Гдлян бошлиқ гуруҳ уни уч йил тергов қилса ҳам ҳеч кимга қарши кўрсатма ололмаган

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, эзгу ишлари, яхши амаллари билан халқ юрагидан жой олади. Уларни элимиз эъзозлайди, доимо қалбида сақлайди. Азим Тиллаевни нафақат каттақўрғонликлар, балки Самарқанд вилояти аҳли фахр билан эслайди.

А.Тиллаев 1940 йилнинг 20 нояб­рида Каттақўрғон шаҳрида таваллуд топ­ган. Билимга чанқоқ Азим Каттақўрғон шаҳридаги 5-мактабни тугаллагач, Са­мар­қанд зооветеринария техникумида ўқий­­ди. 1957 йилда Нуробод (илгариги Советобод) туманидаги Улус хўжалигида иш бошлайди. Чорвачиликни ривожлантириш йўлида изланади. Ундаги ғайрат ва шижоатни сезган раҳбарият ишонч билдириб, дастлаб Каттақўрғон, кейинчалик Иштихон тумани ёшларига етакчиликка таклиф этишади. 1966 йилда Самарқанд вилоят партия комитети қишлоқ хўжалиги бўлимида ишлаш билан бирга Тошкент ва Москвадаги олий партия мактабида таҳсил олади. Ўқиш даврида илмий ишга ҳам қўл уриб, қоракўлчиликни ривож­лантириш борасида изланади. Меҳнати самараси сифатида Ўзбекистоннинг қоракўл терилари Москвадаги халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси орқали Европа мамлакатларига сотилади.

…1987 йилнинг айни ёз фасли эди ўшанда. Турмуш ўртоғим билан туман газетасида бирга ишлардик. Навбатдаги меҳнат таътилимизни олгач, соғлиғимизни тиклаш учун Чирчиқ шаҳридаги санаторияга йўлланма берилди. Фарзандимиз Нурбекжон эндигина 1,5 ёшга тўлганди. Уни уйда қолдира олмай, ўзимиз билан бирга олиб кетдик. Деярли ҳар куни ошхонадан чиққач, санатория ҳудудида сайр қилиш одатимизга айланди. Шундай кунларнинг бирида Нурбекжон ўриндиқда суҳбатлашиб ўтирган Муҳаммади ота ва Хосият момо ёнига “бобожон-моможон” деб югуриб борди. Улар бундан хурсанд бўлишди.

– Энди сен бизнинг набирамиз бўлдинг, – деди Муҳаммади ота ва менга та­йинлади. – Насиб этса набирамни Нуротага олиб борасиз. “Чашма”ни зиёрат қилдираман…

Шу тариқа “бобо-буви ва набира” бўлиб, дам олиш муддати тугагунча Нур­бекжон уларнинг олдидан жилмади ҳисоб. “Набира” баҳона бобо ва буви билан самимий суҳбатда бўлардик.

Азим Тиллаев туманга маданият-маърифатни олиб кирган инсонлардан биридир. Ўзи бош бўлиб кинотеатр, мактаб-интернат, шифохона ҳамда туғруқхона би­но­ларини қурдирган. Йўллар, кўчалар ободончилигига алоҳида эътибор қаратди. Истироҳат боғи ташкил этилишидаги хизматини алоҳида таъкидлаш лозим.

Азим Тиллаев ҳақида гап кетганида, кўз ўнгимда адолатпарвар, ташаббус­кор, дили пок, қалби тоза, хушчақчақ, самимий ва қувноқ инсон гавдаланади, – дейди Самарқанд вилоят нуронийлари етакчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов. – Ўзига топширилган вазифани сидқидилдан бажарарди. Ёшларнинг таълим-тарбияси йўлида кўп хизмат қилган инсон сифатида уни яхши биламан. Нурота туманида чорвачиликни ривож­лантириш мақсадида астойдил ишлади. Ундаги шижоат ҳали ҳамон кўз ўнгимда.

Каттақўрғон шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Баҳриддин Шомаматов Азим Тиллаев билан тенгдош бўлиб, унинг Иштихон туманида ёшларга етакчилик қилган даврини, яйловлардаги қўй-қўзиларни сув билан таъминлаш учун қудуқлар қаздириб, ҳар бир чўпон отарига электр энергияси тармоғини олиб борганини, насослар орқали сув чиқариб, чорвадорларнинг оғирини енгил қилганини ҳам мамнуният билан эслайди.

– Азим Тиллаевнинг саъй-ҳаракати билан “Чўпон таёғи ерда қолмасин!” ташаббуси республика бўйича оммалашиб, пенсия ёшига етган чорвадорларнинг чўпон таёғини уларнинг фарзандлари олиб, отамерос касбини давом эттиришди, – дейди Баҳриддин ака сўзининг охирида.

Азим Тиллаев Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида илмий ходим бўлиб ишлаган пайтида “Қишлоқда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечиш” мавзусидаги номзодлик диссертациясини ёқлайди ва “Иқтисод фанлари номзоди” илмий даражасига эга бўлади, қоракўлчиликни ривожлантиришга оид бир неча ўқув-услубий қўлланмалари чоп этилади.

1971 йилда Шароф Рашидовнинг назарига тушган Азим Тиллаев 31 ёшида Нурота туманига раҳбар этиб тайинлангач, ундаги масъулият ҳисси янада ортади. Раҳбарлик қобилиятини намоён этиш, ҳар бир ишни виждонан бажариш орқали бу фидойи инсон одамлар кўнглига йўл топа олди.    

Нуротага борганимда кенг ва равон кўчалар, обод ва кўркам хиёбонлар, бир-биридан шинам биноларга кўзим тушади. Шунда яратувчилик, бунёдкорлик ишларига Азим Тиллаевнинг меҳнати сингганидан қувониб, у билан сафдош бўлганлардан ибратли ҳикояларни эшитаман.

– “Чашма” зиёратгоҳи қошидаги Ну­ро­та табиий-меъморий мажмуа-музейи­да Азим Тиллаевнинг Нуротадаги фаолиятидан ҳикоя қилувчи манбалар ўрин олгани унинг ибратли ишларига берилган юқори баҳодир, – дейди музей директори Абдурауф Шукуров. – Халқ турмуш даражасини яхшилаш, истиқболли режалар асосида Нуротани обод ва кўркам ҳудудга айлантиришда хизматлари беқиёс бўлган инсонни халқимиз ҳеч қачон унутмайди…

Азим Тиллаев Қўшработ, Нарпай туманларига раҳбарлиги чоғида ҳам ижтимоий объектлар, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, шифохоналарни қуриш ишига алоҳида аҳамият қаратди. У доимо маънавий-маърифий ишларнинг бошида туриб, халқ кўнглига йўл топди. Иштихон туманига раҳбарлиги даврида Зарбанд, Жўш, Лангар, Зармитон сингари қишлоқлар аҳолиси учун янги йўллар қуриш, автобуслар қатновини мунтазам ташкил этиш каби одамлар узоғини яқин, оғирини енгил қиладиган ишларга бош бўлди. Айниқса, Зарбанд мармар карь­ери ишга тушгач, олинадиган қимматбаҳо мармарлар сайқалланиб, республикамиз­нинг кўпгина қурилишларида ишлатилди. Иштихон туман марказини обод қилишдаги хизматини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Азим Тиллаевнинг тўғри сўзлиги, адолатпарварлиги уни Мос­квадан келган Гдлян, Ивановлар тергов гуруҳига уни рўбару қилди. Ўзбекистонда бошланган “пахта иши”, “ўзбеклар иши”да уч йил “чиғириқ”дан ўтказишди. Аниқ бир далил-исбот топилмагач, айбсизлиги исботланиб, тергов иши тўхтатилди.

“Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Шуҳрат” медали соҳиби, Ғозғон сангтарошлик мактабининг асосчиларидан бири бўлган уста сангтарош Тоҳир ҳожи Раҳимов ҳамда меҳнат фахрийси Рўзибой Жўраев Азим Тиллаевнинг адолатпарвар, жуда самимий, ишбилармон, малакали мутахассис бўлганини, ҳузурига бирор юмуш билан борган кишининг муаммосини ҳал этиб кузатганини, энг асосийси, меҳрибонлиги билан одамлар қалбида қолганини алоҳида таъкидлайди.

Азим Тиллаев катта оиланинг бошлиғи эди. Немис тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида ёш авлод камолоти йўлида меҳнати сингган, айни пайтда нафақадаги муаллима, рафиқаси Лолахон ая Тиллаева билан 6 нафар фарзандни тарбиялади. Тўнғич фарзанди Дилрабо ҳуқуқшунос, Марҳабо эса шифокор. Дилором билан Нилуфар онасининг касби – ўқитувчиликни танлашди. Шаҳноза банк ходимаси бўлса, Отабек Тиллаев тадбиркор сифатида эл ишига камарбаста бўлаётир.

Умр оқар дарё мисол. Фарзандлари, невара-чеваралари атрофида айни кексалик гаштини суриб, уларга маслаҳатчи бўлаётган бир пайтда бу азиз инсонни шафқатсиз ўлим бевақт орамиздан олиб кетди. Ундан яхши фазилатлар, шогирдлар қолди. Ну­ротада тамал тошини қўйиб, қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачилик ривожига муносиб ҳисса қўшган Азим Тиллаев ва у билан бирга ишлаган инсонларнинг эзгу ишлари келажак авлодларга ўрнак бўлади.

Халқимизда меҳнат қилган элда азиз, деган ҳикмат бор. Азим Тиллаев ҳам кўпгина савобли ишларга бош бўлиб, эл дастурхони тўкин бўлишида муносиб улуш қўшган замондошларимиздан бири эди. Азим Тиллаев агар ҳаёт бўлганида шу йилнинг 20 ноябрида 80 ёшни қаршиларди. Фарзандлари, дўстлари, шогирдлари қатори биз ҳам бу азиз инсоннинг пок руҳини яна бир карра эсга олдик. Зеро, яхшилар ўлмайди. Уларнинг қолдирган бой маънавий мероси кишилар юрагида сақланади.

Шавкат СУЛТОНОВ
Суратлар Азим Тиллаевнинг шахсий архивидан  олинди

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: