Алишер Усмонов

Нима учун машҳур?


Россияда фаолият олиб борувчи асли ўзбекистонлик миллиардер, «USM Holding» акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари, «Метоллоинвест» ва «Мегафон» компаниялари, «МузТВ» телеканали, «Арсенал» футбол клуби, «Коммерсант» нашриёт уйи ва яна бир қанча компаниялар акциядори. Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти. Россиялик миллиардерлар рейтингида Алишер Усмонов 8-ўринни эгаллаб турибди. У сўнгги ўн йилда $5,3 миллиардга бойиган. 2010 йилда — $7,2 млрд, 2020 йилда — $12,5 млрд. Энг таниқли саховатпеша бойлардан бири.

Қандай қилиб машҳур бўлди?


Алишер Усмонов 1953 йилда Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. Отаси Тошкент шаҳар прокурори бўлиб ишлаган. Алишер Усмонов Москва Давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаган. 80 йилларда давлат мулкини ўғрилаш ва фирибгарликда айбланиб, олти йилга озодликдан маҳрум этилган. Унга қарши айблар Совет даврида ташкиллаштирилган ва Усмонов Михаил Горбачев раҳбарлиги даврида тамоман оқланган. А.Усмонов катта даромадни илк бора 80 йилларнинг охирида елим халталарни ишлаб чиқариш орқасидан топган. Хом-ашёнинг арзонлигини билган ва елим халталар бозорининг катта бўлишига кўзи етган Усмонов орттирган даромадларини тўплаб, ўша вақтда кўпчиликнинг назарига илинмайдиган ва эндигина ривожланишни бошлаётган «Газпром» корхонасига тикади. Кейинчалик «Газпром»нинг металл билан боғлиқ ишларини бошқарувчи «МеталлоИнвест» компаниясига асос солади. Шундан сўнг, кўплаб оммавий ахборот воситалари ва телеком корхоналарига ўз сармоясини сарфлашни бошлайди. Айнан шу каби сармоялар Алишер Усмоновнинг миллардерларнинг етакчисига айланишига сабаб бўлган.
Алишер Усмоновнинг турмуш ўртоғи самарқандлик Ирина Винер гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган. Ҳозирда у Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти ҳисобланади. Алишер Усмонов аёлининг биринчи турмушидан бўлган фарзанди Антон Винерга оталик қилади.

Машҳур нима дейди?


«Мен учун пул — бу функция. У нимагадир эришиш имкониятини беради, ютуқларингиз ўлчови бўлиши мумкин ёки, аксинча, унинг миқдорига қараб, муваффақиятсизликларингиз ҳақида билиб олиш мумкин.»
«Ҳаракатсизлик ҳайкалга ярашади. Бизнесда эса динамизм — даромадингиз кафолати.»
«Мен ўзбек эканлигимдан фахрланишим ҳақида кўп марта айтганман. Бу менинг она юртим эканлигидан ғурурланаман. Ўзбекистон учун, Ўзбекистон раҳбарияти учун қанақа фойдам тегиши мумкин бўлса, барчасини қилишга тайёрман. Ҳар доим ва исталган дақиқада.»

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: