Ўзбекистонда туғилган машҳур футболчилар

Юртимизда азалдан футболга бўлган эътибор юқори бўлган ва ҳар йили ҳеч бўлмаганда бир футболчи  иқтидорини намойиш этган ҳолда, хориж клублари қизиқишига сабаб бўлган. Геннадий Краснитский, Миржалол Қосимов, Максим Шатскиҳ, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов… бу номларни узоқ давом эттиришимиз мумкин. Бироқ, сиз Ўзбекистонда туғилиб, сўнг фаолиятини бошқа терма жамоа либосида ўтказган машҳур ўзбекистонлик спортчилар ҳақида биласизми? Биз қуйида улар ҳақида маълумот берамиз.

ВАСИЛИС ХАДЗИПАНАГИС 

Ушбу футболчи 1954 йилда Тошкентда Грециялик сиёсий  иммигрантлар оиласида таваллуд топган. Футболнинг илк сир-асрорларини “Динамо” футбол мактабида ўрганган. Бу ерда маҳоратли футболчилар йиғилганлиги боис, асосий таркибдан жой ололмайди ва 17 ёшида “Пахтакор” клубига ўтади ва жамоанинг асосий таркиб ўйинчисига айланиб олади. Ярим ҳимоячи дебют учрашувини Донецкнинг “Шахтёр” клубига қарши ўтказади ва буни гол билан нишонлайди. Ўша баҳсда Пахтакорчилар 4:2 ҳисобида зафар қучишади. Кейинчалик, 1975 йилда Василис Грецияга кўчиб ўтади ва ушбу юрт терма жамоаси шарафини ҳимоя қилишга қарор қилади. Бироқ, у терма жамоа миқёсида юқори натижаларни қайд эта олмайди. Бунга сабаб, Василис бу ерга келгунга қадар СССР терма жамоаси таркибида Полшада бўлиб ўтган турнирда иштирок этади ва мезбонларга қарши баҳс олиб боради. Грецияга кўчиб ўтгач эса, ўртоқлик ўйини доирасида айнан Полшаликларга қарши ўйнайди. Рақиблар уни таниб қолишиб, ФИФАга арз қилишади. Ўша пайтда икки терма жамоа шарафини ҳимоя қилиш ман этилганлиги боис, Хадзипанагис Греция термаси сафида ўйнашига рухсат берилмайди. Ярим ҳимоячига ўз вақтида “Арсенал”, “Штутгарт” каби клублар қизиқиш билдиришади. Аммо, бу трансферга  унинг жамоаси саналган “Ираклис” розилик бермайди.

ДИМИТРИС МАВРОГЕНИДИС

Грецияда машҳур ва Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир футболчи. Ушбу ҳимоячи 1976 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Василисдан фарқли ўлароқ, Димитрис фаолиятини Грецияда бошлайди. Терма жамоа миқёсида 24та баҳсда майдонга тушади.

АНДРЕЙ ПЯТНИТСКИЙ

Андрейни тўлиқ хорижлик мақомига киритиш қийин. Чунки у ёшлигидан Тошкентда вояга этган, шу ерда футбол сирларини ўрганган.  “Пахтакор” ва ЦСКА жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Собиқ Иттифоқ парчаланган пайтда у ҳамон “Пахтакор”да ўйнарди. Миллий терма жамоамиз учун 2 учрашувда майдонга тушиб улгурганди ҳам. Ўша пайтда унга “Спартак”дан таклиф бўлди. Москваликлар барча мамлакатларнинг энг яхши футболчиларини ўз таркибларига йиғишни бошлашганди. Бундан ташқари, Россия терма жамоаси ҳам шундай йўл тутиб, терма жамоа аввалги номзодлар эвазига шакллантирилган. Натижада Андрей “Спартак” ва Россия терма жамоасини танлаган. Москва клуби сафида у қатор ютуқларга эришиб, еврокубокларда ёдда қоларли учрашувлар ўтказди. Қолаверса, 1994 йил АҚШда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этди. Унинг ёрдами ўзимизга ҳам фойдали бўларди, бироқ Пятнитский Россия учун ўйнашни афзалроқ билган.

ПИТЕР ОДЕМВИНГИ

Шубҳасиз, Одемвингини  Ўзбекистонда туғилган хорижлик энг машҳур футболчи, десак муболаға бўлмайди. Ушбу ҳужумчи Тошкентда истиқомат қилган нигериялик муҳожирлар оиласида дунёга келган. Футболдаги илк сабоқларини у юртимизда олган. Сўнг унинг оиласи мамлакатига қайтган. Одемвинги фаолиятини маҳаллий “Бендел” сафида бошлайди. Питернинг фаолияти Францияга кўчиб ўтгач, “Лилл”да сезиларли даражада ўзгариб кетди. Кейин уни “Локомотив” ўз сафига таклиф этди. Россия чемпионатида Одемвинги мухлислар ёқимтойига айланди. Россиядан Англияга йўл олган ҳужумчи уч мавсум давомида “Вест Бромвич” шарафини ҳимоя қилди. Қизиғи, Англияда у Россиядагидан кўпроқ гол муаллифига айланди. Кейинроқ у “Кардифф” ва “Сток” жамоаларида ўйнади. Охирги пайтларда қуйи дивизон клубларида тўп тепиб келмоқда. Нигерия терма жамоаси сафида Одемвинги 63 учрашув ўтказган. У ҳар бир вазиятда охиригача курашиши билан клубларига фойда келтиришга уринган. Тан олиш лозим, бундай савиядаги ҳужумчи бизга жуда катта ёрдам берган бўларди.

ДИМИТРИОС ПАПАДОПУЛОС

Грециянинг машҳур футболчиларидан бири ҳисобланган Димитриос Пападопулос Жиззахда таваллуд топган. Фаолиятини эса Грецияда, “Акратитос” клуби таркибида бошлаган. У фаолияти давомида “Лечче”, “Бёрнли”, “Динамо Загреб”,  “Панатинаикос”, “Селта” ва ПАОК каби машҳур жамоалари сафида майдонга тушган. Охирги марта “Астерас” сафида ўйин ўтказди. Греция терма жамоасида сермаҳсуллиги у қадар юқори бўлмаган. 22 учрашувда атиги 2 марта гол уриш насиб этган.

АНТОН ВАЛДЕМАР

 Ушбу футболчи 1996 йил Тошкент вилоятида таваллуд тоган. Ёшлигида оиласи билан Германияга кўчиб кетишган. У футболчилик фаолиятини маҳаллий “Мюленберге” сафида бошлайди. Кейинчалик “Ганновер” ёшлари сафида кўриниш беради. 2016 йилдан бошлаб “Ганновер” клубининг асосий таркибига майдонга туша бошлайди. 2016 йил май ойи охирида Антон ЎФФ (ҳозирги ЎФА) мутахассисларида қизиқиш уйғотади. Бир мунча вақт давомида Антонни миллий терма жамоамизга жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилади, аммо шундан сўнг бу хабарга оид бирор маълумот ОАВда берилмади. Ҳимоячи 2016 йил июл ойидаги интервюсида Россия терма жамоаси таркибида ўйнашни хоҳлаётганини таъкидлайди. Валдемар ҳозирга қадар Германия ёшлар жамоаси таркибида 5 маротаба майдонга тушишга улгурди. Мутахассислар уни келажакда Германия терма жамоасининг асосий футболчиларидан бири сифатида кўришмоқда.

      P.S БУ номларни узоқ давом эттиришимиз мумкин. Биз эса энг сараларини танлаб олдик.

Сухробжон САДИРОВ

Фикр билдириш