Депутат ССВ нодавлат тиббиёт муассасалари вакилларига “ўгай” муносабатда бўлаётганини айтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Усмонова Cоғлиқни сақлаш вазирлиги нодавлат тиббиёт муассасалари вакилларига “ўгай” муносабатда бўлаётганини айтди.

Кўпчиликка яхши маълум, Соғлиқни сақлаш вазирининг “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи билан хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан боғлиқ фаолияти бўйича қатъий чоралар кўриш, шу жумладан уларнинг лицензияларини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритилишининг белгиланиши ижтимоий тармоқларда ханузгача қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Воқеага қисқа ва лўнда изоҳ берадиган бўлсак, хусусий тиббиёт муассасалари уларга нисбатан адолатсизлик бўлаётганидан яъни “хусусий клиникаларда керакли асбоб-ускуналар йўқ, дори-дармон йўқ, улар нотўғри даволайди”, қабилидаги муносабатларга ҳақли эътироз билдиришмоқда.

Эътироз асосли. Негаки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга истисно тариқасида 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилган.

Пандемия деб аталган бало барчанинг ҳаётига хавф солиб турган бир пайтда бундай ҳолатларнинг учраши кўнгилни хира қилади. Бу вазиятда инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун эканлигини инобатга олиб, у давлат тиббиёт муассасаси ёки хусусий клиника бўладими Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларни бошини қовуштириб, ишни тизимли ташкил этиши лозим, деб ҳисоблайман.

Вазирликнинг юқоридаги буйруғи эса бир хил вазифани бажарадиган тиббиёт тизимини икки ўзанга ажратиб юборди, десак тўғри бўлади. Наҳотки вазирликнинг тажрибали мутасаддилари “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларини ривожлантиришни бир хилда рағбатлантирувчи шароитлар яратиш вазифаси белгиланганидан бехабар бўлишса?!

Ҳам депутат, ҳам тиббиёт соҳасидан чиққан мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, дунё мамлакатлари бугун зўр бериб, хусусий тиббиётни ривожлантириш орқали малакали тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратишга, бир сўз билан айтганда “Ақлли тиббиёт” концепцияси асосида соғлиқни сақлаш тизимини одамлар учун қулай, мутлақо янги босқичга олиб чиқишга эътибор қаратмоқда. Шу маънода мамлакатимиз давлат тиббиёт тизими оғир аҳволга тушиб қолганда, унинг маълум “юки”ни ўз зиммасига олган нодавлат тиббиёт муассасалари вакилларига нисбатан “ўгай” муносабат қилингани ҳеч қандай мезонга тўғри келмайди. Бундан ташқари хусусий клиникаларда тажрибали, юқори малакага эга бўлган врачлар, мутахассислар фаолият олиб бораётганлигини, ушбу масканларда энг замонавий тиббиёт технологиялари қўлланилаётганлигини унутмаслик керак.

Такрор бўлса-да, бир гапни айтиш ўринли. Хусусий клиникалар ҳам бошқалар қатори давлат лойиҳаларига ҳамда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш жараёнларига қатнашишга тўла ҳақли ва бу ҳар томонлама ўзини оқлашига ишончим комил», — дейди депутат.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: