Дунёдаги миллионлаб Шерлок Холмслар асрлар давомида тополмаган жиноятчилик сабабини парламентарий Алишер Қодиров 6 секундда топди

Депутатнинг фикрича, ўқувчилар орасида жиноятчилик кўпайиб кетаётгани сабабини уларнинг овқатланишидан излаш керак экан. Ана, осонгина ечими ҳам бор экан-у, шунча ҳуқуқшунос-изқуварлар ва уларни тайёрлайдиган даргоҳлар бу ҳақда ўйлаб кўрмаганига ҳайронман.

Миллий тикланиш партияси лидери, парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари Алишер Қодировга гап йўқ! Кутилмаган таклифлари ҳар доим жамоатчиликни уйғотиворади. Жумладан, бугунги таклифлари ҳам муҳокамалар марказига айланди, ҳисоб. Баъзан бу пиармикан, деб ўйлаб ҳам қоламан. Аммо мантиқан ёндашилса фикрларида жон бор.

Партия етакчисининг таъкидлашича, қўшни мамлакатларда ўқувчиларни мактабда бепул овқатлантириш масаласи кўтарилаётган бир вақтда Ўзбекистонда ҳамон мактабларнинг ошхоналарини қуриши масаласи муҳокама қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йил давлат бюджетидан мактаблар қуриш ва капитал таъмирлаш учун 1,5 тириллион сўм маблағ ажратилган.

Депутат Қодировнинг қайд этишича, ҳозирда Ўзбекистондаги 3 мингдан ортиқ мактабда ошхонанинг ўзи йўқ, 7,1 мингта мактабда ошхона бор, лекин 60 фоизи талаб даражасида эмас .

Депутатнинг таъкидлашича, болаларнинг “энг кучли физиологик-депрессив ҳолати” мактаб даврида кузатилишини инобатга олган ҳолда, мамлакатда жиноятчиликнинг ёшариб кетаётгани, болаларнинг ўқитувчиларга нисбатан муносабати борган сари кескинлашиб бораётгани сабабларини “албатта, уларнинг овқатланишидан излаш керак”.

Эсингизда бўлса, 2020 йил октябрида Россия таълим вазирининг биринчи ўринбосари Дмитрий Глушко Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда Россия мактабларида бошланғич синфларда бепул овқатланиш ташкил этиш амалиётини қўллаётганлигини, Ўзбекистон томонига ушбу янги тизимни ўрганишни тавсия этган эди. Бунга жавобан Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистон Марказий Осиёда энг катта демографик ўсишга эга ва аҳолисининг йирик қисми ёшлардан иборат бўлган мамлакат сифатида бошланғич синфларда бепул овқатланиш тизимини йўлга қўйишга мушкул эканлигини билдирган эди.

Депутат Қодиров ўз фикрларини қуйидагича асослайди:

Қўшни давлатлар мисолида олайлик: Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда ўқувчиларнинг мактабда бепул овқатлантириш масаласи кўтариляпти. Биз эса, афсуски, мактабларда ошхоналар қуриш ҳақида гаплашяпмиз. Биз фақат мактаб қуриш ва таъмирлаш эмас, бу жараёнда ошхоналар қуриш ва таъмирлаш ҳақида ҳам ўйлашимиз керак.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2017 йилдан бери ўқувчилар орасида жиноятчилик 2,5 баробарга камайган (https://t.me/xtv_press/1368). Хусусан, 11 йиллик таълим қайта тикланиши натижасида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик коэффициенти 2016 йилда 2,4 фоизни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда 1,0 фоизга тушган. Бундан ташқари, 11 йиллик таълимга ўтилиши натижасида қизлар орасидаги эрта туғруқ ҳолатлари 34 фоизга камайган.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: