ДАВРОН ҒОИПОВ. Ўзбек рокининг ривожланишига катта ҳисса қўшган афсонавий ўзбек рок қўшиқчиси

Нима учун машҳур?

Афсонавий ўзбек рок қўшиқчиси. Ўзбек рокининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Ўз вақтида “Ялла” гуруҳи гитаристи ва 1982 йилдан “Оригинал” гуруҳи бадиий раҳбари бўлган. Унинг “Керак эмас”, “Шошмагин”, “Бу нима бу?” каби қўшиқлари ҳозир ҳам севиб тингланади. Бугун унинг туғилган куни.

Қандай машҳур бўлган?

Даврон Ғоипов 1961 йил 7 октябрда Урганч шаҳрида туғилган. Отаси Рўзмат Ғоипов 1964-1983 йилларда Ўзбекистон ССР Компартияси Қашқадарё вилояти қўмитасининг 1-котиби бўлган. Даврон оилада етти фарзанднинг кенжатойи эди. Аммо отаси қаттиққўл инсон бўлгани боис эркатой бўлмаган. 8 ёшида акаси Озод кинокамера совға қилган кундан бошлаб, унда суратга олиш иштиёқи уйғонади.

Бўлажак қўшиқчи болаларча дунёқараши билан нималарнидир суратга олар, рок қўшиқларини севиб тингларди. Бу орада у акасининг яна бир совғаси – гитара чалишни ўргана бошлайди. Нотани билмасада, эшитиш қобилияти яхши бўлгани боис бу машғулотни яхши уддалайди. Мактабда тарих фанидан олимпиадада ғолиб бўлганига қарамай, у мусиқага қизиқарди. Аммо ўша вақтда мактабда мусиқа фани ўтилмагани боис 8-синфда ўқиётганида профессионал созандалар билан ишлаш мақсадида ресторанда гитара чалиб, қўшиқ куйлай бошлайди. Энг қизиғи, бундан ота-онаси бехабар бўлиб, бу отасининг шаънига яхши эмас эди.

10-синфда ўқиб юрган кезларида у “қўлга тушади” ва отаси унга ҳарбий соҳа вакили бўласан, дея шарт қўяди. 1978 йили Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров Қаршида мусиқий танлов ўтказади. Унда муваффақиятли қатнашган Даврон Ғоипов 17 ёшида “Ялла” гуруҳи гитаристи бўлади. Бундан хабар топган отаси “Ўзбекконцерт”га қўнғироқ қилганида унинг ўғли ҳақиқатда гуруҳда ишлаётганини тасдиқлашади.
Ғоипов Қаршидаги Педагогика институтининг мусиқа факультетининг сиртқи бўлимида ўқийди. Рок йўналишини яхши кўргани боис “Ялла” гуруҳига мослаша олмагач, бир ярим йилдан сўнг ўзининг “Оригинал” гуруҳини тузади ва тез орада машҳур бўлиб кетади. “Песня-81” танловида қатнашгач эса мухлислардан ўн беш қоплаб хатлар олади. Тақдир таққозоси билан унинг ижодида чекиниш бўлади ва у 1984-1989 йилларда Россиянинг Иркутск вилояти Ангарск туманида яшашга мажбур бўлади.

1990 йил ижодга қайтиши билан “Бу нима бу?” номли мусиқали фильмда Обид Асомов билан суратга тушади. Руслан Шарипов, Тоҳир Содиқов каби хонандаларга устозлик қилади. 2006 йили қўшиқчи буйракдаги ўсмани олдириш учун Украинага жўнаб кетади. 2000 йилларда Даврон Гаиповнинг турмуш ўртоғи машҳур хонанда Ирода Искандарова бўлган. Ўғли Ойбек Ғоипов Россиянинг Краснодар шаҳрида яшайди. Охирги турмуш ўртоғи Марина Гончарова бўлиб, уларнинг Аида исмли қизи бор.

Машҳур нима дейди?

“Ёдимда, бир вақтлар ҳамма хонандага битта созанда ишларди. Бугунги кунда эса истеъдодлар жуда кўп. Лекин, энг ёмон ҳолат: ҳамманинг машҳурликка интилиши. Ҳар қандай ҳолатда профессионаллик чегарасидан чиқмаслик шарт”.

Ҳозирги концертларнинг деярли бари шоу, ҳақиқий концертлар бармоқ билан санарли. Менимча, ўн беш минг томошабин сиғадиган концерт зал қуриш керак. Шунда кўзи етган хонандагина концерт бера олади ва чипталар ҳам арзонлашади. Ҳатто, дунё миқёсидаги машҳурларнинг юртимиздаги концертлари кўпаяди ва чиптаси ҳам ҳамёнбоп нархларда сотилади. Ўзбек санаткорлари билан хорижлик хонандаларнинг тажриба алмашиши учун ҳам яхши имконият бўлади, деб ўйлайман. Лекин айни ҳақиқат шундаки, ўзбек санъатига тенг келадиган санъат дунёда йўқ”.

Бонус: хонанда ижросидаги энг сара қўшиқлар тўплами

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: