Дилором Каримова

Нима учун машҳур?

Шов-шувли премьераси ўтказилган «Илҳақ» фильми бош қаҳрамони — Зулфия ая роли ижрочиси. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Шунингдек, «Опа-сингиллар»да қайнона образини яратган. Синглиси Ўзбекистон халқ артисти Малика Ибрагимова.

Қандай машҳур бўлган?

Актриса 1948 йил 9 февралда таваллуд топган. Унинг отаси тошкентлик Абдумалик Ибрагимов кўнгиллилар қаторида Иккинчи жаҳон уруши фронтига отланса-да, уни буюртмага асосан шаҳарда қолдиришган, фабрикада ишлаш билан бирга дарс берган. Онаси Муаззам опа эса уруш йилларида шифохонада ишлаган. Мактабда бўлажак актриса аъло баҳоларга ўқийди. Коинотга, юлдузлар-у сайёралар тизимига қизиқади. Ҳатто астроном бўлишни орзу қилади. Аммо мактаб ёнидаги драма тўгараги қизнинг эътиборини кўпроқ ўзига тортади.

Ҳар сафар театрга борганида саҳнадаги оламни янада яхшироқ кўриш учун спектаклни тик турган ҳолда томоша қилади. Ана шу тариқа унда театрга меҳр уйғонади. У дастлабки актёрлик маҳоратини Юнус Ражабийнинг катта ўғли Аҳмад Юнусовдан олади. Лекин Аҳмад Юнусов актрисанинг санъатдаги қобилиятига қарамай, унга илм йўлини танлашни маслаҳат беради. Отаси ҳам санъат институтига киришига қарши бўлади. Бироқ ҳар гал телевизион спектакллардан сўнг Дилоромни томошабинлар меҳр билан олқишлашаётганининг гувоҳи бўлгач, қизига розилик беради.

Аҳмад Юнусов эса Дилоромни тиббиёт олийгоҳида ўқишга ундайверади. Дилором санъат олийгоҳига ҳужжат топширгани учун ҳатто тарсаки ҳам ейди. Санъат олийгоҳини битириб, Ҳамза номидаги миллий театрда иш бошлайди ва қатор бир-биридан ажойиб роллар яратади. Биргина «Парвона» спетаклидаги Назокатнинг кенойиси образини эслашнинг ўзи кифоя («Ухожооор»). Дилором опа кейинчалик фаолиятини телевидениеда давом эттиради. «Остонаси тиллодан», «Олтин бешик» кўрсатувларига режиссёрлик қилади, фильмларга сценарийлар ёзади. Кўпчиликка манзур бўлган «Қуёши ботмайдиган юрт» сериалининг ҳам муаллифи, ҳам режиссёри. 2017 йилда отаси хотирасига бағишланган «Пўртана» номли китоби нашр этилади. Дилором Каримова «Опа-сингиллар» (қайнона), «Илҳақ» (Зулфия ая), «Толиққан кўнгиллар ойга талпинар», «Паризод», «Учар отлар», «Уқубат», «Забаржад» каби фильмларда турли образларни яратган.

Машҳур нима дейди?

«Отамдан менга мерос бўлиб дард қолди. Шу боис дардни ҳис этадиган инсон бўлиб улғайдим. Бугун отамнинг ёшидан ўтиб, отамдай қариб қолган бўлсам-да, у киши билан боғлиқ хотиралар ҳануз мени қўйиб юбормайди».

«Ҳалигача эртакларда яшайман. Бу менга хафа бўлмаслик, ҳақиқатга мутлақо бошқа кўз билан қарашни ўргатади».

«Актёрлик касби бизни дунёга қалбимизни очишга, бошқаларнинг дарди ва азобларини ҳис этишга мажбур қилади».

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: