Трамп шунча танқидга чидади, аммо бизнинг вазир…

Хабарингиз бор, собиқ депутат Қобул Дўсов ва Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги суд жараёни давом этмоқда. Вазирлик вакиллари Қобул Дўсовнинг ижтимоий тармоқлар орқали  вазирликни “хоин”лар дегани, тизим коррупцияга ботгани ҳақида ва ўқитувчиларнинг муаммоларини айтиб чиққани юзасидан раддия талаб қилмоқда. 

Аслида халқ таълими тизимида муаммолар кўплигини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин, вазирлик бу гап-сўзларни “кўтара олмаяпти”. Шу ўринда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов АҚШда таҳсил олганини эсласак,  Америкада “хиёнат” сўзи ҳақоратга кириш-кирмаслигини яхши билсалар керак. Қолаверса, президент Доналд Трампни америкаликлар ОАВ орқали ва оммавий учрашувларда кўп бор «хоин»ликда айблаган, ҳатто турли лақаблар тўқиган бўлса ҳам, Трамп оға ҳеч кимни судга бермади! Нима учун энди деярли барча масалаларда АҚШдан андоза олаётган вазир фикр ва сўз эркинлиги борасида ҳам шундай ёндашув қилмаяпти?

Тан олиш керак, 2018 йил 20 июнда вазир этиб тайинланган Шерзод Шерматов соҳада ўзига хос ўзгаришлар, янгиликлар қилди. Лекин, тизимда коррупция ҳамон камаймаётгани, йиғди-йиғдилар барҳам топмаётгани ҳам бор гап.

Масалан, турникет деган матоҳни ўрнатамиз деб 30-40 мингдан пул йиғиб, ўша матоҳни ўрнатиб, бир ой ўтмай таъмирга олиб кетилганига нима дейсиз? Энг қизиғи, ўша турникетлар қайтиб келмади, баъзи жойларда эса ўрнатилмади ҳам.

Ёки яқиндагина ўтказилган ўқитувчиларнинг аттестациясини оладиган бўлсак, у ҳам шубҳасиз коррупцияжон-у, “Франклин амаки”сиз ўтмади. Буларнинг исботини эса ўқитувчиларнинг ўзларидан эшитинг:

Музаффар Исмоилов,  ўқитувчи:

Аттестация ўқитувчилар ойлигини пасайтиришнинг маданий усули. Саволлар атайин мураккаблаштирилган, берилган вақт жуда оз. Хонага киришда устозлар учун яхшигина “ҳақорат” ҳам тайёр турибди. Миллий гвардия назоратидан ўтиш керак. Қўли билан текшириб, яна аппаратини ҳам ишга солади. Тўлов қоғози дегани ҳам бор, уни кўрсатмасангиз рўйхатда борлигингиз ҳисобга ўтмайди. Ўқитувчи абитуриент сингари бўлиб қолди. Устозга ҳурмат шуми? Менимча, аттестация ХТБ ходимлари иштирокида мактабда ўтказилиши керак. Мактаб раҳбарияти, ота-оналар тавсияси ҳам инобатга олиниб, тест аттестациянинг 20 фоизини эгаллаши даркор.

Дилфуза Ғазнаева:

     – Мен айнан Дўсов айтган Қамашидаги энг қалоқ, ачинарли мактабда ўқиганман. Ўқувчилигимда Дилбар Ғуломованинг “Ёш куч” журналида эълон қилинган “Ҳамма яхши нарса болаларга” номли мақоласини ўқиб, мактабимизнинг аҳволи ҳақида  мақолага  жавоб хати ёзганман. Журналда “Қашқадарёда нега шикоят кўп” сарлавҳаси остида менинг шикоятим ҳам ёритилган. Лекин, аҳвол ҳамон ўша-ўша. Аслида Дўсов таърифлаётган мактаблар ҳар бир вилоятда, туманда топилади. Шундай экан, Қобул Дўсов бизга  ўз вақтида кўзгу тутқазмадимикин?

Энди эса эътиборингизга Қобул Дўсов билан қилган кичик суҳбатимни ҳавола қилмоқчиман…

– Ассалому алайкум, Қобул ака! Айтинг-чи, сизни ижтимоий тармоқларда кескин чиқишлар қилишга нима мажбур қилди?

– Бунга албаттаки, республикадаги кўплаб ўқитувчиларнинг норозиликлари ва менга йўллаган мурожаатлари сабаб бўлди. Мактаблардаги оғир шароитлар, коррупцияга ҳолатлари сабаб гапиришга мажбур бўлдим. Иккинчидан эса шу юртда яшаётган ҳеч бир болага беэътибор бўла олмайман.

– Сизнинг “Коррупцияга ботган аттестация тизими бор, биз буни ислоҳ қилмадик.  40 йилдан буён аттестацияни бир хил одамлар ўтказади ёки келади соққасини олади кетади, ўқитувчиларимизни қийнаганимиз қийнаган” деган сўзингиз учун раддия талаб қилишмоқда. Сиз ҳали ҳам ўз позициянгизда турибсизми?

– Албатта.  Юқоридаги сўзлар гарчи  ҳиссиётга берилиб айтилгандек кўринса-да, бу ҳақиқат. Халқ таълими вазирлиги мендан “Юртимиздаги барча мактаблар яхши, халқ таълимида коррупция йўқ, мен адашибман” деган раддиямни талаб қилиб судга берган. Баъзи сифатсиз дарсликлар ҳақида сўз юритиб буни  хиёнат деб атаганимни мутлақо нотўғри тушунишган. Улар “Хиёнат”, ”Хоин” сўзларини ватанга нисбатан олишибди, ваҳоланки, хиёнатни шахсга, инсонга, таълимга нисбатан ҳам қўллашимиз мумкин. Мен чиқишларимда Шерзод Шерматовни эмас, тизимни танқид қилганман. Вазирнинг олиб бораётган ислоҳотларга ҳам кўз юмганим йўқ. Лекин, ютуқларга бутун умр қарсак чалиш билан иш битмайди- ку?!

– Аттестация тизими ҳақидаги фикрларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.

– Аттестация тизимида мантиқсизлик бор. Масалан, менга мурожаат қилган ўқитувчилардан бирининг ёзишича, унга аттестацияда “Тошкент шаҳрининг қайси туманида, ___ мактабда смарт хона бор?” деган савол тушган. Ўша смарт хонаси бор мактабнинг рақамини билишдан ўқитувчига қандай фойда борки, эртага мактабга бориб ўқувчисига ўргатса?!  Бундай мантиқсиз саволларга чек қўйиш учун соғлом, миллий дастур тузиш ва ўқитувчиларнинг билимини онлайн, электрон тарзда имтиҳондан ўтказиш лозим.

–  Сўнги сўз ўрнида нималарни айтган бўлардингиз?

– Аслида демократик давлатда бир сўзни деб шов-шув кўтариш шартмас. Майли, бир томондан яхши ҳам бўлди. Менинг мисолимда бу муаммолар “портлади”. Афсуски, вазирлик уларни ҳал қилишга кўпроқ вақт сарфламай,  муаммони айтган одам билан машғул бўляпти. Куни кеча судда гувоҳлик берган Ш.Т. “қизни қуда холага мақтагандек” оғзи кўпириб таълим тизимини мақтади ва соҳадаги янги ислоҳатларга энди 3 йил бўлганини, тизим ҳали ниҳол эканини, биз эса ниҳолдан мева сўраётганимизни айтди. Мен эса таълим тизимини шундай ислоҳ қилайликки, 3 йилда эмас 3 ойда мева берсин, дегим келади!

P.S. Ушбу материални чоп этиш ёки этмаслик ҳақида кўп ўйладик: аввало, суд жараёни давом этаётган бўлса, қолаверса, материал кўпроқ Қ.Дўсов томонига тортиб кетаётгандек бўлса. Охири шундай хулосага келдикки, фикр эркинлигини чекламаймиз, балки томонларга тенг имкон берамиз. Марҳамат, ХТВ ёки уларни ёқловчи фикрлар бўлса юборинг, албатта, эълон қиламиз. Материалда билдирилган фикрлар эса суд ишига асло босим ўтказмайди, зеро, бу фикрлар суд мажлисида ҳам айтилган ва иш баённомасида акс этган.

Азизбек АБДУМАЛИКОВ

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: