Депутатжон, қайлардасиз?

Тош кўрмаган кўчамиз тор,
Бачалар ҳам боғчага зор,
Сизга айтар арзимиз бор,
Депутатжон, қайлардасиз?

Сайлов олди халқни йиғиб,
Кўкрак кериб, сўзлар бериб,
Сўнг кетдингиз қордек эриб,
Депутатжон, қайлардасиз?

Қайда, қандай, қайси маҳал,
Қай ғамимиз этдингиз ҳал,
Алданамиз шундай ҳар гал,
Депутатжон, қайлардасиз?

Фалончининг аҳволи танг,
Яшаш учун қилмоқда жанг,
Бундай кунда бизга яранг,
Депутатжон, қайлардасиз?

Айтаверсам кўп муаммо,
Тинглагувчи сиз йўқ, аммо,
Ер тош метин, олис само,
Депутатжон, қайлардасиз?

Ёдимда йўқ исмингиз ким,
Рақам ҳам йўқ қоққани сим,
Бунча бўлиб кетдингиз жим,
Депутатжон, қайлардасиз?

Ўтди тўртта Хут ҳам Ҳамал,
Хўш ваъдага йўқми амал,
Байтим ўқиб уйғонинг сал,
Депутатжон, қайлардасиз?

Қоганлардан ибрат олиб,
Ватан, халққа содиқ қолиб,
Келинг, кутиб кетдик толиб,
Депутатжон, қайлардасиз?

Деманг, Ғулом ғийбат дединг,
Қинғир кўнгил отлик еринг,
Унда келинг ҳисоб беринг,
Депутатжон, қайлардасиз?

Авайланган авайлаган,
Оқил халқни дўст айлаган,
Декабрда биз сайлаган,
Депутатжон, қайлардасиз?

Тош ётмаган йўлимиз тор,
Чолларимиз гузарга зор,
Сизга хақли арзимиз бор,
Депутатжон, қайлардасиз?

Ғуломжон Нормат

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: