Болалар ва мактаб

Маргарет Тэтчерни умри давомида икки тахаллус билан атаб келишган. Биринчиси СССР совға қилган ўша машҳур «Темир хоним» (железная леди). 1976 йили инглизларнинг «The Sunday Times» газетаси СССР Мудофаа вазирлиги газетаси шарҳловчиси капитан Гавриловнинг консерваторлар етакчиси – Тэтчер ҳақидаги «Темир хоним» (железная дама) иборасини шундай таржима қилишганди.

Тэтчернинг иккинчи тахаллуси эса milk snatcher (милк снэтчер) яъни болалар сути ўғриси маъносида жуда ҳақоратли эди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Британия қашшоқ эди. Маълум сабабларга кўра, озиқ-овқат танқис эди ва ҳукумат 11 ёшгача болаларга ҳар куни битта иссиқ тушлик ва шишачаларда 1/3 пинтадан (пинта – инглиз ўлчов бирлиги) сут беришни таъминлайдиган таълим ҳақидаги қонунни қабул қилди.

1970 йилда сэр Эдвард Хизнинг ҳукумати даврида таълим вазири бўлган Тэтчер мактабларга бюджет харажатларини қисқартириш мақсадида сутни фақат етти ёшгача бўлган болаларга қолдиради.

О, бу қарор ўшанда бутун мамлакатнинг шундай жаҳлини чиқарадики! Ҳар хил карикатуралар, норозиликлар. Одамлар «Тэтчер, Тэтчер, милк снэтчер!» дея мазах қилиб юришарди.

1989 йилда Тэтчер Буюк Британия Бош вазири сифатида таълим вазиридан бепул сутларни боғчалардан ҳам олиб ташлаш бўйича таклиф олганида, ўша пайтдаги архив маълумотларига қараганда у ўз қўллари билан шундай ёзган экан: «ўқувчиларнинг сути давлат учун арзимаган 4 млн.фунтга тушади. Ва халқнинг ғазабини келтиради. Мен буни 19 йил олдин бошимдан кечирганман. Яхшиси, 4 млн.фунтдан кўра, 400 млн.фунтни тежаб қоладиган усулларини топинглар. Шунда таклифингларни кўриб чиқаман».

Лекин барибир охирги нафасигача, ҳатто таъзия билдиришда ҳам лейбористлар партияси ва матбуот унинг ўша тахаллусни эслашганди.

Болалигимда Киевдаги Собиқ Иттифоқ мактабида бизларга ҳам ҳар куни бир кружкадан сут беришганини эслайман. Тошкентдаги мактабда эса Мустақиллик йилларида сут йўқ эди, 90-йилларнинг бошларида «президент»дан озроқ у-бу нарса бериб туришди. 9 синфгача ҳафтада бир таркибида йоди бор (антиструмин) таблеткалар беришган. Кейинчалик буларнинг бари йўқолди.

Агар мактаб ва болалар учун ажратиладиган бюджетдан қисқартилиб ё олиб ташланган ҳар бир нарсага аччиқ тахаллуслар берилганида эди, амалдорлар етти ўлчаб бир кесган бўлармиди.

Менинг уч болам бор. Ёш авлодни соғлом ва бақувват бўлиб тарбияланиши нақадар муҳим эканини биламан. Яшаш даражасини ҳисобга олиб, вилоятлардаги бошланғич мактабларга иссиқ нонуштаси ва иодли препаратларини қайтариш керак.

Азиза Умарова

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: