COVID-19 : синов ва саховат

Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир, деб бежиз айтилмайди. Бундан бир йил муқаддам 15 март куни юртимизда илк коронавирус билан касалланган бемор аниқланиб, Ўзбекистон COVID-19 мавжуд давлатлар рўйхатидан жой олганди. Бу сана ҳамюртларимиз хотирасида ваҳимали кун бўлиб муҳрланди.

16 мартдан дастлабки карантин чекловлари жорий этилиб, таълим даргоҳларида ўқув жараёни тўхтатилгани, 23 мартдан эса қатъий карантин тартиби жорий этилиб, барча маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ёпилгани, жамоат транспорти қатнови тўхтатилгани ёдимизда… Коронавирусга чалинган беморлар сони кундан кунга ошиб, одамларнинг ваҳимаси ҳам ортиб борди. Ҳеч ким кўчага чиқа олмай қолди. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, жамоат тартибини сақлаш мақсадида маҳаллаларда, чорраҳаларда, йўлларда назорат постлари ўрнатилди, бу ҳолат худди уруш вақтида қуролланган аскарларнинг фуқароларни ҳимоя қилаётганига ўхшаб кетарди гўё. Ҳа, осуда кунлардан бирида ҳаётимизда бундай ҳолат юзага келиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди! Бу  офат бир йил давомида 80 мингга яқин юртдошимизни ўзига рўбарў қилди, 600 нафардан ортиғини орамиздан олиб кетди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 1966 йилги зилзиладан кейин ярим аср ичидаги энг йирик офат Сирдарё фожеаси – “Сардоба” сув омборининг ўпирилиб (2020 йил 1 май) тошқин рўй бергани бутун мамлакатни жунбушга солди. Бу вазиятда давлат билан бирга юртдошларимиз ҳам талофат кўрган инсонларга ёрдам қўлини чўзишга бел боғлади. Карантин бўлишига қарамасдан, одамлар ўз ҳаётини таҳликага қўйиб бўлса-да, “Сардобага ёрдам” хайр-саховат акцияларида фаол иштирок этишди.

 Карантин чоралари кучайтирилган даврда хайрия ташкилотлари, акциялар, саховат лойиҳалари сони яна кўпайди.  COVID-19 билан касалланганларга дори-дармонлар, керакли маҳсулотлар ўз вақтида етказиб турилди. Айниқса, муҳтож оилалар, кекса ёшли кишилар доим эътиборда бўлди, озиқ-овқат, кийим-кечаклар билан таъминланди, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. COVID-19 одамлар қадрини, ҳаёт моҳиятини теран англатиб, ҳаммамиз учун муҳим сабоқ бўлди.

Шукрлар бўлсинки, бугун мамлакатимизда барча ўз иши ва фаолиятини давом эттирмоқда. Маиший муассасалар, жамоат транспортлари ҳаракати узлуксиз таъминланди, тўйлар ҳам ўтказилмоқда. Юртимизда яна барқарорлик, хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Бу кунларга етишимизга эса халқимизнинг бирдамлиги, аҳиллиги, бир-бирига меҳр-оқибати ва саховати муҳим омил бўлди.

Иродабону ЖАББОРОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: