Чумолибек: Юк орқалаб…

Фиқра

Ассалому алайкум! Исмим Чумоли. А Лабай? Биз томондаги Қумурсқа-да,  дейсизми? Йў-ў-қ, акаси, адашасиз. Сўзни грамматик таҳлил қилиб, асос ва морфемага ажратганда, “Қумурсқа”нинг негизи “қум”, яъни тупроқ бўлади. У чекка қишлоқлардаги отам замонидан қолган. Каминайи камтарин бўлса, ғирт шаҳарлик Чумоли!

Отам Қумурсқабой ўқишим учун барча шароитни муҳайё қилди, кун бўйи даладан емиш ташийди, мен бўлса келажагимни қора меҳнатда кўролмасдим. Мактабда билсам-билмасам, “Мен айтай” деявериб, синф сардори бўлдим, сўзга чечанлигим учун ҳашаротлар иттифоқига етакчи этиб сайлашди. Вақт ўтиб, шаҳарга “кўтарилдим”. Энди қишлоқни елкамнинг чуқури кўрсин!

Чигиртка устозим бўларди. Мусиқанинг “М” ҳарфига тушунмаса-да, дарси бошланди дегунча, чириллагани чириллаган. Мактаб сиғдирмадими, билмадим, яйловга ишга чиқиб кетди. Ҳайвонлар чой-чақа ташлаб ўтармиш. Менга ҳаёт сабоқларини ўша устозим берган. Фанини яхши ўтмаса ҳам, ақл ўргатишга уста эди.

Бугун давр сўзга чечанники, оғзидан гапи “тушиб кетадиган” қанча зўр синфдошларинг ўрага дон ташиб юрибди, иссиқми-совуқ тиним билмайди, сен Чумоли бўлишинг керак, деб роса жон куйдирарди. Айтганини қилиб, кам бўлмадим, акаси, ҳашаротлар иттифоқида етакчи бўлиш ҳам ҳазил лавозим эмас, мен сизга айтсам…

Меҳнат фанидан Мўрча маллим кун бермасди. Аёл боши билан “Фаросатингга қурт тушган” деб ҳақоратларди. Тўғри-да, вазиятдан минг хил баҳона билан чиқиб, ишламасликка етган фаросатимни кўришолмайди-да!

Сизнинг-ча, ҳашаротларга техника керакми? Умрини меҳнатда ўтказиб, қорин ғамида юрса, техниканг нимаси, дейсизми? Ҳа, ўлманг, шу гапларни информатика ўқитувчим шоп мўйлов Суварак тушунмасди-да. Дарсида менга тинчлик йўқ эди…

Қумурсқалигимда дўстларимдан “Уй вазифалар”и жавобини расмга тушириб кўчираётганимда, директоримиз кўриб қолган. Роса тергаган эди. Ҳали катта лавозимни эгалласам, сендан ҳам аламимни оламан, деб кўнглимга тугиб қўйгандим. Ниятимга етдим. Ҳозир директорим ҳар куни бўлмаган тадбирнинг расмини жўнатади. Қумурсқалар бўш қолмаслиги учун тадбирларни мунтазам ўтказасиз, деб шарт қўйганман. Эртага “комиссия” бўлиб бораманда, суратларнинг ҳисоботини сўрайман. Бир ким бўлганимни кўрсатиб келай уларга!

Атрофимизда кундан-кун янгидан-янги майнавозчилик бўлаётганда, шундай тахаллус топиб жиддий ёзиб бўларканми?!

Фикр билдириш