246 432 000 сўм жарима оила бюджетига сарфланганда…

421 нафар шахсга нисбатан 246 432 000 сўм жарима ҳамда 486 нафар шахсга маъмурий қамоқ – бу ҳаммамиз уйда қолган, карантин давом этаётган сўнгги 20 кунда мамлакат маъмурий судлари томонидан қўлланилган жазо. Озми ёки кўпми, изоҳ ўзингиздан.

Бугун Олий суд тарқатган хабарга кўра, шу йил 1-20 апрель кунлари маъмурий судлар томонидан 918 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш (54-модда), майда безорилик (54-модда), ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ва ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш (194-195-модда) билан боғлиқ 641 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш кўрилиб, 421 нафар шахсга нисбатан жами 246 432 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган ҳамда 486 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

Қонун ҳамма учун баробар, қонунбузар учун эса жазо муқаррар. Аммо ҳозир гап бу ҳада эмас.

Тасаввур қилинг, 486 нафар шахс карантин талабларига амал қилиб, оиласи бағрида бўлганида бугун маъмурий қамоқда ўтирармиди? Йўқ!

Ёки 421 нафар шахс юқоридаги қонунбузарликни содир этмаганда, такрор айтаман, карантин талабларига амал қилиб,тинчгина уйида қолганида 246 432 000 сўм жаримага тортилармиди? Йўқ! Аксинча, шунча маблағни оиласи бюджетига сарфланганида, болаларининг рисқини яримта қилмаган бўларди. Дейлик, унинг даромади кўпдир, бу маблағ оила бюджети учун жуда аҳамиятли ҳам  эмасдир. Борди-ю, шундай бўлган тақдирда ҳам у шу маблағни эҳтиёжманд оилаларга хайрия сифатида берганида бугунги карантин, синовли кунларда қанча савоб олган бўларди. Шундай эмасми?

Сиз нима дейсиз, азиз фикрдош?

Олимжон Ўсаров,
Ҳуқуқшунос-журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: