Бетараф депутатлар яна панд берди

ёхуд “Миллий тикланиш” ДП ва “Адолат” СДП фракциялари қонун лойиҳасини нега муҳокамадан чиқаришга ҳаракат қилди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 5 май куни бўлиб ўтган мажлиси кун тартиби тасдиқланишидан аввал “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров биринчи ўқишда киритилаётган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқариш таклифини билдирди. Фракция раҳбари ўз таклифини қонун лойиҳаси концепцияси бир қатор камчиликларга эга эканлиги, айниқса лойиҳага илова сифатида киритилган тушунтириш хати билан қонун лойиҳаси ўртасида номувофиқликлар мавжудлиги, қонун ташаббуси субъекти томонидан ушбу масалаларга эътибор қаратилмагани билан изоҳлади. Айрим депутатлар эса қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллаш ва жиддий муҳокама қилиш учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигини айтиб ўтдилар.

Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ҳам тушунтириш хати асосий ҳужжат эмас, биз қонун лойиҳасини муҳокама қилаверишимиз мумкин деган қатъий муносабатни билдирди. Бироқ, “Адолат” СДП фракциясининг таклифини “Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров қўллаб-қувватлади ва куни кеча бўлиб ўтган фракция йиғилишида ҳам ушбу партия аъзолари лойиҳага қарши овоз берганликларини таъкидлади. Шундан сўнг лойиҳа кун тартибида қолиш ёки қолмаслиги масаласи овозга қўйилди ва унинг натижаларига кўра лойиҳа кўриб чиқиладиган бўлди. Мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамаси кескин баҳс-мунозарага айланиб кетди. 
… Муҳокамаларда масофадан видеоселектор тарзида иштирок этган Адлия ва Молия вазирлари ўринбосарлари, бошқа мутахассислар ҳам қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш ва уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатларнинг таклифларини инобатга олиб такомиллаштириш юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Аммо, “Адолат” СДП ва “Миллий тикланиш” ДП фракциялари аъзолари қонун лойиҳасини бу шаклда қабул қилинавериши, уни ҳаётда ишламаслигига олиб келади деган позицияни қатъий ҳимоя қилдилар. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда овозга қўйилганда депутатларнинг 73 нафари ёқлаб овоз берган бўлса, 26 нафари қарши чиқди, 9 нафар депутат бетарафлигини билдирди ва қонун лойиҳаси биринчи ўқишда ўтиши учун бор йўғи 3 нафар овоз етмади…

P.S. Бетараф депутатни ҳеч тушунмайман, Кўпчилик «унинг ўз позицияси йўқ, болалигидан дадасининг кўрсатмаларини қилиб ўрганган» деб ҳисоблайди. Мен бу фикрга кўпам қўшилмайман: бетарафлар, яъни ўз нутқаи назари, позицияси йўқлар, жуда эҳтиёткор одамлар, улар хато қилишдан эмас, кимгадир ёқмай қолишдан қўрқишади.
Жаноб бетараф депутатлар, қайси тарафда эканлигингизни аниқлаб олиш фурсати етмадими?

Суқрот Тошкандий

Фикр билдириш