Етти саволга етти жавоб

Фан­ – техника ривожи барча соҳаларга кириб улгурди. Бугун кафтдай телефонимизда ҳам олам­олам маълумотларни сақлашимиз мумкин. Хусусан, диний­маърифий иловаларни ҳам. Ана шу иловалардан фойдаланиш жараёнида юзага келаётган саволларни тўплаб, жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Саволларимизга Ангрен шаҳридаги “Облиқ” жомъе масжиди имом­ҳатиби Ҳусниддинхон Шарофхўжаев жавоб берди.

− Домла мобил телефонлардаги Қуръони Карим ва диний-маърифий китоб иловаларини ўқиш учун таҳорат керакми? Уларни телефонда сақлаш тартиби қандай?

− Таҳоратсиз одам Қуръонга қарамасдан ёддан ўқиса ҳам дуруст бўлади. Қуърони Каримни қўл билан ушламоқчи бўлса, таҳоратли бўлиш керак. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Уни фақат покланганларгина ушлайди” (Воқеа сураси, 79-оят)

Диний-марифий китоблар иловаларни ҳам телефонда сақлаш мумкин. Бу ҳам бир қулайлик ва биз мўмин мусулмонларга ўз манфаатимиз учун бир имкондир.

− Мобил илова орқали айтилаётган азонни тугамасидан ўчириб қўйиш мумкин эмасми?

− Бугунги кунда алҳамдулиллаҳ масжидларимизда 5 бор намоз вақтида овоз кучайтиргичларда азон янграйди. Мобил телефонларимизда ҳам намоз вақти кирганда азон айтувчи махсус иловалар бор. Агар киши жамоат жойда, масжидда, йиғинда, мажлисда бўлса, мобил телефонини овозини ўчириб қўйиши лозим. Агар унутган бўлса-ю, намоз вақти кириб телефонидан азон овози янграса жамоат жойда бўлганлиги учун уни ўчиради. Агар ўзи ёлғиз, бемалол ҳолатда бўлса, охиригача эшитгани яхши.

− Азон иловасида Мадина, Туркия азонлари деб ёзиб қўйилади. Уларнинг фарқи нимада?

− Бу Мадинада бошқа, Туркияда бошқа азон айтилади дегани эмас. Азон ўша 1400 йил аввал Пайғамбаримиз (с.а.в) даврларида жорий қилинган. Мадинада ҳам, Туркияда ҳам айтиладиган азон сўзлари бир хил. Фақат айтилишида, оҳангида фарқ бор, холос.

− Ижтимоий тармоқ профилларига Каъба ҳамда Пайғамбар масжиди суратлари, оят ва ҳадислар жойлаш урф бўлмоқда. Уларнинг ҳукми қандай?

− Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим” деб, қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: “Амаллар ниятларга кўрадир”.

Демак, амаллар ниятларга боғлиқ экан. Ҳар бир кишига ният қилган нарсасигина насиб бўлади, ибодатда ҳам, бошқа амалларда ҳам худди шундай.

− Телеграм мессенжери орқали тез-тез “Ушбу хабарни 10 ёки 15 та одамга юборсангиз бахт келади. Йўқса, фалокатга учрайсиз!” каби хабарлар тарқалиб қолади. Бу ҳолатга қандай муносабат билдириш керак?

− Бу хабарлар қуруқ сафсата. Бундай бемаъни ишлар билан одамларнинг вақтларини олмаслик керак. Аввало, эътиқодимизни тўғирлашимиз керак. Биргина СМСни 10-15та одамга жўнатиб, одам бахтли ёки бахтсиз бўлиб қолмайди.

Баъзи бир хабарлар келади. Уларда “Агар онангизни яхши кўрсангиз мана шу СМСни 15 та одамга юборинг, онангизни соғлиғи учун, хурсанд бўлиши учун” деган кулгили жумлаларни ҳам кўриб қоламиз. Онасини яхши кўрганини шу СМС билан исботлайдими? Бундан кўра онасининг айтган вазифаларини қилиб, одобли фарзанд бўлса, онаси хурсанд бўлади. Бир бекорчи жўнатган СМСни бошқаларга жўнатиш билан аҳмоқгарчиликни давом эттирмайлик.

− Ижтимоий тармоқлар орқали ахлоқсиз аудио, видео ва фотоларни кўриш ҳам гуноҳми?

− Ижтимоий тармоқларда беҳаё видеоларни кўрган ва аудиоларни эшитган инсон қаттиқ гуноҳкор бўлади. Фаҳш акс эттирилган видеони кўришлик бу назар зиноси (кўз зиноси) бўлади. Назар зиноси бу − ишвакор, ҳирсманд, шаҳвад ҳисси билан назар ташлашда ўз ифодасини топади. Ҳозирги кунда харом, фаҳш йўллар билан бойлик орттириш илинжида бўлган кимсалар бу йўлда ойнаи жаҳон ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишаётгани аянчли ҳол. Беҳаё аудиоларни эшитиш эса эшитиш зиносидир. Эшитиш зиноси − беҳаё суҳбатларга қулоқ тутиш билан юзага келади.

Аллоҳ таоло бандаларини зинога яқинлашишдан ва зинога сабаб бўладиган ишлардан қайтариб шундай дейди: “Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир” (Ал-Исро сураси, 32).

− Ижтимоий тармоқлардаги қонуний ва ишончли фаолият юритаётган диний-маърифий сайт ва каналлардан қайсиларини кузатиб боришни маслаҳат берасиз?

− Бугунги кунда Мусулмонлар идораси тасарруфидаги сайтлар жуда ҳам кўп. Ҳар бир вилоят вакилликлари ўз сайтларига эга. Булардан Muslim.uz Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг расмий сайти. Fitrat.uz Тошкент  вилоят вакиллигининг расмий сайти, Islom.uz сайтлари ишончли ва юртдошларимиз улардаги манбалардан бемалол фойдаланишлари мумкин.

Шунинг билан биргаликда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китоблардан ҳам фойдаланиш жоиз.

− Вақт ажратиб ёшларимизни қизиқтирган саволларга ишончли жавоблар берганингиз учун ташаккур. Мухлисларимизга дил сўзларингиз бўлса марҳамат…

− Бугунги кунда мамлакатимизда диний ислоҳотлар жуда кенг миқёсда амалга оширилмоқда. Ватандошларимизга, ёшларимизга шуни айтишимиз керакки, ижтимоий тармоқларда ўзларига ном танлаб бўлиб бу масала бундай бўлади, буниси бундай деб, олимларнинг ишларини, улар ижмо қилган фатволарни ботил қилишга ҳаракат қилаётган баъзи бир адашган кимсаларнинг сўзларига эмас, балки жилд­жилд китоблар ёзган, соф ислом динини ўрганган олимларга эргашишларини тавсия этаман. Телеграм мессенжерларида келадиган ишончсиз манбаларни ўқиб дунёқарашлари ўзгариб, бу бундай бўларкан, деб биргина нотўғри маълумотни билиб олиб, жамоат жойларда иҳтилофлар келтириб чиқаришдан тийилсинлар. Балки олимлар, илм аҳиллари ёзган китоблардан ва юқорида зикр қилган интернет сайтларидан билиб, уларга амал қилиб, Аллоҳ таоло олдида ажру савобларга эга бўлсинлар.

Отабек Бакиров суҳбатлашди

Агарда Сиз сайтда хато кўрсангиз уни белгиланг ва Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Фикр билдириш

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Хатолик тўғрисида хабар

Таҳрирловчига юбориладиган матн: