Ўқувчи ва ўқитувчилар ҳам норози: дарсликлар ўқувчиларнинг қизиқишини сўндирмоқда

@fikrat_murojaat_bot га ёзилган мурожаатлардан тайёрланди:

Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги 202-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Азизбек Абдумаликов 2014 йил нашр этилган 9-синф “Инглиз тили” дарслиги муаллифлари Лутфулло Жўраев ва бир қанча педагогларга мурожаат қилиб ёзган очиқ хатида бу дарсликни тенгдошлари ва устози билан муҳокама қилишганини, ундаги айрим мавзулар эски ва такрорийлиги билан ўқувчиларнинг қизиқишини сўндираётганини таъкидлаган. Жумладан, “Personal qualities and jobs”, “Applying for a job”, “Political parties”, “Local government”, “A day in the life of” каби мавзулар зерикарли тарзда берилганини айтиб, унинг ўрнига “I am online” мавзуси қўйилса ва яқин дўстига онлайн хат ёзиш топшириғи берилса, жуда қизиқарли бўлишини ҳам таклиф сифатида ёзган. Бундан ташқари, ушбу ўқувчи айтганидек, касб танлаш мавзуси бошланғич синфдан то битирувчи синф дарслигигача қайта-қайта берилган. Тўғри, бу битирувчиларни касбга йўналтириш мақсадида берилган мавзу, лекин бўёқчи, сотувчи, машина устаси каби ҳунар эгаларинигина эмас, замонавий касб соҳибларининг ҳам номланишини бериш вақти келгандир. Қолаверса, касб билан ҳунарнинг, яъни “Job” билан “Сraft”нинг фарқи борку, ахир! Ўқувчининг қуйидаги фикрларини эса айнан келтиришни лозим топдик:

— Синфимизда инглиз тилини бор-йўғи икки киши тушунади. Ўтган йиллари бу дарсга қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этарди. Аммо ҳадеб матнни ўзбекчага ўгириш, бир хиллик синфдошларимнинг қизиқишларини сўндирди, назаримда. Нима учун ҳар бир мавзуга бир бетдан матн қўясизлар? Грамматик машқлар эса оз. Таклифим, агар иложи бўлса, грамматикага кўпроқ эътибор бериб, дарсликка қизиқарли ва ўқувчини фикрлашга ундайдиган, луғат машқларни киритсангиз. Китобнинг бошидаги ҳар йили бериладиган байрам, муҳим саналарга оид маълумотлар ўрнига эса турли давлатларнинг урф-одатлари ҳақидами, хуллас, янги маълумотлар киритсангиз ҳурсанд бўлардик. Менимча, мазкур дарслик ёрдамида ўтаётган дарсларимиз ва олаётган билимларимиз бизни Президент мактаблари-ю, олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига пухта тайёрлай олмайди. Репетиторга қатнашга мажбур бўламиз. Шундай қилиб, нима учун дарсликлар мукаммал тарзда тайёрланмайди? Бунга тажрибали мутахассислар етишмайдими ёки бизга шу ҳам бўлаверадими?

Хоразм вилояти, Хива туманида истиқомат қилувчи Асалбону Нормуродова эса инглиз тили дарслигидаги айрим мавзуларни ўтишда компьютер технологияларидан фойдаланиш лозимлиги кўрсатилганини, аммо вилоятлардаги аксарият мактабларда бунинг учун шароит ва проектор, телевизор, компьютер каби жиҳозлар мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

Эътибор берган бўлсангиз, дарсликда ёзилган айрим топшириқларни бажаришга аслида мактабларда имконият етарли эмаслиги масаласи ўқувчиларнинг эътирозларига сабабчи бўлмоқда. Чиндан ҳам, ёзиб қўйилгани билан шу ишни қилиб бўлмаса нима кераги бор бундай расмиятчиликни?

Ўқувчиларнинг эътирозларини қўллаб-қувватлаган ўқитувчилар ҳам йўқ эмас. Масалан, инглиз тили ўқитувчиси Назокат Исмоилова юқори синфларга мўлжалланган мазкур фан дарслиги чиндан ҳам ўқувчилар учун зерикарли ва мураккаб эканини тасдиқлаб, “Мен ўқувчиларга уларнинг даражасига қараб, турли грамматик машқларни бошқа адабиётлардан топиб бориб, дарс ўтишга мажбур бўламан”, деб ёзган. Яна бир инглиз тили фани ўқитувчиси Муножат Каримова эса мазкур фан дарслигидаги баъзи мавзулар бугунги кунга тўғри келмаслиги, эскиргани, грамматик маълумотлар ва машқлар озлигини, айрим мавзуларни эса янгилаш ёки олиб ташлаш лозимлигини таъкидлаган. 

Хуллас, дарсликлар ҳақидаги фикрлардан кўринадики, бу борада етарлича камчиликлар мавжуд. Уларни бартараф этишга киришмасак, ёш авлоднинг пухта билим олиши ҳам даргумон. Зеро, ўзига маъқул бўлмаган китобдан фойдаланиш ўқитувчи-ю ўқувчининг истак ва иштиёқини пасайтириб бораверади. Бунга эса мутасадди ва муаллифлар йўл қўйишмайди, дея ишонамиз.

Сайёра Қодирова

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: