Афсонавий Зебо Ғаниева

Нима учун машҳур?


Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, радио оператори, моҳир мерган, разведкачи. Бутун уруш давомида 129 фашистни йўқ қилган. 1945 йилда режессёр Наби Ғаниевнинг «Тоҳир ва Зуҳра» филмида Хоразм маликаси ролини ижро этган. Санъатга меҳри баланд қиз Тамарахонимнинг шогирларидан бири бўлган. Ёзувчи Адҳам Раҳматнинг «Шинелли қизлар» китобида Зебо қизнинг қаҳрамонликлари ҳақида ёзилган. Шунингдек, фан доктори, профессор унвонларига сазовор бўлган.

Қандай машҳур бўлган?


Зебо Ғаниева 1923 йил 20 августда Озарбайжоннинг Шемаха шаҳрида туғилган. Баъзи манбаларда у Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида, Озарбайжон Совет энциклопедиясига кўра эса Ўзбекистоннинг Гулистон шаҳрида таваллуд топган, дейилган. Зебонинг отаси озарбайжон, онаси ўзбек бўлган. 1937 йили 14 ёшлик қиз ота-онасидан тирик етим бўлиб қолди. Унинг онаси қатағон қилинган бўлса, отаси Паша Ғаниев ҳаётини сақлаб қолиши учун қизидан кечишга мажбур бўлади. Ўша йили Зебо Тошкентга жўнайди ва ўзбек филармониясининг хореография бўлимига ўқишга киради. 1940 йилда Москвага кўчиб ўтиб, Москва давлат театр санъати институтининг актёрлик факультетида таҳсил олади. Талаба қиз юз минглаб совет талабалари сингари фронтга кўнгилли равишда қатнашади. Зебо қисқа муддатли ўқ отиш курсларига юборилади. У ерда у мерган милтиғидан ўқ отишни ўрганиб, разведка санъати билан танишади. 1941 йил 7 ноябрда ватанни ҳимоя қилиш учун жўнаб кетади. Ўшанда у эндигина 19 ёшда эди. Уруш йиллари 16 марта разведкага бориб, душман тўғрисида маълумотлар олиб келади. 1942 йил 23 май куни узоқдан туриб отадиган оптика дурбини ўрнатилган милтиғини Ленинград вилоятининг Катта Врагово қишлоғида жойлашган немис гарнизони томонга қаратишга буйруқ олади. Бирин-кетин олти фашистни ер тишлатган бир вақтда кичик лейтенант Маршенкога ёрдамга беришга тўғри келади. Тинмай портлаётган снаряд парчаси Зебони ёнбошидан жароҳатлайди. Шундан сўнг даволаниши учун самолётда Москвага жўнатишади. 33 маротаба жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиб, узоқ вақт ўлим билан курашади. Ўша кунлари ҳарбий госпиталда ўзбек санъаткорларининг концерти бўлиши керак эди. Ўшанда устози Тамарахоним билан учрашади. Уни руҳлантириш учун Ҳалимахоним Носирова, Комил Яшинлар маслаҳатлашиб, Зебонинг сўзлари келтирилган «Олға бос, олға бос, Доим олға бос» деган қўшиқни яратишган. Оёққа турганидан сўнг у 1942 йилнинг 12 апрелидан 23 майигача 151-ўқчилар разведка баталони разведкачи-мергани Зебо Ғаниева Чёрное, Лунево, Ожесси ва Дягилево қишлоқлари атрофида 20 нафар душман офицери ва снайперларини ўлдиради. Ғаниева урушдан кейинги меҳнат фронтида ҳам тинмай хизмат қилди. Ўқишини давом эттириб, илмий даража ҳам олади. Собиқ иттифоқнинг Туркия элчихонаси вакили Тофик Қодировга турмушга чиқиб, ўғли Маратни дунёга келтиради. У 2010 йилда Москва шаҳрида вафот этган.

Машҳур нима дейди?


«Душманлар бизнинг ажойиб, улуғвор Кавказимизга ҳужум қилишмоқда. Тоғ аёллари: қозоқлар, чеченлар, кабардино-балкаркалари, озарбайжонлар, грузинлар, арманлар — ҳамма Кавказ ва Кавказ ортида яшайдиганлар, сиз душман бандаларига қарши кўтарилган эрларингиз ва ака-укаларингизга ёрдам беринг! Инсон қўли билан яратиладиган — нефть, пахта барчаси меҳнаткашлар томонидан етиштирилаётган экан, душманни ҳам мағлуб эта оласиз! Душманга уйимиз, болаларимизни бермаймиз! Душманга ўлим!».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: