Бир марталик “умри боқий” елим идишлар

Ҳар гал бир хил вақтда кўп қаватли уйлар оралаб, сут-қатиққа тўла икки сумкасини елкалаган аёл уч-тўрт соат ичида “юки”дан қутулиб, уйига йўл олади. Унинг қўлидаги ранги униқиб кетган “баклашка”ларга кўзим тушганда бу идишларнинг ҳар бири неча-неча хонадонга “меҳмон” бўлиб чиқди экан, дея ўйлаб қоламан. Негаки, баъзиларининг усти қирилган, бужур, ҳатто, ўзига мос бўлмаган қопқоқ билан беркитилган бўлади. Энг ёмони, йўлида учраган шундай идишларни териб, сумкасига солаётганига ўзим гувоҳ бўлганман.

Ахир, кўча-кўйда ётган, тўғри келган елим идишни йиғиб, сут солиб сотиш инсофданми? Нари бери ювган, чайган бўлса бордир. Балки, кўнгилчанлик қилиб, қўяверинг, шу савдо ортидан бечора аёл рўзғор тебратаётгандир, кам-кўстини тўлдираётгандир, дерсиз. Шундай бўлиши ҳам мумкин, бироқ бу ҳаракати билан бошқалар саломатлигига путур етказиб қўймаяптими? Қайта-қайта ишлатила-ётган баклашканинг инсон саломатлиги учун қанчалик хавфи борлигини ўша аёл биладими? Бошқалар-чи?

Мутахассислар пластмасса ва елим идишлар биз ўйлагандан ҳам хавфли эканини таъкидлашмоқда. Негаки, бундай идишдан маълум вақтдан сўнг чиқадиган заҳарли моддалар озиқ-овқат, ичимлик билан бирга инсон организмига зиён етказиши мумкин экан. Елим таркибидаги хавфли кимёвий “Бисфенол-А” моддаси инсон танасига ўрнашиб, тўплангач, турли хил касалликларни келтириб чиқариши, шу жумладан гормонал ўзгаришларга олиб келиши тажрибада исботланган. Бундан ташқари, овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятини, модда алмашинувини бузади, аллергик реакция келтириб чиқаради.

Энди ўйлаб кўринг, сиз аввалги “тақдири”дан бехабар бўлган баклашкадаги сут саломатликка зиён етказмаслигига ким кафолат беради?

Дўкондан сотиб олинадиган суюқлик тўлдирилган елим идишнинг ёрлиғига қаранг. Айланага олинган “PET” ёки “PETE” ёзуви идишни фақат бир марта ишлатиш кераклиги белгиси ҳисобланади. Бир марта фойдаланилган идишни қайта ишлаш корхонасига топшириш керак, сутчи хотинларга эмас! Бироқ биз “раҳмдиллар”  баклашканинг “умри”га умр қўшиб, керак бўлса, йиллар давомида “дастёр”имизга айлантириб оламиз. Хоҳласак, сув, хоҳласак сут солинадиган ёки ёғ сақланадиган идишга айлантирамиз. Беихтиёр, ўйлаб қоласан киши, биз, ОАВ вакиллари халқимизга елим идишларнинг зарари ҳақида етарлича ахборот беролмаяпмизми экан? Эҳтимол, бундай идишларни такрор ишлатиш зарарлигини кўпчилик билмас ёки билса-да ўз соғлигига ўзи жабр қилиб чарчамас?

Эсимни таниганимдан бери эрта саҳарда – хўроз қичқириғидан аввал “сут, малако” деган қичқириқни эшитиб келаман. Мана, ҳозир ҳам шу овоз… сут сотиш услуби ҳам ҳали-ҳамон ўша-ўша… Ундан кўра бироз қиммат бўлса-да, дўкондан қадоқланган сут ва сут маҳсулотлари сотиб олганимиз афзал эмасми?! Албатта, бу борада ҳамманинг фикри ҳар хил. Шуниси аниқки, инсон саломатлиги баридан устун.

Сиз нима дейсиз, ҳурматли фикрдош?

Маҳфуза Пўлотова,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: