Ерости йўлагидаги аҳвол ҳамон ўша-ўша…

Сайтимизда “Пул номусдан афзалми” сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди. Унда “Қўйлиқ” деҳқон бозори ёнидаги ерости йўлагида тиланчилик қилаётган оққўрғонлик аёл ҳақида сўз юритилганди. Шундан сўнг маҳалла фуқаролар йиғини  кўмагида онахоннинг муаммолари бартараф этилиб, муаммо ижобий ечим топди.

Мана, ҳап-паш дегунча, орадан салкам ярим йил ўтди. Яқинда биз худди ўша ердан ўтаётиб, яна бир аянчли воқеанинг гувоҳи бўлдик. Аниқроғи, ерости йўлагида икки ёш аёл норасида фарзандларини боқиш илинжида одамлардан хайр-садақа сўраётганини кўрдик.

Сал нарида кузатилган ҳолат эса юракларимизни баттар тилка-пора қилди. Чунки   зинапоянинг қоқ ўртасига чўккалаб олган кекса отахон бемажол қўлларини чўзганча, баланд овозда ялиниб-ёлвориб садақа сўрарди. Манзилига шошаётган, пандемия авжига чиққанига қарамай, баъзилари ниқоб тақмаган, айримлари иягига тушириб олган катта-кичик йўловчилар қарияга қиё ҳам боқмай ўтиб кетишарди.

Тўғри, бировга меҳр-мурувват кўрсатиш-кўрсатмаслик, тиланчиларга пул ёки бошқа  нарса бериш-бермаслик ҳар кимнинг ўз иши. Бироқ бизни бошқа бир нарса қаттиқ таажжубга солади. Хўш, бу жувонларни ва отахонни кимлар бу кўйга солди? Учаласининг  тиланчилик қилишига нималар сабаб бўлди? Наҳотки, уларнинг ҳозирги ҳол-аҳволидан оила аъзолари ва қариндошлари, маҳалладошлари ва профилактика инспекторлари бехабар бўлишса?!. Бу ҳолат кексалари ҳурмат-эътибор топаётган, хотин-қизлари эъзозланаётган  юртимиз обрў-эътиборига путр етказмайдими?

Биз шунга ўхшаш саволларга аниқлик киритиш ниятида, аввало, бояги аёллар ва отахоннинг ўзларига юзландик. Аммо тайинли жавоб ололмадик, лоақал қаерда кимлар билан қандай яшашларини ҳам билолмадик. Фақат юзларида алланечук ғамгинликни кўриб, юрак-юракдан чуқур хўрсинганларини эшитдик.

Ўрни келганида яна бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман.  Бундай воқеалар рўй бераётган ушбу ерости йўлагининг зинапоялари яқинда таъмирланганди. Бироқ ўзларини  кичик тадбиркор ҳисобловчи айрим кишиларнинг шу ерда ноқонуний савдо-сотиқ билан шуғулланишлари туфайли, қачон қараманг, у тирбанд ва ғала-ғовурга тўла бўлади. Устига-устак, оёқ остида писта пўчоқлари, сақич қоғозлари, сигарета қолдиқлари сочилиб  ётади. Нега бунақа? Ёки бу йўлакдаги хатти-ҳаракатлар ва тартиб-интизомни назорат қиладиганлар, тозалик ва саранжом-саришталикни таъминлайдиганлар йўқми? Бўлсалар,  қаёққа қараяптилар, нега ўз вазифаларини сидқидилдан адо этмаяптилар? Ахир, “Назоратга олинди”, “Бажарамиз” қабилидаги қуруқ ваъдалар билан ўша ердаги вазият ўз-ўзидан ижобий томонга ўзгариб қолмайди-ку.

Бунга мутасаддилар қандай жавоб беришаркин?..

Нигора ЎРОЛОВА

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: