Депутат: Ўртоқ Шерматов (Халқ таълими вазири), мактаб ўқитувчилари нима учун соат талашар экан?

Ўртоқ Шерматов (Халқ таълими вазири), мактаб ўқитувчилари нима учун соат талашар экан? Чунки у фарзандларини боқиши, тирикчилик қилиши керак. Мен чекка қишлоқларда бўлиб сайловчиларим билан учрашувларимда ўша мактабларнинг ўқитувчи аёллари қишлоқ аёлининг айби нима, ёшидан эрта қариб кетади, ўзига қарашга шароит йўқ дейишган.

Таълим тизимини чет элларга қиёслабсиз, ўқитувчига чет элдагига ўхшаб 4 та ўқувчига дарс берадиган қилиб, минг-минг доллар ойлик беринг, соат талашмайди. Чет элга ўхшаб Болоня системасини жорий қилинг, сифат бўлади, ота-оналар ва ўқувчилар ўқитувчини танлаб олади. Коррупция ҳам йўқ бўлади.

Грамматика ўқитиб саводсиз бўлди дебсиз. Саводсизликнинг илдизини коррупциядан изланг. Олий таълимга пора билан кириб, пора билан битириб, пора билан ишга жойлашганлар исм-фамилиясини тўғри ёзишни билмайди.

Буюк Навоийнинг «Эй сўз, не ажаб гуҳарсен, гавҳар неки, баҳри мавжварсен!» дея тўлқинланиб айтган сўзлари маъносини чаққан одам бундай фикр билдирмасди. Навоий грамматикамизни таҳлил қилиб ўзбек тилининг мавқеини кўтарган эди. Рус олимлари ҳам грамматикамизни ўрганиб олим бўлишган эди. Марҳум улуғ олимларимиз меҳнати беқиёс.

Кечирасизу, русларнинг ўзини интеллигент, зиёли ҳисобламайдиган қатлами ҳам ижтимоий тармоқларда учта хато қилса, бир-бирининг устидан кулади. Илм саводдан бошланади. Грамматика керак бўлмаганда қадимдан сарфу наҳв ўқимаган бўлардик.

Бугунги кунда рус тилида сўзлашувчилар ўзбек тили ўрганаман, қани мукаммал дастурлар, қани менга грамматикани ўргатувчи одам, видеодарслар, онлайн дарслар борми деб сўрашмоқда.

Инглиз тили соддалаштирган бўлса, бу уларнинг хос хусусиятлари билан боғлиқ. Бизга тўғри келмайди. Шундоқ ҳам тилимизнинг аҳволи ачинарли. Катта давлат идоралари ходимлари ҳам тўғри ёзишни билмайди.Телевидение, газеталарда хато. Грамматикани ўқитиб туриб шунча, ўқитмасак, нима бўлади?

Мен филолог сифатида сўзимни ҳазрат Навоийнинг ҳикматли сўзларини айтиб якунламоқчиман: «Тилга эътиборсиз — элга эътиборсиз».

Гулбаҳор Саидғаниева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: