Амир Темур даврида тиббиёт

Бу мавзу деярли ўрганилмаган, аммо ўрганса арзийди, чунки Амир Темур тиббиётга жуда катта эътибор қаратган эди, яъни нафақат улкан лашкарнинг соғлиғи, балки ўз ҳукмронлиги остидаги бутун Турон давлатининг тиббиёти учун ўзини жавобгар шахс сифатида кўрган. Бу ҳақда узоқ гапириб ўтишимиз мумкин. Бироқ сизнинг вақтингизни ҳисобга олиб, мавзуга алоқадор баъзи маълумотлар билангина чекланиб қоламиз.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Амир Темур халқ соғлиғи йўлида ҳам жуда кўп ишларни амалга оширди. Масалан, ХIV асрда яшаган тарихчи олим Тожиддин Аҳмадийни ҳузурига чақириб, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобини эски ўзбек тилига таржима қилдирди ва уни аҳолининг турли қатламларига, хусусан, табибларга етказишда жонбозлик кўрсатди.

Унинг замонидаги тиббий қўлланмалар қуйидагилар эди:

Нажибуддин Самарқандий машҳур табиб бўлиб, ХIII асрда яшаган. “Ал-асбоб ва-л-аломат”, яъни “Касалликларнинг сабаблари ва аломатлари” деган асар ёзган.

Унинг замондоши – Қарши шаҳридан чиққан машҳур табиб – Али ибн ан-Нафис ал-Қаршийнинг “Ал-Муъжаз” асари ҳам ҳозиргача ҳам қимматли манба саналади.

Машҳур табиблардан яна бири, ўз даврининг алломаси ҳисобланган Ғиёсиддин Муҳаммад Жалолиддиннинг “Муолажоти илоҳий” асари эса жуда ноёб қўлланма ҳисобланарди.

Шунингдек, у ўз соғлиғини халқ тинчлиги ва осойишталигининг рамзи деб тушунар ва ёнида шахсий табиблар сақлар эди.

Бу тўғрисида Шарафутдин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ ва бошқа муаррихларда маълумот учратишимиз мумкин. Мавлоно Фазлуллоҳ табризий Амир Темурнинг шахсий табиби бўлган. Шунингдек, манбаларда табиблар сардори Мавлоно Жалолиддин, Мавлоно Сулаймон, Мавлоно Иззаддин, Масъуд Шерозий, Мавлоно Фаррух каби табибларнинг Соҳибқирон Темур саройида хизмат қилганлиги тилга олинади. Аҳмад Юсуф ибн Фақиҳ Илёс деган машҳур табиб “Ташрихи Мансури” ҳамда “Рисола дар ташрихи бадани инсон”, яъни “Инсон танасига оид рисола” китобларини ёзган.

Амир Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги йилларида тиббиёт илмий асосга эга эди. Мадрасаларда тиббиёт фани оламининг йирик намоёндалари – Гиппократ, Ибн Сино, ар-Розий ва бошқа ўнлаб тиб олимларининг асарлари, даволаш усуллари қаттиқ ўргатилган. У пайтларда сохта табибчилик қилиш энг катта гуноҳ ҳисобланган.

Амир Темур, айниқса, покизаликка жуда эътибор берган. Амир Темур ҳузурида бўлган Руи Гонсалес де Клавихо гўшт майдаловчилар тўғрисида ёзар экан, уларнинг “олдиларига пешбанд тутган, қўлларига чарм қўлқоп кийиб олган” ларини ёзади.

Қўшинга ёки чорвага ўлат текканда муҳофаза чоралари кўрилган, қирқ кун чилла сақланган, яъни ҳозирги тил билан айтганда, умумий карантин эълон қилинган. Масалан, оғиздан-оғизга етиб келган хабарларга кўра, Амир Темур навкарларига сариқ касали текканда, улар Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган Омонхона сойида чиллада сақланган ва шу ердан чиқадиган шифобахш булоқ сув билан даволанишган. Бу ерда жуда кўп табиблар эртаю кеч беморларга ёрдам кўрсатиб турганлар. Қозонларда парҳез таомлар тайёрланган, улардан бири суюқош бўлиб, Сурхондарё вилоятининг шимолий туманларида ҳозирда бу таом сариқ касаллиги билан оғриган беморларга берилади.

Хуллас, мана сизга жуда катта мавзу: илмий иш қиламан деган ёш шифокор  бўлса, Амир Темур ва Темурийлар даврига ҳам бир назар солсин. Улкан тиббий хазина ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.

Тўлқин ҲАЙИТ       

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: