Абдулла Авлоний нега таржимаи ҳолини ўзгартирган?

Адабиёт ва санъат аҳли ижодини ўрганишда ижодкор ҳақидаги барча маълумотлар муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, замона зайли билан ҳаёти ва ижоди етарли ўрганилмаган ёки ўша давр талабига кўра, таржимаи ҳолига холис ва ҳаққоний ёндашилмаган адиб бўлса! Шу маънода юртимизнинг яқин ўтмишида озодлик учун ўз ҳаётини қурбон қилган жадидчилик намояндалари тақдири жиддий изланишга муҳтож.

Авлонийнинг ҳаёти бошқа жадидчиларникидан бир оз фарқли кечган. Масалан, Абдулла Авлоний қатағон қилинмаган, аммо 1966 йилгача унинг ижоди ўрганилмаган, асарлари чоп этилмаган. Айнан шу даврда бир оз муддат сиёсатда ўзгариш содир бўлиб, Собиқ иттиффоқда қатағон қурбонлари ҳақидаги маълумотлар оммага тақдим этилган.

Тарихдан маълумки, буюк инсонлар ёнида доимо уларни қўллаб-қувватлаб турувчи донишманд аёллари бўлган. Бибихоним, Нодирабегимлар бунга яққол мисол. Абдулла Авлонийга тегишли бой маданий мерос бугунги кунгача етиб келишида ҳам у кишининг завжаси Саломат аянинг алоҳида ўрни бор. Ҳозиргача бу аллома ҳақидаги аксарият нодир маълумотларда Саломат ая Исломованинг адабиётшунос Бегали Қосимовга 1966 йили тақдим этган қўлёзма ва ҳужжатларга таянилади.

Қатағон йиллари Абдулла Авлоний “халқ душмани” сифатида қораланмаса-да, ўлимидан сўнг асарлари чоп этилмаган. Гўё, бевақт ўлими билан Авлоний ўз шаъни, оиласи тинчлигини хавф-хатардан ҳимоя қилиб қолгандек.

Демак, совет даври сиёсати барча жадидлар каби Абдулла Авлоний асарларидаги эзгу ниятлардан ҳам “кўнгли тўлмаган”, унинг ғоялари Совет сиёсатига “тўғри келмаган”. 1934 йилдан 1966 йилгача Саломат ая Абдулла Авлоний асарлари қадри вақти келиб жуда баланд бўлишини билган. Қўлёзмаларни асраб-авайлаган, замонлар ўзгариб, диёримиз маърифатпарварларига нисбатан муносабат ўзгаришига ишонган.

Абдулла Авлоний тақдирида садоқатли ва вафодор бу аёлнинг тутган ўрни борасида қатор илмий изланишлар олиб бориш ёш тадқиқотчиларимиз олдида турган навбатдаги вазифалардан биридир. Гарчи, Саломат Исломова ҳақида маълумот жуда оз бўлса-да, бир нарса аниқки, Авлоний ғояларини тушунган, унинг асарларини қадрлаган бу мўътабар аёл ниҳоятда зиёли, маърифатли ва тараққийпарвар бўлган.

Абдулла Авлоний ўша пайтларда барча зиёлилар каби ўз таржимаи ҳолига “зарурий” ўзгартиришлар киритган, деган эҳтимол мавжуд. Жумладан, у ижтимоий келиб чиқиши ҳақида оддий камбағал-косиб оиласидан эканини, ниҳоятда ночор улғайганини таъкидлайди. Бегали Қосимов нашрга тайёрлаган Абдулла Авлоний қаламига мансуб “Таржимаи ҳолим”да бу борада шундай ёзилган: “1878 мелодий йил 12 июлда Тошкентнинг эски шаҳри Шайҳонтоҳур даҳаси Мерганча маҳалласида фақир ҳол бир оилада туғилганман. Отамнинг исми Миравлон, онамнинг оти Фотимадир. Отамнинг туб касби тўқувчилик (бўзчилик) бўлиб, сўнг замонларда Ярманка бозорида ёймачилик қилиб, бўз ва чит билан савдо қилур эди”. (Миллий уйғониш ва ўзбек филологияси масалалари. Т.: Университет. 1993, 108- бет)

Совет даврида яшаб ижод қилган деярли барча зиёлилар таржимаи ҳолини шу тарзда ўзгартиргани сир эмас. Илм-фан ривожига ҳисса қўшган зиёлиларимиз учун оддий ишчи-косиб оиласида қийинчиликда улғайиб, фақат “Совет тизими ва партия”нинг “ғамхўрлиги, меҳрибонлиги” туфайли ана шундай билимли, олий маълумотли бўла олганликларини таъкидлаш Совет сиёсатининг ажралмас қисми бўлган. Бундай “ўзгартиришлар” туфайли зиёлиларимизнинг ҳақиқий ҳаёти “парда” ортида қолган.

Маълумки, Абдулла Авлоний ўз даврининг етук зиёлиси бўлиб, нафақат дунёвий, балки диний билими ҳам юксак эътирофга сазовор эди. Совет даврига қадар аксарият зиёлилар ўзбек тилидан ташқари араб ва форс тилларини мукаммал билишган. Диний илмни араб тили орқали ўрганишса, бадиий адабиёт учун форс тилини мукаммал билиш талаб этилган. Абдулла Авлоний ўзбек, араб, форс тилларидан ташқари рус, татар, озарбайжон, турк тилларини ҳам мукаммал билган. Бир қатор бадиий адабиёт намуналарини ўзбек тилига моҳирона таржима қилган. Ўз таржимаи ҳолида кўрсатилганидек, фақат қиш кунларигина таълим олишга имконияти бўлганида Абдулла Авлоний бунчалик илмли, билмли, тафаккури кенг инсон бўлиб вояга ета олмасди. “Абдулла 7 ёшидан Ўқчидаги эски мактабда Акромхон домлада савод чиқарди. 1890 йил шу маҳалладаги мадрасага ўтди. Сўнг Шайҳонтоҳурдаги Абдумаликбой мадрасасида Мулла умар Охунда таҳсил кўрди. Шу йиллари адабиётга ҳаваси уйғонди, Навоий шеъриятига, Фузулий ғазалларига меҳр қўйди. Сўнгра иштиёқ билан форс тилини ўрганди. Саъдий ва Ҳофиз оламидан завқ-шавқ олди. Ниҳоят, бу интилишлар самара берди. Ўзи камтарона қайд қилганидек, “шеър ёзишга тутинди”. (Абдулла Авлоний. Танланган асарлар. Истиқлол қаҳрамонлари туркумидан. Тўпловчи ва нашрга тайёрловчи Б.Қосимов. Икки жилдлик. 1-жилди.Т.: Маънавият, 2009. 6-бет)

Авваллари Тошкент шаҳри Анҳор каналида якунланган. Чор Россияси босқинидан сўнг Янги ва Эски шаҳарга бўлинган. Ҳозирги Эски шаҳар номи ўша даврдан қолган. Анҳорнинг шарқий томонида Шайҳонтоҳур даҳасида яшовчиларнинг дала ҳовлилари бўлган. Маълумки, таниқли адибимиз Ойбек “Қутлуғ қон” асарида қаламга олган Миркаримбойнинг прототипи  Тошкентнинг катта савдогарларидан бири бўлиб, унинг дала ҳовлиси ҳам шу ерда жойлашган эди. Темир йўл қурилгандан кейин Миркаримбойнинг ерига талаб ошиб кетган. У ўзининг даласи ўрнига хонадонлар қурдириб, ижарага берган. Миркаримбойнинг ўғиллари Мирафзал ва Мирқосимга ўша дала ўрнидаги уй жойлар мерос қолган. Кейинчалик уларнинг авлодлари шу ерларда яшаб, умргузаронлик қилишган. (Мирзакаримбой авлодлари билан суҳбатдан) Обод бўлган ерларни аҳоли ўз тилида “Миробод” – “Мирлар обод қилган ерлар” деб атайди. Руслар маҳалла тушунчасини ёқтирмаган (балки, тушунмагандир). Шунинг учун Мирабадская, деб кўча номини атаган. Ҳозирги Миробод тумани номи ўша даврдан қолган. Миркаримбойнинг ва бошқа “мирзода”ларнинг авлодлари шу ерда яшашган, ўзаро қуда-анда бўлишган. Абулла Авлоний ҳам Мир авлодга мансуб эди. Отасининг тўлиқ исми Миравлон, бобосиники Мирнеъматбой бўлган. (Абдулла Авлонийнинг эвараси, санъаткор Гавҳар Зокирова сўзидан) У отасининг ўлимидан сўнг бобосидан мерос қолган дала ҳовлида укаси билан ўзига уй қуриб яшаган. Яъни ака-ука Авлонийлар бобосининг дала ҳовлиси ўрнида қурилган ҳовлиларда яшаган. Уларнинг шаҳар ҳовлиси, Авлоний ўз таржимаи ҳолида кўрсатганидек, Мерганчи маҳалласида бўлган. Демак, шаҳар ва дала ҳовлиларга эгалик қилган Миравлон ночор ва камбағал косиб бўлмаган. Авлонийнинг аёли Саломат Исломова ҳам ўз даврининг бой, зодагон оиласи фарзанди бўлиб, хат-саводли, зиёли аёл эди.

Таржимаи ҳолида Авлоний кўпчилик уни иморатчи уста, деб атаганини ёзади (ziyo.uz). Маълумки, юртимиз тарихида ҳар инсон бирор касб, ҳунар эгаси бўлган. Масалан, Миркаримбой Тошкентга биринчи бўлиб Германиядан “Зингер” тикув машинасини олиб келади ва унинг қизи шу машинада савоб учун ишчиларга иссиқ нимча тикиб беради. Яъни, шаҳарнинг йирик пулдорлари нафақат зиёли, балки ҳунарли ҳам бўлиб, камбағал, ночорларга ғамхўрлик қилишган. Абдулла Авлоний ҳам ночор ҳаётдан эмас, балки ўша давр боёнлари фарзанди сифатида бир нечта ҳунарни эгаллаб, одамларга холис ёрдам бергани эҳтимолдан холи эмас.

Абдулла Авлонийнинг ижтимоий келиб чиқишига оид яна бир жиҳат. Ўзбекчиликда “қарши қуда” тушунчаси бор. Яъни, бир хил ижтимоий қатламга мансуб оилалар қиз бериб, қиз олишган. Абдулла Авлоний тўнғич фарзанди Савринисони Мирфайзи ва Жаннатнисонинг ўғли бўлган Мирёқубга турмушга беради. Мирфайзининг хонадони ҳозирги Ислом университети ўрнида, Юнусхон мақбараси ёнида бўлган. Жаннатнисо Миркаримбойнинг қизи. Демак, Абдулла Авлоний катта савдогар Мирфайзи ва Тошкентнинг йирик мулкдорларидан бири Миркаримбойнинг қизи Жаннатнисога қуда. Қудачилик, асосан, ижтимоий мавқе бўйича тенг оилалар орасида юзага келганини эътиборга олсак, Авлоний ҳам қадимдан ана шундай боёнларга хос ижтимоий мавқега эга оила вакили экани аён бўлади.

Авлоний қизи Савринисо билан Мирфайзи ўғли Мирёқубнинг турмуши узоққа чўзилмайди. Уларнинг қизи Туйғуной икки ёшга етганда Мирёқуб қатағон хавфидан Туркияга кетиб, жон сақлайди. Савринисо икки ёшли қизи билан ота уйига қайтишга мажбур бўлади. Юртимиз ардоғидаги санъаткор Гавҳар Зокирова Туйғунойнинг қизи бўлиб, Абдулла Авлонийнинг эварасидир. Мирёқубнинг чет элга қочиши ўша давр сиёсий тузумига маъқул келмаган. Мирёқубнинг отаси, аёли, кейинчалик қизини ҳам НКВД ходимлари тинмай сўроққа тортишар, бор “ҳақиқат”ни айттириш учун уриб, калтаклашган. Бечора ота зулмга чидолмай, тез орада жон беради. Савринисо ҳам қийноқли сўроқлардан хасталаниб, қисқа умр кўради. Туйғуной отасини икки ёшидан бери кўрмаган бўлишига қарамай, институтга киргунига қадар мунтазам равишда сўроққа чақирилади.

Абдулла Авлоний ва Саломат Исломованинг Савринисо, Карима, Қундуз, Ҳакима исмли қизлари, Асатилла, Оталиқ, Кенжа исмли ўғиллари бўлган. Ҳакима ва Кенжа кўп йиллар давомида оталари меросини сақлаб, эл-юртга хизмат қилишади. “Госпитальний”даги хонадонида Ҳакима ая Абдулла Авлонийга тегишли ашёларни ардоқлаб келади. (Абдулла Авлоний эвараси санъаткор Гавҳар Зокирова билан суҳбатдан)

Таниқли адибимиз Ўлмас Умарбековнинг “Қизимга мактублар” асарида Абдулла Авлоний чексиз меҳр ва эътиқод билан тилга олинади. Ўлмас Умарбеков ҳам Миркаримбой каби Ўқчи маҳалласидан бўлиб, унинг ҳовлиси Авлоний, Миркаримбой фарзандлари хонадони каби Миробод даҳасида, ўша пайтлар “Госпитальний” деб аталган мавзеда жойлашган эди. Абдулла Авлонийнинг ўғли Кенжа ака ва Ўлмас Умарбеков яқин дўст, улфат эдилар. (Абдулла Авлоний эвараси санъаткор Гавҳар Зокирова билан суҳбатдан) Ўлмас Умарбеков, Абулла Авлоний, Миркаримбойлар ўзаро қариндош, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Миркаримбойнинг Мирафзал, Мирсоат, Мирқосим, Мирсултон исмли ўғил фарзандлари бўлган. Мирсоат Ўлмас Умарбековнинг Зулфия исмли аммасига уйланиб, Умарбековлар оиласига куёв бўлган. Яъни, Миркаримбой ва Умарбек оилалари қудачилик риштаси билан боғланган.      

Демак, Абдулла Авлоний каби Совет даврида яшаб ижод этган ўнлаб адибларимиз ҳаёти, ижоди ҳамда таржимаи ҳолидаги аслиятни, ҳақиқатни юзага чиқариш учун тарихни қайта ўрганиш ва объектив тадқиқ этиш вақти келди. Шу даврда яратилган асарларга мажбурий равишда сингдирилган маънавиятимизга, тарихий ҳақиқатга ёт бўлган факт ва далилларни аниқлаштириш шарт.

Юлдуз Ортиқова,
филология фанлари номзоди

P.S. Раҳматли Мирбилол бувам  Миркаримбойнинг қизи Нисобибининг ўғли педагогика институтида Шуҳрат, Зафар Диёрлар билан бир курсда ўқиган. Араб, форс, рус тиллларини мукаммал билган. Афсуски, замона зайлига кўра,  заводда ишчи бўлиб ишлашга, ижтимоий келиб чиқишини ўзгартириб ёзишга мажбур бўлган. Ушбу мақола бувамнинг яқинлари, қариндошларимиз хотираларига таяниб тайёрланди. Ўтганларнинг руҳи шод бўлсин!

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: