Депутат ким? У ўз ваколат ва мажбуриятларини биладими?

ёхуд нега айрим маҳаллий кенгашлар халқ мулкини, бюджет маблағларини ўзлаштираётганларга кўмаклашмоқда!

Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, вазифасига панжа орасидан қараб келаётган, устига-устак амалдаги қонунларни бузаётган депутатлар ҳам учраб туради.

Хусусан, Учтепа тумани “10-Заковат” округидан сайланган депутат Мирсаид Мирвохитовга “Бугунгача аҳолининг нечта мурожаатини кўриб чиқдингиз? Улардан ижобий ҳал қилингани қанча?  Фуқароларнинг қабул кунида қандай масалалар кўтарилмоқда?” каби саволлар билан юзлансак, у жавоб қайтара олмади. Шу туманнинг “26-Ширин” округидан сайланган депутат Дониёр Хасановнинг ҳам депутатлик фаолияти давомида сайловчилари билан бирор марта учрашмаганини, уларнинг дарду ташвиши билан қизиқмаганини қандай тушуниш мумкин? “27-Фарҳод” округидан сайланган депутат Ҳамидулла Ҳакимовни эса унга овоз берган маҳалла аҳли танимайди. Пандемия туфайли турли муаммоларга учраган фуқаролар дардини кимга айтишни билмайди, негаки, депутатни қидириб топа олмаслиги ҳам бор гап.

Ростини айтганда, Учтепа тумани депутатларининг ошиғи олчи. Депутат Мактуба Арипова 2020 йил 1 майдан Учтепа тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинланибди. Шу ўринда савол туғилади: Сайлов кодексининг 90-моддаси ва Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ, М.Арипова депутатликни топшириши керак эмасми?

Жорий йилнинг 23 октябрь куни халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг II чақириқ 18-сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Хўжанов кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳисобот берди. Маълум бўлишича, туман маҳаллий бюджетининг 2020 йил I чорак якуни бўйича 3 млрд. 702 млн. сўм режадан орттириб бажарилган ва қатор харажатларга йўналтирилган. Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, туман ҳокимлиги ва молия бўлими ходимларининг лавозим маошлари устамасига А.Хўжановнинг билдиргиси асосида I чорак учун 831 млн. сўм, II чорак учун 151 млн. сўм, III чорак учун 342  млн.сўм, жами 1 млрд. 324 млн. сўм сарфланган.

Буни қарангки, 2020 йилнинг август-сентябрь ойларида маблағ туман молия бўлими томонидан туман ҳокимлигига ўтказиб, тўлаб берилган 23 октябрдаги сессияда кун тартибига тасдиқлашга киритилмоқда. Демак, бу пуллар асоссиз равишда сарфланиб, талон-торож қилинган. Аслида, ҳокимликнинг фаолияти Президент томонидан айтилиб, муҳлат берилган бир пайтда мансабдор шахсларнинг ўзини-ўзи мукофотлаши тўғрими?  Қизиқ, бу Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг тегишли моддаларига зидлигини ҳурматли ҳоким ўринбосари ва депутатлар биладими?

Зеро, Бюджет кодексининг 126-моддасида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети тақчиллигини қоплашга, жорий молия йили учун белгиланган айланма касса маблағларининг миқдорини тўлдиришга, қолган қисми эса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланадиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Ушбу модданинг 5-қисмига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалардан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар вашаҳарлар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилиниши керак.

Унинг 7-қисмида эса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари фавқулодда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда ишлатилган маблағлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига ҳисобот бериш шарти билан қўшимча манбаларни йўналтириш бўйича қарорлар қабул қилиши белгиланган.

Ҳақли савол туғилади, депутат ким ўзи? У халқнинг оғирини енгил қилиб, дардига дармон бўладиган масъулми ёки халқ мулкини, бюджет маблағларини ўзлаштирганларга тегишли ҳужжатларни рамийлаштиришга кўмаклашувчими? Балки бунга айрим депутатларнинг ўз соҳасини, қонун ҳужжатларни яхши билмаслиги сабаб бўлаётгандир.

Депутатларга, аввало, Президент, халқ ишонч билдиради. Шунинг учун уларга имтиёз ва ваколатлар, дахлсизлик ҳуқуқи берилади. Демак, бунга жавобан депутатлар ўз фаолиятида айрим тамойилларга таяниб иш кўриши, ўзининг ахлоқи, маънавияти билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Даставвал, ҳар қандай ҳолатда ҳам қонунга зид ҳаракат қилмаслиги, адолатли, холис ва одил бўлиши шарт. Бинобарин, немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек, “Адолат йўқолган пайтда ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди”. Қолаверса, депутатлар ўз манфаатларини эмас, фуқароларнинг манфаатларини устун қўйиши, сайловчилар олдидаги масъулиятини унутмаган ҳолда, сайловолди дастурига қатъий амал қилиб, берган ваъдаларини бажариши шарт.

Нуриддин ЗАЙНИТДИНОВ,
Ҳалқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси ўринбосари.

Ирода НОРБОЕВА, журналист

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: