Дунёдан узилган, 80 йилдан бери электр келишини кутаётган қишлоқдан репортаж

Жуда оддий. Сиз шу кунларда ҳам телевизор нималигини билмайдиган одамлар борлигига ишонасизми? Мультфильм нима деб сўрасангиз, ширинлик бўлса керак, деб жавоб берадиган беғубор болалар борлигидан хабардормисиз? Уруш давридан қолган шаҳарларда аллақачон музейлар бисотидан ўрин олган чўғ ва кўмир солиб ишлатиладиган дазмоллар, революция давридаги «солярка шамчироқ»лар бу ердаги оилаларнинг мулки эканидан хабардормисиз? 80 йилдан буён уйларига электр келиб бир бор бўлсада хонадонига ёруғлик киришини, невараларини қувонтиришини истаб, кейин ўлимга ҳам тайёр бўлган момолар, боболар борлигини ҳис қила оласизми? Дунёдан узилган қишлоқ ҳақида эшитганмисиз?

1bd33f7d-8170-4bb2-a32c-b6972272d03f.jpg

Агар сиз шундай қишлоқ борлигига ишонмасангиз, шу замонда ҳам цивилизациядан узилган қўналғаларда одамлар яшаётганини билмоқчи бўлсангиз, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманига келинг… Бу тумандаги мутасадди раҳбарлардан шундай қишлоқ борми, дея сўраб ўтирманг, улар ҳам билишмайди. Негаки, бу қишлоққа неча йиллардан буён на ҳоким, на депутат ва на бирор мутасадди борган эмас. Ҳатто шу маҳалла раиси ҳам бормаган бўлса керак шу қишлоққа… ***

76c3069e-6ce8-4faa-90df-0987518b4e70.jpg

Одамлар ўзига қонунан тегишли бўлиши керак бўлган нарсанинг берилишини йиллаб кутиши, илтимос қилиб сўраб ялиниши жудаям ачинарли. Фуқаронинг қонунан ҳаққи бўлган нарсани сўрагани учун койиб, унга таҳдид қилиши эса янаям ҳайратланарли.

«Шабнам» маҳалласи, «Вочах тоғ» қишлоғи фуқаролари бир неча йилдан буён Сариосиё тумани, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» акционерлик жамияти, Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиб, қишлоғини электр билан таъминлашни сўраб келадилар. Уларнинг сўнгги мурожаатларини эса ҳокимликдаги мутасаддилар ношукрлик, ҳоким ва мутасаддиларнинг юзига қум сепиш, деб баҳолашди. Ахир туғилганидан буён қоронғи хоналарда яшаб келаётган Вочах қишлоғи аҳолиси шунчаки уйларида лампочка ёниб туришини хоҳлашганди.

e1a4da3e-5e47-404c-84a9-e973ce542c0e.jpg

Одатда одамларнинг орзулари турлича бўлади, Вочах қишлоғи аҳлининг орзулари эса бир-бирига ўхшаш эгизак орзулар. Уларнинг ҳаммаси қишлоқлари электр билан таъминланишини кутиб яшайди. Вочахликлар газ йўқлигидан, йўллари абгор эканидан нолишмайди, газ сўраб масъулларни безовта қилишга ҳам хижолат бўладилар. Шунчаки электр берса, шунинг ўзи биз учун кифоя, дейишади.

6 км. масофадан электр тортиб келиш муаммо. Лампочка ёқишга омбудсман ҳам аралашган.

Вочах аҳолиси 2014 йилдан буён турли идораларга электр тармоғи ўтказилишини сўраб мурожаат қилиб келишади. Хатлар ҳатто Олий Мажлис Омбудсманигача оширилган, бироқ масала ҳал бўлмай, тегишли идоралардан турли баҳоналар «ижод» қилинган жавоб хатлари келаверган.

Мутасаддиларнинг йиллар давомида Вочах қишлоғини бирон маротаба бориб ўрганишга вақт топа олмаганларини тўғри тушунган ҳолда ЎзА мухбирлари қишлоқ дардини ўзларидан тинглаш учун йўлга тушди.

b23bbc98-188a-4b39-847b-0aac84de60e6.jpg

Баъзи ҳокимликлар халққа қанча қуруқ ваъда берсанг ҳам кам, улар яна сўрашдан қолишмайди, деб хаёл қилишса керак. Шунинг учун Сариосиё ҳокимлиги одатий ёлғон ваъдалар ўрнига оддий ёлғонларни ҳам ишлатиб турадилар. Масалан, бизнинг аниқлашимизча, мутасаддилар қишлоқни Сариосиё марказидан 90 километр узоқликда деб баҳона қилишгани нима учундир ҳақиқатга тўғри келмади. Вочах қишлоғи туман марказидан 58 километр узоқликда жойлашган экан. Яна мутасаддиларнинг қишлоқни электр билан таъминлаш учун 65-70 километр наридан сим тортиб келиш керак, деган важлари ҳам ёлғон бўлиб чиқди. 
Аниқлашимизча, Вочах тоғ қишлоғидан 6 километр нарида бўлган «Карш» аҳолиси электр тармоғига уланган экан. Буни қарангки, мутасаддиларнинг қишлоқ аҳли ўзбошимчалик билан тоғлар орасига кўчиб борган, у ерларда аввал одамлар яшамаган деган гаплари ҳам уйдирмалиги аён бўлиб қолди. Қишлоқ салкам беш юз йиллик тарих, қадимги масжид, авлиёлар ўтган қадамжолар ва қазилма топилмаларга эга эканлигига гувоҳ бўлдик. Назаримизда, ҳокимлик мутасаддилари Вочах аҳлининг 100 дан ортиқ хатларига курсидан турмаган ҳолда фантазияга берилиб, жавоб «ижод» қилишган кўринади.

ebec1e96-5a31-46a3-a803-7c5c2b7c8f97.jpg

Ўрнидан қўзғалиб, электр сими тортишдан кўра, ўтирган жойида баҳона топиш ҳокимлик учун қулай кўрингандир. Аммо, электрсиз яшаб келаётган, туғилганидан буён Томас Эдисон яратиб кетган кашфиётдан баҳраманд бўлмаган болалар нимани йўқотаётгани мутасаддиларни хавотирга солмаган. Вочахни электр билан таъминлаш учун бор-йўғи 6 километр наридан электр симини тортиб келиш керак, холос. Бу вазифа аслида мутасаддилар зиммасида бўлмаса-да, вочахликлар симёғочларни ўзлари ўрнатиб олишларини ҳам билдиришмоқда.

ҚИШЛОҚ АҲЛИ ҲУКУМАТДАН БИРОР МАРТА ЁРДАМ ПУЛИ ОЛГАНМИ?

Уйида оддий лампочка ёниб туришини орзу қилган қишлоқ аҳли шу вақтгача бирон марта болалар учун ёрдам пули ва бошқа моддий қўлловларни сўрамаган ва олмаган экан. Аммо, ер солиғини, ҳар қадамда булоқдан сув отилиб турган бўлсада, сув пулини ҳамда бирон марта ахлат машина келмаган бўлсада, ахлат пулини тегишли идораларга тўлаб келишади. 

Ҳукуматга зарари эмас, фақат фойдаси теккан фуқароларни ҳеч ким эшитаётгани уларни электр билан таъминлашни ўйлаётгани йўқ. Бир сўз билан айтганда, ҳукумат фуқароларнинг виждонан ёндашувига яраша жавоб қилаётгани йўқ. «Шабнам» маҳалла, Вочах қишлоғи одамлари маҳалла раисини умуман танимайдилар. Бу қишлоқдан на маҳалла раиси, на патронаж ҳамширалар келиб хабар олади. Тегишли мутасаддилар Ўзбекистон харитасида Вочах қишлоғи борлигини ҳам унутганлар ёки азбаройи, эътиборсизликдан билмайдилар.

Улар Сурхондарё вилоят, туман ҳокимлари, депутатларини ҳам танимайди. Ўз ўрнида ҳокимлик ва депутатлар ҳам бу қишлоқнинг мавжудлигидан умуман хабарсиз бўлса керак. Аёллар на сериал, на кино ва бошқа кўнгилочар кўрсатувни кўрмаган. Болалар мультфильмни мазали ширинлик бўлса, керак деб ўйлаб юришади. 

33be5dfd-965a-41ae-8850-a617f1868a56.jpg

ҚИШЛОҚ ЭМАС, ТАРИХ МУЗEЙИ… 

Биз қишлоққа гўёки оддий машинада эмас, вақт машинасида етиб боргандек бўлдик. Чунки Вочахда бугунги тараққиёт унсурлари умуман сезилмади. Аёллар уруш даври ёки ундан ҳам аввалги асрларни эслатувчи ҳақиқий ўт юк – ичига чўғ солинган дазмол ишлатадилар, болалар бўш вақтида мультфильм кўриш ўрнига тезак теради. Эркаклар қоронғи тушганда болалари дарс қилиши учун чироққа солярка етказишни ўйлайди.

Бизни лол қолдиргани – шундай оғир шароитда яшаса ҳам, қишлоқ аҳли турмушидан норози эмас, одамлар кулиб, ҳукуматдан миннатдорлигини сўзлайди. «Бизда ҳамма нарса бор, фақат электр етишмайди, холос», дейди Вочах аёллари гўёки кўп нарса сўраётгандек тортиниб. Бу содда, самимий аёллар ўчоқ боши, мол-ҳолга қараш, таппи қилишдан ортмайди.

2016 йилда Президент томонидан «Шабнам» маҳалласи «Вочах тоғ» қишлоғи оилаларига 14 та, мактабга 4 та қуёшдан энергия олувчи кичик батарейкалар топширилган эди. Буни қишлоқ аҳли тўй қилиб қаршилаган. Қурби етган батарейкаларга ишониб, телевизор сотиб олган. Аммо, 3, 4 ой ўтгач, батарейкалар қуввати тугаб, яроқсиз ҳолга келган ва яна одамлар қоронғиликда қолиб кетган. 

ЭЛEКТРСИЗ ҚИШЛОҚДАН ЧИҚҚАН ЭЛEКТРИК…

Қишлоқ ҳаёти замондан анча ортда бўлсада, вочахликлар орасида ўқимишли олий маълумотлилар кўп. Қишлоқ битирувчилари ҳар йили олий ўқув юртларининг талабаси бўлади. Вочахда Москва давлат университети талабалари ҳам бор. Бу қишлоқдан бирон эркак иш излаб, хорижга чиқиб кетмаган.

Тоғликларнинг дастурхони тўкин. 2017 йилда Ҳаж зиёратига бориб келган, вочахлик 80 ёшни қаршилаган Ҳожи она салкам 60 йилдан бери қишлоғига электр келишини кутаётганини айтади. Яна бир вочахлик йигит Термиз давлат университетининг энергетика факультети талабаси. У умуман электр кўрмаган қишлоқдан чиққан бўлажак электрик. Йигит Вочахга электр келса, қишлоқнинг биринчи электриги бўлишни ният қилган. Ҳокимиятдагилар қишлоқ аҳлини баҳона ва ёлғонлар билан овутсалар, тоғликлар қачондир уйларига электр токи келишини ўйлаб, режалар тузмоқда.

ОНЛАЙН ДАРСЛАР БУ ҚИШЛОҚҚА ЗАРБА БЎЛДИ… 

Пандемия даврида дарсларнинг онлайн тарзга ўтгани вочахликларга қаттиқ зарба бўлди. Талабалар электрсиз қишлоқда на телефон ва на ноутбук тута оладилар. Электр бўлмагач, интернет ҳам йўқ. Вочах худди ер юзидан ташқарида қолган ўзга сайёрага ўхшайди. Бугун интернет нималигини билмаган одамларни фақат ойдан тушган, деб ўйлаш мумкин. 
Вочахлик талабалар онлайн дарс қилиш учун 6 километр йўл босиб, нариги тоғ тепалигига чиқишлари керак. Кейин интернет элас-элас уланиб қолса, талабалар модулга кириб, рўйхатдан ўтиб қўя қолишади. Мактаб ўқувчилари эса телевизор орқали биронта ҳам теледарсларни томоша қилган эмас. Электр бўлмагач, интернет орқали дарс ҳақида ўйлаш ҳам кулгили. Вочах тоғ қишлоғида мактаб болаларига ўқитувчилар уйма-уй юриб дарс ўтиб келади.

“ҚИШЛОҚНИ ЧЎЛГА КЎЧИРИБ ЮБОРАМИЗ»

Вочах қишлоғи аҳолиси ҳокимиятдан кўп нарса талаб қилаётгани йўқ. Улар мутасаддилардан ҳуқуқий тарафлама таъминланиши шарт бўлган электр токини 40, 50 йилдан бери сўраб келади. Қишлоқ аҳли электр сўраб юқори инстанцияларга мурожаат қилиши уларнинг ҳуқуқи. Аммо, буни қарангки, электр етказиб беришга эринган мутасаддилар «Шабнам» маҳалласи «Вочах» қишлоғи аҳолисига «Электр сўраб, мурожаат қилаверсангизлар, қишлоқни чўлга кўчириб юборамиз», деб таҳдид қилиб келади. Бу фикрни Вочах қишлоғининг деярли барча оиласи тасдиқлади. 

Улар бунинг учун мутасаддилардан озроқ чўчиб қолишганини ҳам айтди. Бирон марта ёрдам пули талаб қилмай, тўкин яшаётган аҳолини электр сўрагани учун чўлга кўчириб юбориш ғояси қайси халқ хизматидаги мутасаддининг ғояси эканини ошкор этишни истамадик. Вочах аҳолиси кўп нарса талаб қилаётгани йўқ, улар тезак билан иситиладиган оддийгина пахса деворли уйларида чироқ ёнишини исташяпти, холос.

Анора СОДИҚОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Дунёдан узилган, 80 йилдан бери электр келишини кутаётган қишлоқдан репортаж

  1. Тугриси энергетика вазири булганида аввал узимни осиб кейин пешанамдан узимни отиб мурдамни узим екиб юборардим шу нарсалардан хабардормикан

Фикр билдириш

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: