3 Хонали квартирага китобларини алмаштирмаган отахон

Кармана туманидаги “Калавот” ма­ҳал­ла­сида истиқомат қилаётган Бурҳон ота Жў­раев шахсий кутубхонасида жаҳон ва ўзбек адабиётининг ўн минг­дан зиёд сара асарларини тўплаган. Бугунги кунда бошқа ҳудудлардан ҳам келиб, ушбу кутубхонага аъзо бўлиш истагини билдираётган китобхонлар сони ортиб бормоқда.

Яқинда Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов Карманалик Бурҳон ота Жўраев билан учрашиб, унга 30 номдаги  китобларни совға сифатида тақдим этди ва кутубхона қуриб беришни ваъда қилди. Бу хушхабарни эшитгач, китобсевар отахон билан боғландик.

Бошланғич синфда эртак китобларни ўқирдим, кейин халқ достонларини мутолаа қилдим. Шу тарзда китоблар бир умрлик ҳамроҳимга айланди, — деди Бурҳон ота Жўраев.  — Ҳаётим давомида қаерда китоб кўрсам, имконим борича сотиб олдим. Жаҳон адабиёти намоёндалари, шунингдек, Шуҳрат, Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад, Тоҳир Малик каби ёзувчиларимизнинг асарларини қайта-­қайта мутолаа қиламан.

Бурҳон Жўраев электрик касби орқали ризқ-насиба топиб, фарзандларини камолга етказган. Турмуш ўртоғи  Хадича момо билан 52 йилдан бери бирга умргузаронлик қилмоқда. Катта ўғили Бобомурод механик, Шомурод электрик, кенжаси Шерзод эса миллий гвардия ходими. Қизлари Кароматхон ва Саломатхон тумандаги  25-мактаб интернатда ишлайди. 

– Отам зиёли, бағри дарё инсон, – дейди Саломат Жўраева. – Эсимни танибманки, отамнинг қўлидан китоб тушмайди. 73 ёшида ҳам кўзойнаксиз мутолаа қилади. Уйимиздан китобхонларнинг оёғи узилмайди. Асосан китоб сўраб келишади. Кутубхонамизнинг ўз тартиб-қоидаси бор. Отам китобларга исм-шарифи билан бирга тамға қўяди. Китобхонлардан эса ўқиш учун олган китобларини ўз вақтида келиб топшириш талаб этилади.

Маҳалладаги умумтаълим мактаби ўқувчилари учун Бурҳон ота Жў­раевнинг шахсий кутубхонаси эшиги ҳамиша очиқ. Отахон уларга қайси китобни ўқишни маслаҳат бериш билан чекланиб қолмасдан, болаликдан китобга меҳр қўйиши кераклигини ҳам уқтиради.

Зиё маскани, яъни Бурҳон ота Жўраев шахсий кутубхонасидан даврий нашрлар ҳам жой олган. Уларга ўз ҳисобидан обуна бўлади. Матбуотда чоп этилаётган янгиликлар ва турли мавзудаги мақолаларни иштиёқ билан ўқийди.

Шу ўринда бир воқеани келтириб ўтсак. Бундан 30 йил аввал бир завод директори Бурҳон Жўраевга 3 хонали квартира эвазига китобларини айирбошлашни таклиф этган экан. Ўшанда шарт-шароити тўкис уйдан кўра китобларини афзал билгани ҳамон тилга олинади.

Вилоят ҳокими Бурҳон Жўраевга ҳовлисида мўъжазгина кутубхона қуриб беришни  ваъда қилгани ҳақида сўз очганимизда отахон бу таклифни ҳам рад этганини айтди. Негаки, янги кутубхонага ўзининг меҳнати сингишини истайди. Китобсевар бобо шу йилнинг ёзида ўғиллари билан кутубхона қуришга киришади.

Биз ўз олдига эзгу мақсадни қўйган отахонга боқий китоблардай узоқ умр тилаймиз.

Нигора ЎРОЛОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: