«COVID-19 билан касалланганларнинг уйда даволанишига қаршиман»

“Бир нарсани катта афсус билан айтаманки, уйда даволаниш бошқа соғлом инсонлар учун жуда катта хавф туғдиради. COVID билан касалланган одам кўчага чиқишга барибир мажбур бўлади.

16 июль куни Республика махсус комиссияси ахборотига кўра, уйида даволанаётган беморлар бепул дори-дармон билан таъминланиши айтилган эди. “Коронавирус инфекцияси бўйича тест натижалари мусбат натижа берган ҳамда касаллик енгил кечаётганлиги сабабли шифокорлар тавсиясига асосан уйида даволанаётган беморлар белгиланган тиббий воситалар (“Гидроксихлорохин”, “Азитромицин”, “Парацетамол”, “Витамин С”, бир марталик тиббий ниқоблар) билан бепул таъминланади”, – дейилишига қарамай ўз атрофимда, ўзимда бундай ҳодисани кўрганим йўқ. Комиссия ахборотида мазкур дори-дармонларнинг 50 мингта тўпламини шакллантириш киритилган, шунча дори-дармон қаерга кетди, агар ўз манзилига етиб борган бўлса ҳисоботи ҳам бордир, ахир…

Бу касаллик кунига янги қилиқ чиқарар экан, бир куни бошинг оғриса, бир куни ошқозон қаттиқ оғриб қолади, кимдадир иштаҳа йўқолиб, кўнгил айниса, бошқада иситма ҳеч тушмайди, бировни йўтал қийнайди, бошқани ҳолсизлик. Шундай вазиятда касал ҳолингда бир неча бор дорихонага чопасан. Бировдан умид қилиб бўлмайди, ҳеч ким дориларни уй тагига ташлаб кетмайди. Дорихоначига “Мен касалман, эшикдан кирмайин, шу дориларни олиб бериб юборинг”, десангиз тамом, ё гап эшитиб оласиз ёки ҳайдаласиз. Лекин барча дорихоначилар ҳам ундай эмас, борига шукур. Хуллас, бир талай дори-дармон олиб келиш учун неча бор дорихонага мурожаат қилади, еб-ичиш учун озиқ-овқат дўконига бориши керак, тест топшириш, шифокорга кўриниш мақсадида қанча тиббиёт муассасага қадам қўяди. Энди ўйланг, неча одамга касаллик юқиши мумкин. Балки шунинг учун ҳам касаллар сони кўпайгандан кўпаяётгандир. Беморлар кўпайиб кетгани учун ҳам жой танқислик қилаётгани ҳақиқат. Аммо қандайдир тизим ўйлаш керакки, уйида даволанаётганлар кўчага чиқиб касалликни бошқаларга ҳам юқтирмасин”.

В.Жонқулов, 35 ёш.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: