Афсонавий Брюс Ли

Нима учун машҳур?

Киноюлдуз, жанг санъати устаси, жит кундо спорт тури асосчиси. Бугун унинг туғилган куни.

Қандай машҳур бўлган?

Брюс Ли 1940 йил 27 ноябрда Сан-Францискода таваллуд топган. Отаси хитой операси актёри бўлгани сабаб Гонконгдан Америкага гастролга отланган вақтда ой куни яқин бўлган турмуш ўртоғини Сан-Францискода қолдиришга мажбур бўлган. Туғуруқдан сўнг ҳамширалардан бири онага чақалоққа америкача Брюс исмини қўйишни маслаҳат қилган. Аммо бу исм ҳақида Брюс Ли Америкага кўчиб келгунига қадар ҳеч ким эсламаган. Чунки ота-онаси аждарҳо буржи остида туғилгани боис унга Ли Сяолун (кичкина аждарҳо) деб исм қўйишган.

У Гонконгда катта бўлган. Болалигида анча нимжон кўринган, мактабдаги дарсларга қизиқиши бўлмаган. 12 ёшида “Ля Саль” номли комплекс ривожланиш коллежида ўқиган. 13 ёшида эса рақс машғулотларига қатнаб, тўрт йилдан сўнг Гонконгда ўтказилган ча-ча-ча чемпионатида ғолиб бўлган. Спорт устаси Ип Мандан вин-чунь, кунг-фу санъатини ўрганган. Рақс сирларини билгани боис ўз ҳаракатларини мукаммал мувофиқлаштирган.

Брюс Ли 19 ёшга тўлганида АҚШга кўчиб ўтишга ва туғилганида олган Америка фуқаролигини тасдиқлатишга қарор қилган. Аввал Сан-Францискога кейин Сиэтл бориб, шу ердаги ресторанлардан бирида офицант бўлиб ишлаган. Шу йилларда Эдисон техника мактабини тугатиб, Вашингтон Университетининг фалсафа бўлимига ўқишга кирган. Кейинчалик Брюс Ли дзюдо, бокс сирларини ҳам ўрганиб, жит кундо номли янги кун-фу услубини яратган.

1961 йилда АҚШда жанг санъати мактабини очиб, ўзи асос солган услубни ўргатган, ўз овқатланиш қоидаларини ишлаб чиққан. Кейинчалик унинг услублари нашр қилиниб, бутун дунёга машҳур бўлган. 1964 йил у унинг дарсларига қатнаган 17 ёшлик талаба қиз Линда Эмерга уйланган. Орадан кўп ўтмай улар ўғил, кейинчалик қиз фарзандли бўлишган. Кино оламига эса у отаси сабаб кириб келган.

1966-1967 йилларда актёр иштирокидаги “Яшил шерьшен” сериали намойиш қилинган. Аммо, унга бош роллар насиб қилмагач, у Гонконгга қайтиб, Golden Harvest киностудияси билан шартнома тузган. 1971 йил унинг иштирокидаги “Катта Бос” фильми экранга чиққан. “Аждарнинг туғилиши”, “Ғазаб мушти” фильмлари эса Брюс Лига машҳурлик олиб келган. 1972 йилда унинг вафотидан олти кун аввал тақдим этилган “Аждархонинг чиқиши” фильми эса актёрнинг сўнгги иши бўлган.

1978 йили тақдим этилган “Ўлим ўйини” фильмида эса лентанинг 28 дақиқасидагина рол ўйнаган. Фильмнинг қолган қисми актёрга ўхшаш одам иштирокида суратга олинган. 1973 йил 20 июл куни 33 ёшида Брюс Ли тўсатдан вафот этган. Бунга бош мия шиши сабаб бўлган. Аммо баъзи тахминларга кўра унинг ўлими баъзи ҳамкасбларининг фойдаси учун хизмат қилган бўлиши мумкин. 1993 йили эса отасининг изидан борган Брюс Лининг ўғли, Брендон Ли суратга олиш майдонида ўқдан яраланиб вафот этган.

Машҳур нима дейди?

10 000 турли хил зарбаларни ўрганаётган одамдан қўрқмайман, бир зарбани 10 000 марта ўрганаётган одамдан қўрқаман.

Хатоларни кечириш мумкин, фақат уларни тан ола билиш керак.

Юмшоқ табиат бўлинг, аммо итоатгўй бўлманг. Қаттиққўл, лекин шавқатсиз бўлманг!   

Доно киши нодоннинг саволидан нодон дононинг жавобидан ололмаган ҳикматни топиши мумкин.

Мен ҳукм қилиш ўрнига тушунишни ўргандим.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: