Saytda texnik ishlar olib borilmoqda!

БАРАК ОБАМА: Путин менга бир вақтлар пора, шантаж, алдов ва зўравонлик билан бошқарган шахсларни эслатди

АҚШнинг 44-президенти Барак Обама «Орзудаги замин» деб номланган хотира китобини нашрдан чиқарди. Китоб сотувга чиқарилган биринчи куннинг ўзида АҚШ ва Канадада 890 минг нусхада сотилди. Бу Penguin Random House нашриёти учун рекорд натижа ҳисобланади.

Китобда унинг чет элга сафарларида дунё раҳбарлари билан учрашувлари ҳам кенг ёритилган. Қуйида Обаманинг Владимир Путин ҳақидаги фикрларини келтириб ўтамиз.

Барак Обама президент сифатида Россияга биринчи марта 2009 йил ёзда ташриф буюрган. Ташриф олдидан Оқ уй раҳбарига АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ходими Майкл Макфол маслаҳатчи бўлган, кейинчалик у Москвада элчи сифатида иш бошлаган.

Ўша пайтда Россия президенти Дмитрий Медведев Обамани АҚШ билан яхши алоқалар ўрнатишга қизиққан «замонавий сиёсатчи» сифатида ҳайратда қолдирган. Хотира китобидаги эсдаликларга кўра, Макфол Обамани Медведев ҳақиқатан ҳам «жаҳон саҳнасидаги жиддий роли»ни исботлашга уринаётгани ҳақида олдиндан огоҳлантирган.

«Қарорлар ҳали ҳам Путин томонидан қабул қилинишини унутманг», деган Обамага маслаҳатчиси. Бу Дмитрий Медведевнинг Обама билан биринчи учрашувидаёқ тасдиқланган. Ўша пайтда икки томонлама муносабатларда асосий муаммоларидан бири Грузия билан бўлиб ўтган «уч кунлик уруш» эди. Обаманинг эслашича, бу мавзуда суҳбат бошланиши биланоқ, Медведев Россия ҳукуматининг расмий муносабатини такрорлаган. Аммо гап унча «нозик» бўлмаган бошқа мавзуларга ўтганда, Медведев ўзини эркин тутиб, очиқчасига завқланиб суҳбатлашган. «У менга ўзи айтган бирор-бир сўзга ишонмаслигини кўрсатмоқчи бўлган эди», деб ёзади Барак Обама.

Шундан сўнг, Обама Ново-Огаревода ўша пайтда бош вазир лавозимида бўлган Владимир Путин билан учрашади. Уни қароргоҳдаги шоҳона дастурхон тузалган залда кутиб олишади. Обаманинг ёзишича, Путин унга, сиёсатга илк бор кириб келганида Чикагода дуч келган одамларни эслатган. «Қандайдир округ хўжайини каби кимса, лекин қўлида ядро қуроллари ва БМТ Хавфсизлик Кенгашида вето қўйиш ҳуқуқи бор одам», деган Обама Путин ҳақида.

«Путин менга бир вақтлар «Чикаго сиёсати»ни ёки Тиммани-ҳоллни (XIX аср ўрталаридан XX аср бошларигача Нью-Йоркда демократик партиядан номзодлар кўрсатадиган жамият) пора, шантаж, алдов ва зўравонлик билан бошқарган шахсларни эслатди», деган у.

Қўшма Штатлардаги Чикаго сиёсий «машина»си азалдан коррупция рамзи бўлиб келган. Оқ уйнинг собиқ раҳбари эслаганидек, Россия раҳбари суҳбат бошида АҚШга қарши барча даъволарини батафсил баён қилишни афзал кўрган.

«Путин охири тугамайдиган гапини бошлаганида, мен ўз саволимни тугатишга аранг улгурардим. У АҚШ томонидан қилинган адолатсизликлар ва америкаликларнинг русларга нисбатан ҳурматсизлик ҳолатларини батафсил санаб ўтди. Ҳатто 11 сентябр куни президент Бушга қўнғироқ қилиб, разведка маълумотларини тақдим этганини ҳам гапирди», дейди Обама ўз хотираларида.

Шунингдек, Россия раҳбари АҚШ Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳарбий базалар очганда ушбу мамлакатлар расмийлари билан гаплашиб, уларда Америка ҳарбий базаларини жойлаштиришда ёрдам берганини гапириб ўтган. Обаманинг эслашича, Путин «Буш унинг огоҳлантиришларига қулоқ солмагани» ва унинг Ироққа бостириб кириши Яқин Шарқдаги вазиятни издан чиқаргани ҳақида гапирган.

Путин гапираётиб НАТОнинг кенгайиши ва АҚШда «Россия таъсир доирасидаги мамлакатлар»га уюштирилган «рангли инқилоблар» ва АҚШнинг «дунёга ҳукмронлик қилиш» йўлидаги уринишларига ҳам тўхталган.

Бундан ташқари, Путин АҚШ Россияни «тенг ҳуқуқли шерик» сифатида кўрмаслигини, шунинг учун бундай шароитда икки томонлама муносабатлар яхшиланишига умид қилиш қийинлиги ҳақида ҳам гапирган.

Обаманинг таъкидлашича, Путин 45 дақиқа тинмасдан гапирган. Шундан сўнг, АҚШ раҳбари Путин томонидан қилинган эътирозларга, саволларга батафсил жавоб беришга уринади. Аммо Путинни унинг жавоблари қизиқтирмайди, Путин уни диққат билан тингламаган.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: