Дилноза Кубаева нега доим кўнглига қулоқ тутади?

Замондошимиз ким?

Ўзбек кино актрисаси. “Келгинди келин”, “Телба”, “Фарзандим” каби кино фильмларда ўйнаган роллари билан мухлислар эътиборига тушган. Театр саҳнасида эса ўттизга яқин спектаклларда турли характердаги образларни яратган. 2012 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Бугун унинг туғилган куни.

Замондошнинг ҳаёт йўли

Дилноза Кубаева 1986 йил 22 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ота-онасининг касблари ижодкорликдан узоқ бўлса-да, санъатга ихлоси баланд инсонлар бўлишган. Отаси қўшиқ айтишни яхши кўрган бўлса, онаси уй бекаси бўлишига қарамай ҳикоялар ёзган.
Оилада Дилнозадан ташқари уч ўғил бўлган. Ҳозирда улардан бири опасининг изидан бормоқда. Бўлажак актриса болалагиданоқ шеър айтишга, рақсга тушишга қизиққан.

Мактабни битиргач, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг актёрлик бўлимига ўқишга кирган. Машҳур ўзбек актрисаси Мунавара Абдуллаеванинг шогирди. Дилноза Кубаева ўқиш давомидаёқ турли концертларда бошловчилик қилган, уни ҳатто дубляжга таклиф қилишган. Аммо, бунинг учун у икки маротаба хайфсан олган.

Актриса 2004 йилда Ўзбек миллий академик драма театрида ўз фаолиятини бошлаган. Ушбу театрда ҳозиргача 30 дан ошиқ турли ҳарактердаги образларни гавдалантирган. Кинога эса 2005 йилда кириб келган актриса илк бор “Келгинди куёв” фильмида суратга тушган. Шундан кейин у бирин-кетин “Телба”, “Жазо”, “Кечиккан ҳаёт”, “Фарзандим” каби ўнлаб фильмларда рол ижро этган. Актриса ушбу фильмларда кўпинча келин образида намоён бўлган.

Кубаеванинг қаҳрамонлари кўпинча ҳаёт қийинчиликларига қарши турадиган ва шахсий бахтга эришадиган қизлардир. Дилноза Кубаева 2008 йилда Шуҳрат исмли йигитга турмушга чиққан. 2009 йилда улар ўғил фарзандли бўлишган. Бир неча йил ўтиб, унинг турмуш ўртоғи оғир хасталикка чалиниб оламдан ўтган. Оғир жудоликдан сўнг, 2011 йили у яна санъатга қайтган. Шу йили “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Тиниб-тинчимас Дилноза Кубаева турли тадбирларда бошловчилик қилиш ва турли образларни яратишдан ташқари олийгоҳда дарс беришга улгуради. Унинг бошловчилик учун ишлаган гонарари 1,5 минг долларни ташкил қилади. Актриса “Болалик кунларимда” номли миллий лойиҳа доирасида бир қанча эртакларни овозлаштириш ишларида ҳам иштирок этган.

Замондош фикрати

“Сўз садақаси деган нарса ҳам бор, баъзан биргина сўзимиз билан кимларнидир бахтли қилиб юборар эканмиз-у, ўзимиз билмай қолишимиз ҳам мумкин”.

“Кўнглим айтади: ҳеч бир инсоннинг кўнглини қолдирмагин! Мен кўнглимга қулоқ тутаман. Ҳар бир мухлисимга эътибор қилишга ҳаракат қиламан. Чунки улар менга вақти, меҳрини ажратганда нима учун мен ҳам уларни елкасига қоқиб қўймаслигим, вақт ажратмаслигим керак?”

“Ҳаётда ҳеч кимга айта олмайдиган сўзларим, туйғуларимни ролларимда айтаман, кўрсатаман”.

“Бир куни тушимда Сора Эшонтўраева, Лутфихон Саримсоқова менинг бошимга оқ рўмол ўрашган. Шу тушдан кейин менга Гули, Кумушбиби каби роллар насиб этган”.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

2 thoughts on “Дилноза Кубаева нега доим кўнглига қулоқ тутади?

  1. Dilnoza Kubayeva nafaqat ko’rinish jihatdan, balki qalban ham go’zal ayoldir. Obrazlari xilma-xil, bir-birini takrorlamaydi. Bir so’z bn aytganda, qoyilotun!!!

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: