Барнум эффекти мунажжимлар башорати

нимага асосланганини англатади

Бошқа одамлар эътибор қаратишига ва ҳурмат қилишига муҳтожсиз, айни вақтда ўзингизга танқидий ёндашаяпсиз. Баъзи камчиликларингиз бўлишига қарамай, одамларни яхши жиҳатларингиз борлигига ишонтира оласиз. Бироз сабрли бўлсангиз, мақсадингизга эришасиз.

Ташқаридан ўзига ишонган одамдай кўринасиз, лекин ичингизда жуда ҳаяжонланасиз. Баъзида бирор ишни қилиб, тўғри қилдимми-йўқми дея иккиланасиз. Сизни қоидалар билан чеклаб қўйишларидан ўзингизни ёмон ҳис қиласиз…

Шу каби мунажжимлар башоратини ўқигач, ҳар бир инсон унинг нақадар ўзига мослигидан ҳайратланиши эҳтимолдан холи эмас.  Аслини олганда эса ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Юқоридагиларни баён этиш учун ҳар бир бурж бўйича осмондаги юлдузларни кузатиш ҳам талаб этилмайди. Бу одамларнинг умумлашган шахс тавсифи бўлиб, кўпчилик айнан менга тегишли деб ҳисоблайди. Психология фанида Барнум ёки  Форер эффекти деб аталади.

Психолог Бертрам Форер 1948 йилда тадқиқот ўтказиб, ушбу ҳолатни тушунтириб беради. Тадқиқотда талабаларга шахснинг психологик анализлари натижаларидан иборат тест берилади. Бироқ ҳақиқий натижалар ўрнига мунажжимлар башорати тарқатилган эди. Кейин эса Форер ҳар бир талабадан ўзи ҳақидаги таърифнинг мослик даражасини баҳолашни сўрайди. Натижа Форерни ҳайратга солади. Жавобларнинг аксарияти барча талабага тўғри келади.

Умумий қоидага кўра, Барнум эффектида таърифлар мавҳум, ноаниқ гаплардан иборат, кўрсатилган хусусиятлар кўпчиликка хос бўлиши керак. Масалан: сиз бахтли бўлишга ҳақлисиз, гўзал феъл-атворингиз билан ажралиб турасиз, ақлли ва интилувчансиз каби. Энг муҳими, таъриф одамни ижобий жиҳатдан характерлаши керак.

Бир француз психологи газетага астролог хизмати ҳақидаги рекламани жойлаштиради. Юзлаб буюртмага эга бўлгач, у ҳамма мижозларига бир хил мазмундаги, мавҳум гапларни ёзиб юборади. Буни қаранг-ки, унга 200 дан ортик киши аниқ башорат учун миннатдорлик билдиради.

Иккита кўз мавжудлиги ҳамма умуртқали ҳайвонларга хос, демак, бу уларни фарқловчи омил эмас. Моҳиятан ҳар бир психологик хусусият маълум даражада ҳаммага тегишлидир, – деб ёзади Форер мақолаларидан бирида. Яъни башоратда қандай хусусиятлар саналган бўлса, улар кўп ҳолларда  ҳаммага тегишли бўлади.

Маълумки, танқидни ҳамма ҳам қабул қила олмайди, аксариятимизга мақтов, олқиш ёқади. Шунинг учун Барнум эффекти ижобий гаплардан иборат бўлади.

Экстрасеанслар, фолбинлар, сохта психологлар бу техникадан усталик билан фойдаланишади. Уларнинг қабулига келганлар эса, ўзи ҳақидаги аниқ маълумотларни эшитаётгандан ҳайрон бўлишади.

Мухтасар айтганда, мунажжимлар башоратидан кўзланган мақсад бировнинг мушкулини осон қилиш ёки унга тўғри йўл кўрсатиш  эмас, одамлар эътиборини жалб этиш ва шу орқали даромад топиш эканини унутмаслик керак.

Ирода НОРБОЕВА 

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: