Алимбой Нишонов: ТДЮУ бугунги кўринишдаги фаолиятини тугатиши лозим

Олий таълим муассасаларининг барчасида белгиланган квотадан ташқари тест синовларида етарли балл тўплай олмаган абутуриентларнинг талаба бўлиши учун суперконтракт бўйича тўловни амалга ошириш тизими жорий этилди. Оширилган тўлов шартномасида тўлов миқдори олий ўқув юртидаги шартномага нисбатан 1,5 баробардан 25 баробаргача қилиб белгиланди.

Бу йил оширилган контрактнинг энг юқори миқдори Тошкент давлат юридик университетида қайд этилди. Бу бежиз эмас, албатта. Сабаби ёшларимиз орасида ҳуқуқ-тартибот идораларига мутахассислар тайёрлаб берадиган ушбу олий ўқув юртига қизиқиш катта.

Хўш, Тошкент давлат юридик университетига суперконтракт асосида қабул қилинган талабалар ўқишни тугатгандан сўнг иш ҳақи ҳисобидан қанча вақтда давомида сарфланган харажатни қоплай олади? Ойига 2,5-3 миллион сўмдан емай, ичмай тўпласа, 10 йилда таълим учун сарфланган пулни йиғиши мумкин экан. Хўш ушбу харажатни ҳуқуқ-тартибот органларининг  бўлажак ходимлари қайси манбадан қоплайди? Сизда жавоб борми?

Назаримда, Тошкент давлат юридик университети бугунги кўринишдаги фаолиятини тугатиши лозим. Мазкур олий ўқув юртидаги факультетлар мамлакатимиздаги бошқа олий ўқув юртларига тақсимлаб берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Жумладан, педагогика олий юртида педагог-ҳуқуқшунос, журналистикада – ҳуқуқ журналисти, иқтисод соҳасида иқтосодчи-ҳуқуқшунос, қўйингки тегишли соҳа илмидан бохабар ҳуқуқшунослар тайёрлашини ташкил этиш лозим. Тошкент давлат юридик университети эса Ҳуқуқшунослар олий мактабига айлантирилиши мақсадга мувофиқ. Ушбу масканда ҳуқуқшуносларга соҳанинг турли йўналишларини мукаммал ўргатадиган курслар очиш, мазкур курсларни муваффақиятли тамомлаганларга муайян соҳа бўйича фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи сертификат берилишини белгилаш лозим.

Шунда, биринчидан, мамлакатимизда хуқуқ илмидан бохабар олий маълумотли соҳа мутахассисларининг беҳисоб заҳираси яратилади. Иккинчидан, Олий юридик мактабда талабгорларга халқаро, фуқаролик, маъмурий, нотариал, иқтисодий, жиноий, тиббий, криминалистик ва бошқа кўплаб ҳуқуқ-тартибот соҳасига оид билимларни чуқур эгаллаш имконияти пайдо бўлади, кўплаб билимли, малакали эксперт-ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрлашга шарт-шароит яратилади.

Алимбой Нишонов

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: