Боқий само юлдузлари

1979 йил 11 август… Бу кун ўзбек футболи оғир жудоликка учраган кун сифатида ёдимизда муҳрланиб қолган. Шу куни бутун СССРда машҳур бўлиб улгурган “Пахтакор” жамоаси моҳир ўғлонларидан айрилган эди. Орадан қирқ йил ўтган бўлса-да, халқимиз ушбу машъум воқеани унутгани йўқ. Келинг, бугун яна ҳам уларни ёд этган ҳолда тарихга назар ташлаймиз.

Кўпчиликка маълумки, Тошкент марказида 1954-56 йиллар оралиғида ҳашар йўли билан стадион барпо этилган. 1956 йил 11 август куни эса Анҳор ёқасида қад кўтарган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган ва унга “Пахтакор” деб ном берилган. 20 август куни эса мазкур стадиондаги илк учрашув бўлиб ўтган. Худди шу йили «Пахтакор» футбол клуби ҳам ташкил этилган.

Клубнинг бир қатор ўйинлари мухлислар қалбидан жой олган. Масалан, “Пахтакор” 1975 йил 17 октябрда Тошкентда Киевнинг “Динамо” жамоасини 5:0 ҳисобида мағлуб этган. Хадзипанагиз, Ан (2) ва Исоқовнинг (2) урган голлари ўша даврдаги Европа грандининг шармандали мағлубиятига сабаб бўлган. Бундан ташқари, жамоа Москва жамоаларини “қақшатгани” билан ҳам мухлисларининг олқиш ва ҳурматига сазовор бўлган. 1979 йил 8 август куни эса жамоа 32000 мухлис қаршисида “Заря” клубини 3:1 ҳисобида мағлуб этади. Бу “Пахтакор” жамоасининг сўнги ўйини эканлиги эса ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди.

1979 йил 11 август куни жамоа навбатдаги баҳсни ўтказиш учун Минск шаҳри томон отланганида диспетчер Жуковскийнинг хатоси сабаб йигитлар ўз манзилларига етиб бора олишмайди. Нотўғри ҳисоб-китоблар натижасида “Пахтакор” жамоаси парвоз қилаётган TU-134 самолёти Челябинск–Кишинёв рейсини амалга ошираётган шу русумдаги самолёт билан тўқнашиб кетади ва иккала бортда бўлган 178 нафар киши ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганлар орасида эса 17 нафар жамоа аъзолари, жумладан, клуб сафида ҳали бирор марта майдонга тушмаган 18 ёшли Сирожиддин Бозоров ҳам бор эди.

Шу ўринда бир устозимнинг қуйидаги таъсирли ҳикояси ёдимга тушади…

“Мен иш юзасидан сафарга кетган эдим. 12 август куни сафардан қайтиб таксига ўтирдим. Йўл-йўлакай ҳайдовчи менга жамоа билан рўй берган ўша ҳодиса ҳақида сўзлаб берди. Мен бу гапларга ишномадим ва ундан “Пахтакор” стадионига олиб бориб қўйишини сўрадим. Етиб бориб қарасам, стадионда тумонат одам, трибуналар тўлган. Майдон эса бўм-бўш. Ҳамон бу ҳолатни эсласам, этим жунжикиб кетади”. 

Бу ҳолат эса менга бобомнинг айтган гапларини ёдимга солади: “Яхши инсонлар ҳеч қачон ўлмайди, бундай инсонларнинг номи мангу яшайди”.

Сухроб Садрий

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: