Долзарб масала: уйда даволаниш учун йўриқнома чиқариш!

Тест бўйича фикрим: бу ёпиқ круг.
Биринчидан, оддий одам учун (таниш-билиши бўлмаган) давлат СЭС ва хусусий клиникаларида тест топшириш худди дунёни 80 кунда айланиб чиқиш билан тенг.

Иккинчидан, тест топшириш бахтига муяссар бўлганингиз билан унинг натижаси фақат тест топширган дақиқангизга қадар актуал бўлади. То қўлингизга «отриц/положительный» деган жавобни олгунингизча орадан камида 2-5 кун вақт ўтади. Унгача ҳам нари-беридан вирус юқтириб олиш эҳтимолингиз мавжудлигича қолаверади.

Учинчидан, тест топшириладиган нуқталар, ресурслар, бунда иштирок этадиган кадрлар етишмовчилиги бор гап. Бироқ.. хусусийлардан инсайдер топсангиз, айтяпти, кунига имконимиз бўлса ҳам, лимитимиз бор, дейди. Чунки, тест жавоби ижобий чиққан одамлар қўрқувга берилиб, больницага ётқизасан деб талаб қилишни бошлайди. Хаос бошланади. Больницалар эса касаллар билан тўла, у ерда оғир касаллар даволангани дуруст, албатта. Балки, тўполон бўлиб кетмаслигини олдини олиш учун лимит қўйилгандир, ким билсин.

Тўртинчидан, агар юқоридан лимит қўйилгани рост бўлса, унинг мантиқсизлиги ҳам бор: дейлик, барча симптомларингиз бўлса ҳам тест жавоби қўлингизда бўлмаса больница қабул қилмайди. Енгил формада ўтказаётганлар учун бу қўрқинчли бўлмаслиги мумкин, шундоқ ҳам улар уйда даволаняпти, аммо уйида нафас қисиш бошланган беморлар учун таниш-билиш топгунча касалхонага ётиш муаммо бўлиши аниқ.

Бешинчидан, ҳамманинг ҳам уйида доктор йўқ, ҳамшира йўқ, 24 соат қўнғироқ қилса бўладиган савияли оилавий шифокори йўқ. Ҳатто уйда енгил даволаниш учун жамғармаси ҳам етмаслиги мумкин. Аслида енгил формадаги Ковид инфекциясини юқтириш қиммат касаллик эмас. Айнан қандай даволанишни билган одамга, албатта. Интернетда тарқалган протоколнинг биттасида у дори, биттасида бу дорини ўқиб, аптекани кўчириб олиб оилавий даволаниш унча-мунча одамнинг “белини синдириши” турган гап.

Харажатни ҳам қўйиб турайлик, аммо қандай тўғри даволанади?

Кун давомида телефоним “яхши шифокор топиб бер” деган қўнғироқдан бўшамаяпти. Поликлиника, 1003 га қўнғироқ қилиш юклама кўплигидан 1 соатга яқин вақтни оляпти. Қўнғироқ қилиб, оддийгина савол берсангиз, атрофдагилардан ёрдам сўрагани 5 дақиқа йўқолиб кетди қайноқ нуқтада ўтирган мутахассис. Савол оддий эди: ёш боланинг иситмаси неччига кўтарилганда унга антибиотик бошлаш керак? Ахир болаларда ўпкага ўтиш тезда содир бўлади…Хўп, бироз бўлса-да одамларга қандай ёрдам бериш мумкин?

ИНСТРУКЦИЯ ЧИҚАРИБ! Мен коронавирус билан актив курашаётган давлатлар(алоҳида штатлари)нинг homeisolation instructionларини ўзим учун ўрганиб чиқяпман. Аммо мен шифокор эмасман, таржима қилганим билан тарқатиш хато бўлади. Лекин, қани бизнинг миллий соғлиқни сақлаш тизимимизнинг уйда даволанаётганлар учун якдил ЙЎРИҚНОМАСИ?!

Ўша йўриқномада оддий саволларга жавоб беришсин.
1. Симптомлар ҳақида тўлиқ ахборот.
2. Ёш қатламини инобатга олган ҳолда йўтал ва оғриқни камайтириш учун кўриладиган чоралар. (хорижий инструкцияларда енгил таъсир этувчи дорилар номи берилган)
3. Ўз соғлиғини ҳолатини қайд этиб боришга ўргатиш. Қандай текширувлардан ўтиш.
4. Қайси белгилар кузатилганда аҳволи ёмонлашган деб баҳолаш.
5. 103 га қайси ҳолатларда қўнғироқ қилиш керак.
6. Уйда ўзини қандай тутиш. 
7. Қандай овқатланиш.
8. Қайси касалликлар бўлганда қайси дори воситаларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш ва ҳоказо… 
(Кальций хлор, кальций глюконатни билмай олиб қонини қуюлтириб қўяётган ва аҳволи оғирлашаётган таниш-билишлар ҳақида эшитиб, тиббий саводхонлик масаласи жуда долзарблигини тушуняпман.

Хуллас, гап кўп, вақт оз. Албатта, информация интервьюларда бериляпти. Аммо улар тарқалиб, сочилиб ётибди. Қайсидир блогер ёзмасин, қайси дорини ичиш-ичмасликни. Кейин уни 1.5 млн обуначиси бор коронавирус-инфо канали эълон қилмасин текширмасдан туриб.

Расмий йўриқнома керак! ОАВда одамларни вирус тарқалиши кўпайганда айбланаверишини эшитавериш ҳам баъдга уриб кетди, рости. Бу ўз номи билан пандемия. Халқни айблашни бас қилиб, унга тўғри даволанишни ўргатиш вақти келган. Қолганини доимгидек ўзи эплаб олади.

журналист
Азиза Қурбонова

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: