Абдусаид Кўчимов

 Замондошимиз ким?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист. «Шуҳрат» медали ва «Меҳнат шуҳрати» ордени совриндори. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. Халқаро ЮНЕСКО мукофотига сазовор бўлган. Бугун адибнинг туғилган куни.

 Замондошнинг ҳаёт йўли

1951 йил 15 май куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. 1967 йил мактабни битиргач, Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирган. Меҳнат фаолиятини 1972 йилда «Ўқитувчи» нашриётида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Нашриётда 6 ой ишлаганидан сўнг, Республика болалар газетасига адабий ходим бўлиб ишга ўтади. 1978 йил унинг «Кашфиётчи болалар» номли биринчи китоби чоп этилади. 1984-87 йилларда «Шарқ юлдузи» журналида масъул котиб, 1987-91 йиллари «Тонг юлдузи» газетасида бош муҳаррир, 1991-92 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида уюшма раисининг ўринбосари лавозимида ишлайди. 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Маданият, ахборот ва туризм бўлими мудири, 1992-96 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари, 1996-97 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида Ахборот маркази раҳбари, 1997-2005 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси раиси сифатида фаолият юритган. 1994-1999 ва 1999-2004- йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланган. 2005-2006 йилларда эса Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари, «Тошкент» телерадиоканали бош директори вазифаларида хизмат қилган. 2006 йил июл ойидан «Хабар» газетасида бош муҳаррирлик қилган. 2017 йил 10 августдан буён Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори лавозимида ишлаб келмоқда. Асарлари асосида кўп қисмли бадиий филмлар яратилган. Китоблари Хитойда нашр этилган. Замондошимизнинг икки қизи ва бир ўғли бор.

Замондошнинг фикрати

«Танқидни кўтариш осон эмас. У ҳеч кимга ҳам сариёғдай ёқмайди. Аммо боболаримиз бекордан-бекорга танқид — келажакнинг меваси, дейишмаган. Танқиднинг ўзи аччиқ, меваси ширин. Танқидни ҳурмат қилиш, ёқмаса ҳам қабул қилиш керак. Аслида танқиддан эмас, мақтовдан қочган ютади. Негаки, ўринли танқиддан кўра, ноўрин, сохта мақтов хавфлироқдир».

«Нима учун биз бир сифатсиз маҳсулот чиқарган одам билан ёки зарар етказган одамни қамаймиз, суд қиламиз? У битта одамга зарар етказган бўлади, лекин ёлғон, нотўғри информация бир неча юзлаб ёки минглаб инсонларнинг хаёлини бузиши мумкин. Бу жуда катта жиноят. Буни ҳис қилиш керак. Сўз — бу отилган ўқ. Уни қайтариб бўлмайди, у теккан жойига зарар етказмай қолмайди».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: