“Алифбе”ни ёзган олимнинг жангчи ўғли

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани “Янгишаҳар” маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 94 ёшни қаршилаётган Мақсуд ота Оқилов хонадонига ташриф буюришди.

Бу инсон давлатимизнинг юксак мукофоти “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони соҳиби, илк “Алифбе” китоби муаллифи Оқилхон Шарафиддиновнинг фарзанди.

Оқилхон Шарафиддинов 1917 йилга қадар янги усул мактабларида, 1918 йилдан Тошкент уездининг Тўйтепа қишлоғида мактаб очиб, муаллимлик қилган. 1921 йилдан Тошкентдаги ­19-умумтаълим мактабида, 1924 йилдан 1970 йилгача 14-умумтаълим мактабида бошланғич синфларга дарс берган. Оқилхон Шарафиддинов томонидан 1938 йилда яратилган “Алифбе” китоби ўзбек мактабларининг 1-синфи учун узоқ вақт асосий дарслик бўлиб келган.

Фашизм устидан қозонилган ғалабага ўзбек халқи беқиёс ҳисса қўшган. Қонли фронтда халқимизнинг забардаст ўғлонлари жонларини Ватан ҳимояси учун бахшида этганлар. Мақсуд ота ҳам юртнинг ана шундай ўғлонларидан биридир.

Бобо билан суҳбатлашарканмиз, у кишининг сўзлари, мардонавор қисмати барчамизни бирдек таъсирлантирди. Мақсуд ота пиёда қўшинларида оддий аскар бўлиб хизмат қилган. Фашистларга қарши жангларда кўплаб дўстлари, қуролдошларини йўқотган. Оғир вазиятга қарамай, ўзини қўлга олиб, душманга аёвсиз зарба берган. 

Уруш тугагач, Европа давлатларида тикланиш даври мураккабликларини бартараф этиш мақсадида хизматини давом эттириб, 1948 йил баҳорда Ватанга қайтган.

Суҳбат давомида фахрий отахонимиз уруш даврини шундай хотирлайди:

Мен 1926 йил 10 август куни Тошкент шаҳри “Қозикўча” маҳалласида зиёли оилада дунёга келганман. Урушнинг совуқ шамоли мактабни эндигина битирган 17 ёшли навқирон йигитни ҳам четлаб ўтмади. Маҳалламиздаги ­15-20 чоғли ёш йигитларни Самарқанд шаҳридаги аскарлар тайёрлов мактаби  олиб кетишди. Улар сафида мен ҳам бор эдим. Маълум тайёргарликлардан сўнг 1944 йил август ойида қўлимизга қурол олиб, уруш томон отландик.

Бизни 2-Украина фронти пиёда қўшинларига оддий аскар сифатида сафарбар этдилар. Резина қайиқда сув кечиб, ўрмонда окоп қазиб, яширинардик, окопдан чиқиб, ўқ отардик. Оғир вазиятларда ҳам руҳан тушкунликка тушмай, ўзимни қўлга олиб, ёв билан олишардим.

Украина, Руминия, Венгрия, Молдавия, Чехословакия, Югославия давлатларида хизмат қилдим. Охирги манзилим Прага шаҳри бўлди. Фашизм устидан қозонилган ғалаба хабарини шу ерда эшитдик. Ўша дамдаги қувонч ҳиссини тас­вирлаб бера олмайман (отахоннинг кўзларига ёшга тўлди). Кўкка қарата ўқ ота бошладик. Бу ёвни ўққа тутиш эмас, “Биз ғолибмиз!” дегани эди.

Шундан сўнг отахонга: “Уруш даврида ҳам қизиқарли воқеалар бўлармиди?” дея савол бердим.

— Чехословакияда чегарада навбатчиликда турардим. Тун борлиққа ўз пардасини ёйган, ҳаммаёқ қоронғи. Фақат ойнинг хира ёруғи нур сочиб турибди. Душман сезиб қолмасин, дея ҳатто шам ҳам ёқмасдик. Чегарада катта бир ўра бор эди. Чуқурнинг нариги тарафи жўхоризор. Мен атрофни кузатиш мақсадида чегара томон юра бошладим. Бир маҳал шитирлаган овозни эшитдим. “Ким бўлсанг ҳам чиқ!” дедим, жимиб қолди. Бироз вақт ўтгач, яна шитирлаган овоз келди. Ўйлаб ўтирмай, овоз келган томонга қарата ўқ уздим. Ўқ овозини эшитган сафдош дўстларим югуриб келишди. Не кўз билан кўрайликки, “душман”имиз оддий олмахон экан, — дея отахон хандон отиб кулиб юборди.

Мақсуд ота Оқилов урушдан сўнг Тошкент шаҳрида ветеринария соҳасида таҳсил олади ва узоқ йиллар шу касбда фаолият юритади. 1955 йили оила қуриб, рафиқаси билан 33 йил бирга яшади. Икки ўғил, икки қизни ўқимишли қилиб вояга етказди. Меҳнат фаолияти давомида “Жасорат” медалига сазовор бўлди.

Ҳозирги кунда пиру бадавлат нуроний отахон 27 нафар набира, эвара ҳамда чеваранинг севимли бобоси бўлиб умргузаронлик қилмоқда.

Нозима МАМАТОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: