ЭРГАШ КАРИМОВ. Ўзбек комедиясининг қироли. Ўзбек кино актёри ва қизиқчиси

Нима учун машҳур?

Ўзбекистон халқ артисти. “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби. Уни машҳур қилган фильм “Учрашув” номли телеминиатюралар тўпламидир. Бундан ташқари актёр “Тоҳир ва Зуҳра”, “Шум бола”, “Водиллик келин” каби фильмларда суратга тушган. Бугун актёр таваллуд топган кун.

Қандай машҳур бўлган?

Эргаш Каримов 1935 йил 26 октябрда Тошкентда туғилган. 1958 йил Тошкентдаги санъат институтини тугатган. Иш фаолиятини 1958 йилда Сурхондарё театрида актёр сифатида бошлаган. Ушбу театр саҳнасида “Шоҳи сўзана” спектаклида Қўзиев, “Уч баҳодир”да вазир ролларини ижро этган.

Ўзбекистон телерадиокомпаниясига ишга ўтгач, Саид Аҳмад ҳикоялари асосида тайёрланган постановкаларда қатор образларни яратган. Сўнгра ҳам актёр, ҳам режиссёр сифатида “Истиқбол эгалари”, “Ғазалхон ёшлигим” телекўрсатувларини, “Телеминиатюралар театри”ни ташкил этишда бош-қош бўлди. “Телеминиатюралар театри” халқ ўртасида жуда катта шуҳрат қозонган. Хусусан, “Лампа шиша”, “Пахтакор ютганда ва ютқизганда”, “Тошкент пиёласи”, “Жорж–морж” сингари миниатюралар халқ ўртасида машҳур бўлган. Булар Саид Аҳмад таъбири билан айтганда, “тўппончаниниг ўқи”дек ихчам, учқур, нишонга аниқ бориб тегадиган қувноқ интермедиялар бўлган.

Эргаш Каримов биринчилардан бўлиб режиссёрлик қилган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг эфирга узатилаётганига ярим асрдан ошган бўлса-да, ҳамон телеэрканларда.

Элимиз суйган актёр таниқли актриса Роза Каримова билан ҳаёт кечириб, бирга роллар ижро этишган. Эргаш Каримов 2009 йил 4 август куни вафот этган.

Машҳур нима дейди?

Буни актёр ижро этган роллардан уқинг.

ЭРГАШ КАРИМОВ. Ўзбек комедиясининг қироли. Ўзбек кино актёри ва қизиқчиси

Фикр билдириш