тўқмоғи”дан чўчиб, вазиятларни очиқ-ойдин ёритишга ботина олмайди. Оқибатда одамларнинг норозилиги кучайиб бораверади.Мени қийнайдиган жиҳат, ҳокимиятга бундан нима фойда? Журналист айтолмаса ҳам, уни халқаро ташкилотлар айтиб чиқяпти-ку! Натижада ёлғон-яшиқ маълумотларни тарқатаётган айрим савиясиз блогерлар ҳам кўпайиб кетмоқда.

Натижада одамлар нопок амалдорни эмас, балки давлатни ёмон кўриб қолишига сабабчи бўляпти.Инсонлар онгини ўз ватанидан безиш, ўзга юртларга бўлган ҳавас, у ерда таъминлаб берилиши мумкин бўлган инсон ҳуқуқлари афзалликлари каби тушунчалар эгаллаб олмоқда. Ақли бор, билими бор, интеллектуал қобилияти ривожланган ёшлар яхши таълим тизими, адолатли сиёсат ва халқ ҳаққига кўз тикмайдиган амалдорлари бор давлатни истайди. Бизда эса оддий одамларни алдаш, сифатсиз таълим, ёлғон ваъдалар билан овоз йиғиш, Президент сиёсатини суиистеъмол қилиб, пулларни талаш давом этмоқда. Токи, очликдан силласи қуриган оиланинг ҳаққини ўзлаштирган амалдорлар қолиб, нуфузли манбага ишониб, ахборот тарқатган журналист, блогерлар тунларда қонунга зид равишда суриштирув қилинар экан, бу ҳолат давом этаверади. ОАВда буни ёритиши керак бўлган журналист эса уйдаги мункиллаб қолган онасига, мўлтиллаб турган фарзандларига бир назар ташлаб, барчасига қўл силтайди.

Хуллас, ҳукумат жим турса, амалдор жазоламоқ истайди, амалдорлар жим турса, унинг ортидагилар тинч ўтиролмайди. Ҳеч бўлмаганда онаси “Қўй, болам, бошингга бало орттирма”, дейди. Бу цензураларни ёриб чиқишдек “қурбонлик”ка тайёр журналистлар эса тазйиққа учрайди. Менимча, энди тушунарли, нега Венгриядан қуйида, 156-ўринда эканлигимиз.

Гулоро Юсупова,
ЎзЖОКУ талабаси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: