Хожибой акани тушундингизми? Ёхуд божхоначиларнинг маоши қанча?

Раҳматли Хожибой Тожибоевнинг бир қизиқ гапи бўларди: “Ўзбек ва америкалик учрашиб қолибди.

Америкалик: — Бизда оддий ишчилар 2 000 доллар маош олади, ярми еб-ичиши ва яшашига етади, қолганини нима қилади, билмайман”, деса,
Ўзбек: — Бизда 50 000 сўм олишади, лекин бир ойда 450 000 минг сўм харажат қилишади, қолганини қаерда олади, билмайман, дермиш”.

Икки кун давомида ўша америкада таҳсил олиб келган иқтисодчи Обид Ҳакимовни “5600 сўм даромади бор одам камбағал эмас”, деган гапи учун бу фикрни тушунганлар ҳам, тушунмаганлар ҳам, роса танқид қилишди.

Энди буёғини эшитинг: божхоначиларнинг маоши қанча?
Улар кўп маош олишадими?

Божхона пости бошлиғининг уйи тинтув қилинганда 311 минг доллар чиқибди.

Бош прокурорнинг маълум қилишича, “Арк булоқ” божхона пости бошлиғи бошчилигидаги бир гуруҳ божхона ходимлари пора эвазига турли субъектлар томонидан импорт қилинган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлат манфаатларига қарийб 9 млрд. сўм зарар етказган.

Тергов жараёнида пост бошлиғининг уйида ўтказилган тинтувда, пора сифатида олинган 311 минг доллар нақд пуллар чиқибди.

Шунингдек, жиноий йўл билан топилган пуллар эвазига Бўстонлиқ туманида 8 сотихли дала ҳовли қурганлиги, “Тошкент Сити” мажмуасидан 2 та хонадон ва битта нотурар жой ҳамда “Каптива” автомашинаси сотиб олганлиги аниқланган.

Энди Хожибой акани тушундингизми?
Йўқми, унда давомини эшитинг!

Шунингдек, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг маълум қилишича, ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

Жумладан, «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк»да бошқарув раиси лавозимларида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган.

Хусусан, муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни амалда бошқариш учун 18 нафар шахслардан иборат уюшган гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишган.

Уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 млрд. сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 млрд. сўмга яқин бюджет  маблағини талон-торож қилган. 215 млрд. сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 млн. доллар нақд пулга айлантирилиб,  хорижга олиб чиқиб кетилган.

Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 млрд. сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган.

Бундан ташқари, Э. «Халқ банки» бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биноси қурилишини олиб бораётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида 5,5 млрд. сўмлик банк маблағини талон-торож қилган.

«Микрокредитбанк»ка раҳбар этиб тайинланганда эса, ўз раҳнамолигидаги фирмалар орқали биргина хизмат кабинети учун 100 млн. сўмлик мебель жиҳозларини 273 млн. сўмга, банкнинг Сирдарё филиали учун 700 млн. сўмлик бинони 4 млрд. 700 млн. сўмга сотиб олиб, маблағларни ўмарган.

Ҳозирда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олиниб, суд олдида жавоб бермоқда.

Энди тушундингизми?

Суқрот Тошкандий

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: