Чақалоқларни нима сабабдан пуллашмоқда?

Ижтимоий тармоқларда бот-бот бола сотиш жинояти устида ушланганлар ҳақида хабарларга кўзимиз тушади. Сабабларга келганда кимдир моддий қийинчилик, бошқаси никоҳсиз орттирилган фарзанд экани боис тавқи лаънатдан қутулиш учун бу ишга қўл урганини айтади. Аслида, бу жирканч ҳолатни ҳеч қандай важу корсон билан ҳаспўшлаб ёки оқлаб бўлмайди.

Масаланинг яна бир тарафи борки, бола асраб олиш билан боғлиқ жараёнлар бизнинг юртимизда мураккаблиги таъкидлаб келинади. Балки шу боисдан одамлар турли йўллар орқали, туғруқхоналардаги танишларини ишга солиш воситасида бола асраб олишга, тўғрироғи, болани ҳужжатда ўзини қилишга интилишар.

Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоеванинг маълум қилишича, чақалоқ савдоси жиноятлари 2019 йилда Сирдарё, Хоразм вилоятида бештадан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида тўрттадан, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон, Навоий вилоятларида учтадан содир этилган.

Маълумотларга кўра, 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган, аммо бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ ҳолатлар юқорилигича қолмоқда. Хусусан, 2018 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.

Чақалоқни сотиш сабаблари ўрганилганда 19 та ҳолатда оилавий шароит оғирлиги, болани боқишга имкон йўқлиги, 3 та ҳолатда уй-жой олиш, 9 та ҳолатда ўз айбини яшириш ва 10 та ҳолатда моддий манфаат  учун бунга қўл урилгани маълум бўлмоқда.

Чақалоқ савдоси жиноятида иштирок этган шахсларнинг 10 нафарини ёки жами воситачиларнинг 32 фоизини тиббиёт соҳаси вакиллари ташкил этади.

Умуман, 2019 йилда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар 72 нафар шахс томонидан содир этилган бўлиб, шундан 62 нафари, яъни 86 фоизини аёллар ташкил қилади.

Эссиз, она деган ном, эссиз аёллик шаъни, эссиз оқ халат…

Феруза Эгамова

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: