Дунёдаги энг кекса аёл

Япониялик Канэ Танака энг узоқ умр кўриш бўйича дунё рекордини янгилади. 19 сентябрда онахоннинг таваллуд топганига роппа-роса 117 йилу 261 кун бўлди. Бундан олдинги рекорд натижани бултур 117 ёшу 260 кунлигида вафот этган яна бир кунчиқар юрт вакили Наби Тадзиме эгаллаган эди.

Канэ Танака 1903 йил 2 январда Фукока шаҳрида туғилди. Оиладаги саккиз фарзанднинг еттинчиси бўлди. 19 ёшида Хидэо Танакага турмушга чиқиб, 5 нафар фарзанд кўрди. Оиласи Иккинчи жаҳон уруши даврида гуручли нон сотиб кун кечирди. Аммо қирғинбарот уларнинг оиласини ҳам четлаб ўтмади, эри ва бир ўғли жанг майдонларида ҳалоқ бўлишди. Бева қолган Канэ болаларини боқиш учун дўконда ишлашни танҳо ўзи давом эттирди. Савдо-сотиқ билан 63 ёшида пенсияга чиққунга қадар шуғулланди. Сўнгра АҚШда яшовчи жиянларининг олдига кетди.

103 ёшида Канэ Танакага йўғон ичак саратони ташхиси қўйилди. Яхшиямки, организми чидамли экан, беш соатлик операциядан сўнг касалликни буткул енга олди. 107 баҳорни қаршилаган кезлари эса ўғилларидан бири унга бағишлаб китоб ёзди. Бу асарда таъкидланишича, онахон узоқ умр кўришининг асосий сабабини, биринчидан, ҳамиша тўғри овқатланганида, иккинчидан, меъёрида ва тинч-хотиржам ухлаганида деб билади. Ҳаётда доим яхши ният билан яшашни ва бахтли оила қуришни ҳам кўп яшашнинг пойдевори ҳисоблайди. 2019 йил 9 мартда Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. Ҳозир қариялар уйида яшамоқда.

Дарвоқе, Япония аҳолиси узоқ умр кўриш бўйича дунё рейтингининг энг юқори поғоналаридан мустаҳкам ўрин олган. 1963 йили бу мамлакатда 100 ёшдан ошган кишилар 153 нафарга, 1981 йили 1000 нафарга, 1998 йили 10 минг нафарга етган эди. Ҳозирга келиб уларнинг сони 80 минг нафардан ортди, шундан 88 фоизини аёллар ташкил этади.

Жорий йилнинг февраль ойида Гиннесс рекордлари китобида дунёдаги энг кекса эркак деб қайд этилган, Япониянинг Нигата музофотида истиқомат қилиб келган Титэцу Ватанабэ 112 ёшида вафот этди.

Ирода Жабборова

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: