Есимхан ҚАНОАТОВ, журналист: “Динозавр тухумлари”ни кўрганмисиз?

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Назархан” овул фуқаролар йиғини ҳудудида, Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу автотрассасининг бўйидаги тепаликда сочилиб ётган юзлаб шарсимон тошларни кўп кўрсак ҳам унча эътибор бермаймиз. Дунёнинг баъзи давлатларида шу каби тошларни “динозавр тухумлари” дейишади.

Бу каби тошлар бежизга динозавр тухумига қиёсланмайди. Маълумотларга кўра, уларнинг ёши 50-60 миллион йилни ташкил этади.

Фанда “Моераки тошлари” деб ном берилган шарсимон тошлар геологик нуқтаи назардан олиб қараганда, кальций билан океаннинг минераллашган тузлар ҳамда созли тупроқ бирикишидан ҳосил бўлади.

Нукусдан 30 километр олисда жойлашган Амударё туманидаги ушбу тошлар Тэтис уммони эсдаликларидир. Миллион йиллар аввал уларнинг диаметри 2-2,5 метр  катталикда бўлган. Вақт ўтиши билан емирилиб, қобиқларини ечиб ташлаган. Ҳозирда буларнинг диаметри 0,3-0,5 метр атрофида. Бу каби шарсимон тошлар ҳозирда Янги Зеландия оролларида, Австралияда ва Қозоғистоннинг Манқишлоқ вилоятларида ҳам учрайди ва туристларнинг севимли масканига айланган.

“Назархан” овулида яшовчи Онгарбай оғанинг таъкидлашича, шундай шарсимон тошлар ҳудуддаги бошқа жойларда ҳам учрайди. Агар ушбу тошларнинг таги кавланса, қозондек келадиган қобиқлари чиқади. Маҳаллий аҳоли эса  қобиқларни уйларнинг фундаментини қуришда фойдаланиш учун қазиб олмоқда.

Баҳор келиши билан ушбу ҳудудлар ўзига хос ажойиб манзара ҳосил қилади. Сайёҳатчилар тошлар қошида селфига тушади. Нукуслик олим Юсуф Камолов эса кун илиши билан “динозавр тухумлари” сочилган тепаликларда дельтапланда учишни хўш кўради. Ёз ойларида эса яқин жойлардаги тузли кўлларга одамлар даволаниш учун ташриф буюради.

Агар мана шундай ажойиб масканларга чет эллик сайёҳлар ташрифини оширишга эътибор қаратилса, нур устига нур бўларди.

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: