Буйруқ амалга ошмаса, ундан не наф?

Мактаб таълими тизимида ортиқча фанларнинг юклатилгани ўқувчига етарли билим беришга ҳалақит қилади.

Сўнгги вақтларда репетиторларга, яъни қўшимча таълимга эҳтиёж кучайгани бежиз эмас. Ўқувчилар эгалламоқчи бўлган соҳасига доир фанларга пухта тайёргарлик кўриш учун репетиторга қатнаб, мактаб дарсларини ташлаб қўяётгани, бунинг оқибатида мактабларда  юқори синф ўқувчиларининг давомати қониқарсиз даражага тушиб бораётгани ҳам сир эмас.   

Олти ойча аввал Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида бу муаммога ечим топилгани ҳақидаги хабарни ўқиган эдим: “Халқ таълими тизимидаги мактабларнинг 10-11-синфларида фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитилади”. Унда қайд этилишича, “2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, тажриба сифатида 10-11-синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланади. Тажриба синов 2019-2020 ўқув йили якунига қадар ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири буйруғи билан 2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режалар тажриба-синовдан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2019 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”сида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режаларининг жорий этилиши белгиланган.

Вариатив ўқув режаларини жорий қилишдан мақсад ўқувчиларнинг ўзлари қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришини таъминлаш ва юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишдан иборат”.

Ажойиб! Вазир буйруғида 2020-2021 ўқув йилидан эътиборан, 10-11 синф ўқувчилари 3-чоракдан бошлаб 7 та мажбурий фандан ташқари ўзлари эгалламоқчи бўлган соҳасига доир фанларни танлаш ҳуқуқига эга бўлишлари белгиланибди (мажбурий фанлар: она тили ва адабиёти, ўзбек тили/рус тили, чет тили, тарих, математика, информатика, маънавият асослари (тарбия), жисмоний тарбия).  

Шунингдек, вазирнинг буйруғига кўра, ўқувчилар қуйидаги ихтисослашган йўналишларнинг бирини танлаган ҳолда таълим олиши мумкин эди:  

  • хорижий тил ва филология йўналиши;  
  • технология йўналиши;  
  • молия-иқтисод йўналиши; 
  • табиий фанлар йўналиши;  
  • ижтимоий-гуманитар фанлар йўналиши. 

Рости, хабарни ўқиб, ўқувчилар учун анча енгиллик бўлар экан, деб ўйлаган эдим. Aммо мактабларда ўқувчи ва ота-оналар томонидан дастурга норозилик билдирилса ёки мактабда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг савияси тизимнинг таълим бериш талабларига жавоб бермаса, бу тизим йўлга қўйилмаслиги мумкинлиги ҳақидаги банди энсамни қотирди.

Aниқроғи, бу гап менга республиканинг деярли ярим мактабларида тизим йўлга қўйилмайди, дегандай туюлди. Aхир, аксарият ўқитувчилар маошининг камлиги, ўқувчилар репетитор таълимини афзал кўраётганлиги ва шунга ўхшаш турли ваъжлардан келиб чиқиб, бизнес ё бошқа соҳаларга берилиб, билим беришни ўзларига мослаб олганидан кўз юма олмаймиз.

Қолаверса, ўқитувчиларга тоифа бериш юзасидан ўтказилаётган аттестасия имтиҳонлари ҳам шаффоф ва адолатли ўтмаётгани сир эмас.

Буни қарангки, тахминим деярли тўғри чиқди. Чунки, ўқув йили аллақачон тугаган бўлса ҳам вазир буйруғи ижроси таъминланмади.

Тўғри, бу ҳолатни юртимизда жорий этилган карантин билан боғлаш мумкин. Aммо мактабларда вазир буйруғи ижросини таъминлаш учун ҳеч бир ҳаракат амалга оширилмади-ку.

Биз билан суҳбатда бўлган мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг айтишига қараганда, буйруққа мувофиқ, жалб қилиниши керак бўлган Олий таълим муассасалари педагоглари ҳеч бир мактабга таклиф қилинмаган, ўқувчилардан эса йўналиш танлаш билан боғлиқ сўровнома ҳам олинмаган, бунинг учун бириктирилган комиссиянинг ўзи ҳам йўқ.

Энг ёмони, масъуллар томонидан аксарият қишлоқ мактабларида шунчаки ота-оналар норозилиги ёки малакали педагоглар етишмовчилиги каби важлар кўрсатилиб, вазир буйруғи ижросини таъминлай олинмаслиги билдирилган.

Хўш, айни пайтда қарорга бундай муносабат билдирилиши қай даражада тўғри?

Нима учун, дарс соати камайтирилади, деганда қарши фикрлар ёғдирган фан ўқитувчилари ўқувчилар учун яратилиши мумкин бўлган бундай енгилликка эътиборсиз қаради? Менимча, ҳамма гап бизнинг таълим тизимимиз ва ўқитувчиларимиз ҳали бундай янгиликларга тайёр эмаслиги-да!

Хўш, аслида буйруқ ижросини таъминлаш мумкин эдими?

Бу борада менинг шахсий таклиф ва мулоҳазам: мактабларда бу тизим йўлга қўйилишидан аввал ўқитувчилар ўртасида адолатли саралаш ишларини олиб бориш керак. Фақат муносибларгина мактабда ишласин! Aхир, ёш авлодга асосий кўникмани берадиган мактаб эмасми?

Савияси талабга жавоб берадиган педагоглар билан тизимга руҳий ва кўникма жиҳатдан тайёрлаш учун муддатли малака ошириш курлари ташкил этилиши керак. Танланган йўналишдаги фанларни сифатли ўтиб бериш учун ОТМ педагогларини эмас, балки ўқув марказларида репетиторлик билан шуғулланаётган ўқитувчиларни мактабларга жалб қилиш керак (юқори маош эвазига бўлса ҳам).

Шундагина ўқувчилар тушгача дарсга, тушдан кейин қўшимча таълимга чопишдан халос бўлади. Бу моддий жиҳатдан ота-оналарга ҳам кўмак, мактаб ўқитувчилари учун эса профессионал репетиторлар билан тажриба алмашиш имконини беради. Ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобат юзага келиб, ўқувчилар ўртасидаги  тор маънодаги табақаланиш ҳам йўқолади. Бундан ташқари, мактаблар ҳам савияли ўқитувчилар учун маълум маънода кураш олиб боради.

Рақобат бор жойда эса ривожланиш бўлади! Шундагина вақтинчалик трендда бўлиб, сўнг кучини йўқотадиган буйруққа айланмайди. Бу шахсий мулоҳазаларим. Қолганини эса вақт кўрсатади! 

Гулоро Юсупова,
ЎзЖОКУ талабаси

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: