Адолатпарвар инсонлардан ёрдам сўрайман

Мен анча вақтдан буён “Fikrat.uz” каналини кузатиб бораман. Ушбу канал ва сайтда ҳаётимиздаги турли ноҳақликларнинг очиқ-ойдин ёритилиши менинг эътиборимни тортади. Айниқса, яқинда таниқли шоирга кўрсатилган ёрдам учун тасаннолар айтгим келди. Шу сабаб бўлдими, мен ҳам ўз дардимни айтмоқчиман. Сайт ўқувчилари, албатта, ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб менга тўғри йўл кўрсатишади, деган умиддаман.

Мен 2012 йил ноябрда Зангиота туманидаги “Туркистон” ҚФЙ, “Илғор” маҳалласи, Улуғбек кўчаси, 5-уйга келин бўлиб тушганман. Ҳозирда уч нафар фарзандим бор. Қайнонам хонадонимизнинг тенг ярми, 4 сотих ерни бизга бўлиб берган. Турмуш ўртоғим билан шу ерга 5 хонали уй солганмиз, рўзғоримиз ҳам бўлак. Лекин, овсиним арзимаган сабаблардан жанжал чиқаравергач, 2019 йил бошида уйни сотишга мажбур бўлдик ва янги уй сотиб олдик. Лекин, у ерда ҳеч қандай шароит йўқлиги сабабли вақтинча келин бўлиб тушган ҳовлимда яшаб келаётгандик.

Овсиним билан бўладиган жанжаллар туфайли 2,5 ёшли ўғлим жароҳат олиб, касалхонада даволаниб чиқди. Саккиз йилдан бери сабр қилиб яшаб келаётгандим, лекин ўғлимнинг соғлиғидан хавотир олаётганим сабабли бу кўргиликларга чек қўйиш вақти келганини англадим. Яхши ҳамки бу ҳаётда суянчиғимга айланган турмуш ўртоғим бор.

Овсиним доим мени етим деб, паст назар билан очиқчасига таҳқирлаб, ҳақоратлаб келди. Ахир, ота-онам бу ҳаётни эрта тарк этишган бўлса, менда нима айб? Аксинча, мусулмончиликда ота-онаси йўқларга раҳм-шафқат қилиш керак, дейилмаганми?

Бир йил аввал турмуш ўртоғим акаси Д.Б.га 1150 $ қарз берганди. Бу пуллар ўз уй-жойимизни сотиб, янги ҳовли олганимиздан қолган ва газ, иситиш печини сотиб олиш учун ажратиб қўйган маблағ эди. Қарзни қайтаришмагани сабаб биз янги хонадонимизни исита олмай кўчиб кета олмадик.

Жанжаллар эса давом этаверди. Жанжалларнинг бирида овсинимнинг онаси ўғлимни нариги хонага улоқтириб юборди. Ўғлим додлаб йиғлай бошлади. Бунинг устига овсинимнинг укаси Сайидмурод қўлида теша билан кириб келиб, эримни урмоқчи бўлди. Бу орада маҳалла раиси ва посбон келди. Биз эса ўғлимни 2-болалар хирургия касалхонасига олиб бордик. У ерда боламнинг бошини ренген қилиб, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, қаттик қўрқиш, судирги ташхислари билан касалхонада олиб қолишди. Касалхонада даволаниб чиққач,  шароити йўқ ўз ҳовлимизга кўчиб келдик. Ҳозирда шу ерда яшаяпмиз. Лекин қиш яқинлашгани сари ёш болаларим билан поли, иситиш печлари, газ йўқ уйда бундан буёғига қандай яшайман, деган савол мени қийнамоқда.

https://youtube.com/watch?v=HhT5tWTVpSE%3Ffeature%3Doembed

Гапирсам гап кўп, ҳуқуқ посбонларининг бизга бўлган муносабати ва бундан кейинги воқеаларнинг эса тарихи узун.

Менинг ҳамширалик касбим бор, турмуш ўртоғим кредитга автомашина олиб, таксичилик қиладилар. Ҳаётда яхши инсонлар кўп, қолаверса, Юртбошимиз ва саховатпеша халқимиз бор. Бизнинг ҳуқуқларимизни ҳимоя қилувчилар адолат қарор топишига камарбаста бўлишларини, бизни оёқ ости қилганлар ўз қилмишига яраша жазо олишини сўрайман.

 Раъно БАХТИЁРОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: